Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига биноан 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Лойиҳа доирасида вилоятимизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 184 та жоме масжидлар ҳудудида дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари фаол олиб борилмоқда. Динимизда ерларни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Муқаддас манбаларда боғлар ва далаларнинг ҳосили Яратганнинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Зеро, кўчат экишлик улуғ ва савобли амаллардан саналади. Мазкур савобли, эзгу лойиҳани давом эттириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги томонидан диний соҳа ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча масжидлар ҳудудида ўзининг иқлимидан келиб чиққан ҳолда мутахассисларни жалб этилиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтказиш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди ва кўчат экиш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, биргина Қарши шаҳридаги “Кўк гумбаз” марказий жоме масжиди ҳудудига 500 дона манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш режалаштирмоқда. Ҳозирда мазкур масжид ҳудудида мутахассислар жалб этилган ҳолда 150 дона дарахт кўчатлари экилиб бўлинди, қолган 350 дона кўчатларни экиш учун кўчатлар ўрни қазилиб чиқилмоқда. Шунингдек, вилоятнинг Шаҳрисабз шаҳар ва тумани, Касби туманларида мазкур тадбирлар жадал суръатда амалга оширилмоқда.
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги матбуот хизмати