Бугунги кунда Қуръони карим таржимаси ва тафсири юртимиз уламолари томонидан амалга оширилиб, халқимизга тақдим этилди. Шундай экан, барчамиз имкони борича ўқиётган оятларимизнинг маънолари таржимасини, тафсирини ўқишимиз, Аллоҳнинг муборак сўзларини ҳар биримиз, бизга айтилаётганини ҳис қилишимиз лозим.
Шу ўринда эслатиб ўтишимиз лозимки, Қуръони каримнинг маънолар таржимасини ўқиб олиб, ундан ўзича ҳукм чиқариш оддий инсонларнинг иши эмас. Балки бу мужтаҳид олимларнинг вазифаси саналади. Бунинг учун Қуръон ва ҳадис илмини, оятларнинг нозил бўлиш сабабларини, носих-мансух, мутлақ ва муқайяд, омм ва хос каби усулул-фиқҳ қоидаларини пухта билиши ва улардан ўз ўрнида фойдалана олиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўз фикрича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Сизу биз каби илмда бу даражага етмаган оддий мусулмонларда бирор ояти кариманинг мазмуни борасида савол пайдо бўлса, дарров уламоларимизнинг ёзган тафсирларига мурожаат қилишимиз айни муддао ҳисобланади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, истиқлол шарофати билан Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржима ва тафсирлари кутубхоналаримизда зиёдаси билан мавжуд. Зеро, аждодларимиз бундай имкониятларни орзу қилишарди. Биргина мисол: Собиқ иттфоқ даврида, аниқроғи 1956 йили Қуръони каримнинг илк туркий (эски ўзбек тилидаги) таржимаси Саудия Арабистонидаги ватандошимиз Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхон тўра) томонларидан таржима қилиниб, бизнинг ўлкага саноқли нусхалар олиб келинган. Ўша пайтда ушбу китобнинг нархи ўта қиммат (ўртача бир ҳўкизнинг нархида) бўлишига қарамасдан, илмга чанқоқ халқимиз уни олиб, кўзларига суртиб, мутолаа қилишган эди.
Ҳозирги кунда уламоларимиздан Шайх Алоуддин Мансур, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Абдулазиз Мансур, Шайх Усмонхон Темурхон ўғли (Аллоҳ ўтганларини раҳматига олсин) тафсир ва таржималари қайта-қайта нашр этилмоқда. Булардан ташқари, домла Мавлавий Ҳиндистоний, Маҳбубий-Марғилоний, Шамсиддин Бобохонларнинг таржималари ҳам нашр қилинган. Уларни олиб, Аллоҳ таолонинг оятларини чуқур мушоҳада билан ўқиб ўрганишимиз, фарзандларимиз ва оила аъзоларимиз билан биргаликда унга қўлимиздан келганча амал қилишимиз айни муддаодир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримни тилга енгил, ўқишга осон, ёд олинишни қулай, такрор қилишни эса ёқимли қилган. Ҳар қандай матн ёки шеърни ўқиган одам ундан малолланиши мумкин. Лекин Қуръонни ҳар қанча такрор ўқисангиз ҳам малолланмайсиз, зерикмайсиз. Ушбу хусусияти ҳам – Қуръони каримнинг мўжизаларидан биридир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِنْ مُدَّكِرٍ
(سورة القمر 17)
яъни: “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” (Қамар сураси 17-оят).
Ҳар биримиз доимо ўзимизни ривожлантиришимиз, илмий даражамизни оширишга ҳаракат қилишимиз лозим. Бугун Қуръонни тартил-тажвид билан ўқувчи ҳофизи Қуръон бўлса, эртага унга амал қилувчи ҳомили Қуръон бўлишга интилиши керак. Зеро, динимиз мўмин-мусулмоннинг кечасидан кўра бугуни, бугунидан кўра эртаси яхши бўлишига буюради.
Қуръони каримни тиловат қилишда араб имлосида, тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиш лозим. Энг камида намозлик учун керак бўладиган қисқа сураларни тўғри ўқишни ўрганиб олиш керак. Шунинг учун ҳам уламоларимиз тажвид илмини ўрганиш фарзи айндир, дейишган. Аллоҳ таоло:
وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا
(سورةُ الْمُزَّمِّل 4)
яъни: “...Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг”, – деб буюрган (Муззаммил сураси 4-оят).
Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ Қуръонни нозил бўлганидек ўқилишини хуш кўради”, – деганлар (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори мукаррам элчи фаришталар билан бир мақомдадир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Аслида Қуръони карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзлар талаффузи тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади.
Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари қошида Қуръон карим ва тажвидни ўргатувчи ўқув курслари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Қуръони каримнинг Қозон босмасини нашр этиш ишлари ҳам режалаштирилмоқда. Қолаверса, тажвид илмини мустақил ўрганувчилар учун Диний идорамиз томонидан онлайн дарслар, махсус қўлланмалар ва уларнинг аудио-видео дарсликлари нашр этилган бўлиб, шулар асосида Қуръон ўқиш қоидаларини ўрганишингиз мақсадга мувофиқ.
Қуръон тиловатига оид айрим масалалар:
– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Қуръонни ёддан ўқишда таҳорат бўлиши шарт қилинмаган.
- Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам ўқиши мумкин эмас. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади.
- Қуръони каримни ерга қўйиб бўлмайди. Балки ўтирганда кўкраги баробаридаги баландликка қўйиб ўқийди.
- Намоздан ташқари ҳолатда ҳам Қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳабдир.
- Қуръонни ўқиш ибодат бўлса, уни тинглаш, қулоқ тутиш вожиб амал саналади. Овоз чиқариб тиловат қилинаётган жойда гаплашиш ёки тиловатга эътибор бермасдан бошқа иш билан машғул бўлиш Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизликдир.
- Қуръонни каримни араб имлосида ўқиш тиловат саналади. Шундай экан, уни ўзбекча таржимасини намозда ўқиш мутлақо жоиз эмас.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг муборак Каломига ошиқлардан қилсин! Уни эртаю кеч тиловат қилиб, тадаббур қиладиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин! Охиратда Қуръони карим шафоатидан барчамизни насибадор айласин!
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди