Мотурудия ақидаси асослари
5902
13-11-2021, 14:42
1 399
Ўқиш режими
+
-
Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ бобомизнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорийдир. Ҳар бир тарихий шахснинг ҳаётини ўрганишда унинг яшаган даврини синчиклаб кўриб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади. Имомул–ҳудо (ҳидоятга элтувчи имом), Қудвату-аҳлис-сунна (аҳлис-сунна пешвоси), Мусаҳҳиҳу ақоидил-муслимин (мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчиси), Имомул мутакаллим (калом илми олимларининг пешвоси), Рабибу аҳлис-сунна (аҳли сунна вал-жамоа тарбиясини олган), Ал-Имом аз-Зоҳид (дунёни тарк этган имом), Аш-Шайх ал-Имом каби шарафли унвонлар соҳиби Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганар эканмиз, Аллоҳнинг мислсиз қудрати кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бундан Мотуридий яшаган даврнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолати ва вазияти шундай улуғ мутафаккирга эҳтиёж сезаётганини англаш мумкин.
Имом Абу Мансур Мотуридий яшаган давр аббосийлар давлати ҳукмронлигининг иккинчи босқичи, яъни IX асрнинг охири X асрнинг бошлари, аббосийлар давлатининг парчаланаёган вақтига тўғри келди.
Ислом олами катта фитналардан бири бўлган қарматийлар фитнаси билан юзлашган бир пайт эди. Энг ачинарлиси қарматийлар 318/930 йил ҳаж мавсумида Маккага ҳужум уюштириб, уни талон- тарож этганлар. Зиёратга борганларни ўлдиришган, бир қисмини қул қилишган, у ердаги “қора тош”ни парчалаб, ўлжа қилиб олиб кетиш даражасида қабиҳликларга боришган. Бундан кўриниб турибдики, бизнинг уламоларимиз қарматийлар оқимининг тарқатаётган ғоялари нафақат ўз даври, балки, келажак авлод учун ҳам катта талафотларга олиб келишини англаб, ўз вақтида керакли муолажаларни олиб борганлар.
Юқоридагилардан ташқари Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда ислом оламида ақида масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий етишиб чиқиб, ўзининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккури билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзининг бор салоҳияти ва куч - қувватини аямади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у зот Қуръони карим ва суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар.
Маълумки, ақиданинг асослари, арконлари ва бандлари Имом Мотуридийгача ҳам маълум даражада шаклланган эди. Ақида илми тобеъинлар давридан бошлаб, яъни ҳижратнинг иккинчи асрида мустақил фан сифатида зоҳир бўла бошлаган. Машҳур тобеъинлардан Ҳасан Басрий (21-110 ҳ.) ақида масалалари бўйича дарс айтгани, мўътазила оқимининг бошланиши ҳам ўша пайтда рўй бергани тарихий манбалардан маълум. Абу Ҳанифа (Имом Аъзам) яшаган даврда эса ислом ниқоби остида турли оқим ва фирқаларнинг юзлаб турлари юзага келганди. Улар билан курашиш учун эса ақида мустаҳкам бўлиши зарур эди. Бундай долзарб масалага Абу Ҳанифа бефарқ қараб тура олмаганлар, балки ақида фанига оид биринчи асар - «Фиқҳи акбар», Усмон ал-Баттий (ал-Бустий)га ёзган раддияси, бешта васиятномасини ёзиб қолдирганлар. Демак, мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) нафақат фуқаҳолар пешвоси, балки ақида ва илми каломга ҳам асос солган буюк сиймолардан бўлганлар. Шайх Абу Мансур ҳазратлари диний таълимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олганлари ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга эканликларига ёзиб қолдирган асарлари гувоҳлик беради.
Шайх яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси — оят ва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеъинларнинг ижмо ва ижтиҳодлари, яъни нақлий далиллар. Иккинчиси — ақлий далиллар. Шайх Абу Мансур эса бошқаларга тақлид қилмадилар, балки нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқардилар. Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади.
Ваҳоланки, салаф уламоларининг кўпчилиги бу далилларни тан олмас эдилар, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланардилар. Шайхимиз эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда истифода этиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилган эканлар.
Дарҳақиқат, нақлий далилларни яхши англаш учун ақлий далилларни ҳам пухта билиш шартлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, Шайх кўп жойларда инсон ақли жуда кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқдириб ўтадилар. Шу билан бирга, ақлнинг Аллоҳ томонидан ато этилган энг буюк мислсиз неъмат экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтадилар.
Абу Мансур Мотуридий мусулмонларни тарқоқликга олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда биринчилар сафида бўлдилар.
Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифатли бўлдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонининг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги ҳанафий уламоларига шогирд тушдилар. Имоми Мотуридий даври билан бугунни боғлайдиган нарса нима, улар ўртасидаги ўхшашлик қандай намоён бўлади?
Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофир”, “сен мунофиқ” каби даъволар кўпайгандан кўпайди. Шу даврда Имом Мотуридий бизнинг диёрларда етишиб чиқиб Аҳли сунна вал жамоа ақидасини баён қилиб, халққа тушунтирдилар, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтарди.
У зотнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, ислом умматини яна қайтадан жамлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди. Бугунги кунимизда ҳам ўтмишдаги каби ислом умматида бўлиниш, фирқаланиш ўзгани куфр ва нифоқда айблаш борган сари кўпайиб бормоқда.
Ўтмишда улуғ боболаримиз қилгани каби ҳар биримиз умматни бирлаштириш, иттифоқ қилиш ҳаракатида бўлайлик. Бунинг учун Имом Мотуридий бобомиз тутган йўлга бирлашиб, бир-биримизга бағрикенглик қилиб, "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ", деган кишиларни тек қўяйлик, уларни куфр, нифоқ ва ширк билан айбламайлик. Ахир улуғ бобокалонимиз ўз даврларида бу нарсаларга қарши қандай кураш олиб борган бўлсалар барчаси кучли далил ва ҳужжатларга асосланган ҳолда олиб борилганлигини барча тан олдику?.
У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.
У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлганлар. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Таъвийлоту аҳлис-сунна” номли тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар. У киши Аҳли сунна вал жамоа йўлини қўллаб-қувватлаганлар.
У кишининг таълимоти мўътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган.
Мотуридий бобомиз шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (ҳанафия мазҳаби асосида) ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади.
Мутакаллим ислом илоҳиётидаги қазо ва қадар (инсон тақдири) ҳақида ҳам мулоҳазаларини баён этган. У инсонда танлаш эркинлиги бор деган иборани қўллаган. аллома инсон қандай йўлни танлаши ўз ихтиёрида эканига алоҳида урғу беради.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизмати аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:
- Абу Муҳаммад Боҳилий муътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) номли китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);
- Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) номли китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);
- Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) номли китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);
- Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) номли китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) номли асарлар ёзган.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ақиданинг асоси бўйича Аллоҳ таолога иймон келтириш бўйича “Тавҳид” номли китоб ёзган. Бу китоб Имом Мотуридийнинг “шоҳ” асари ҳисобланади. Бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Мотуридия ақидаси асослари Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган.
М. Қораев, Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби