Ҳар ишда қаноатли бўлайлик
5884
10-11-2021, 15:46
261
Ўқиш режими
+
-
Бир донишманддан одамлар:“ Қаноат нима?” деб сўрашибди. Шунда донишманд:“Қаноат берилганига рози бўлиб, неъматга шукр қилиш ва бошга келган балоларга сабр қилишдир” деган экан.
Хўш қаноат нима?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қаноат сўзи:“Қаноат- арабча сўз бўлиб, у мамнунлик, борига шукр қилиш, қаноатлик, камсуқумлик” деб изоҳ берилади.
Аслида нарсаси кўп бой эмас, балки қаноати бор одам бойдир. Агар нафси бой бўлса, у таъмадан тийилади ва азиз бўлади. Очкўзлик инсонни разил ишга ундайди. Очкўзлик энг ёмон одатдир. Инсон очкўз бўлса, у оч бўридек нарсага ташланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дедилар:“Кишининг мол-дунёга бўлган ҳирси икки оч бўрининг қўйга ҳужум қилишидан ёмонроқдир”, дейилади. (Термизий ривояти)
Инсон доимо ўзидан пастга қараса, бечора ва ожиз бўлиб қолиши мумкинлигини ўйласа, борига қаноат қилади. Инсон учун, Аллоҳ таолонинг берган куни ва едирган ризқи катта давлатдир. Инсонннинг бахт-саодати қаноатли бўлишда ва яратган зотнинг берганига рози бўлишликдир. Луқмони Ҳаким фарзандларига: “Эй фарзанд, қаноат бойликдир. Очкўзликдан сақлан. Зеро, очкўзлик камбағалликдир” деб насиҳат қилган эканлар.
Инсон ўз тақдирига рози бўлиб, еб-ичиш каби ишларда тежамкорлик билан ўртача иш кўриш қаноат саналади. Қаноатнинг акси исрофгарчиликдир. Ҳар бир ишда муъайян меъёрдан ошиш исрофдир. Қаноатни нотўғри тушунмаслик керак. Қаноат мутлақо озлик билан чекланиб танбалликда яшаш дегани эмас, балки ҳирс билан ҳаракатланишдан сақланиб, берилган ризққа рози бўлиб, кўнгил ҳузур ҳаловати билан яшаш демакдир. Бир қанча ўғрилик ва жиноятлар қаноатсизлик оқибатида келиб чиқади.
Қаноат шундай хазинаки, у ҳеч вақт камаймайди. Бу хазинага эга бўлган киши умрини шавқ ва роҳатда кечиради. Бу билан қаноатсизликдан пайдо бўладирган ҳасад деган инсоннинг энг зўр душманидан қутилади. Хазина эгасига ўхшаб шараф ва ҳузур-ҳаловатда яшайди.
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими