Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний, маънавий, ахлоқий тарбияланишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис ёшлар тарбияси бугунги кунда ҳар бир ота-она, мураббийларнинг асосий вазифаларидан бири бўлмоғи керак. Унга бурч ва маъсулият нуқтаи назаридан ёндошишни маънавий ва жисмоний соғлом авлодни шакллантириш гаровидир. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Соғлом инсон деганда биз фақатгина ахлоқий, шарқона этник қоидаларига таянган ҳолда, энг юксак анъаналар руҳида тарбияланган инсонни назарда тутамиз” деган фикрлари жуда оқилона айтилгандир. Руҳан ва жисмонан соғлом бўлган бола маънавий, ахлоқий ва ақлий камолотга эришиши мумкин. Чунки, ҳар бир инсоннинг, ҳар бир оиланинг, жамиятимизнинг муқаддас вазифаси қобилиятли фарзандларни ўстириш, уларни жисмоний ва маънавий етук, ота-онасига, Ватанига содиқ инсонлар этиб тарбиялашдан иборат.
Маълумки, халқимизда “уйдаги гап кўчага тўғри келмайди”, деган гап бор. Яъни ҳамма нарсани ҳам ошкора гапириб бўлмайди. Аммо халқимизнинг асрлар давомида шаклланиб келган ана шундай маънавий-маданий қадриятларига ҳам ахборот ҳуружлари орқали зарба бериб, бизни заифлаштириш, ўзлигимиздан мосуво этишга уринаётган кучлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бунга мисол қилиб “оммавий маданият”, “истеъмолчилар жамияти” деган жозибали ниқоблар остида миллий менталитетимизга зид бўлган, инсонни яратувчанлик кайфиятидан маҳрум этадиган хавфли кўринишларни келтириш мумкин. Шу тариқа ахборот ҳуружлари инсон қалби ва онгини эгаллаб, уларни издан чиқарадиган салбий мафкуравий таъсир воситасига айланмоқда.
Бугунги кунда ёшларнинг аксарияти ундан фойдаланяпти, бўш вақтларини интернет-клубларда ўтказяпти. Кишини ташвишга соладиган томони шундаки, ёшларимиз бизнинг эзгу ғояларимизга қарши бўлган баъзи бўҳтон гаплар, ахлоқсизлик, беҳаёлик иллатларини интернет орқали кўриб, билиб-билмай уларнинг таъсирига берилиб ҳам қоляпти. Айниқса, турли беҳаё сайтлар ёшларнинг онгини бузишга қаратилган ахлоқсизлик ҳуружи экани шубҳасиз. Интернет ўйинларига мўлжалланган шахобчаларда кўп ҳолларда жангари, одам ўлдиришни тарғиб қиладиган ўйинларни ўйнаётган мактаб ўқувчиларини учратамиз. Бундай ҳолатлар ҳаммамизни ташвишга солиши керак.
Ҳазрат Алишер Навоий: “Олдиға қўйғонни емак ҳайвонни иши, оғзиға келғанни демак нодонни иши” –дея, шахс руҳиятига, идрокига тавсиф берган. Шундай юксак тафаккурли аждодларимизнинг муносиб ворислари сифатида глобаллашув шароитида миллий инсонпарварлик ғояларимизни мустаҳкамлашда ҳар бир шахс қабул қилинаётган ахборотни ҳар жиҳатдан мулоҳаза қилиб, ўз онгида психологик синтез-анализдан ўтказиб, ахборот, ахборотнинг мавзуси, мавзунинг ғояси, ғоя ортидаги мақсадни англаб етган ҳолда тўғри хулоса чиқара олиш керак.
Бугунги кунда ёшларимиз турли хил ахборот ҳуружларидан огоҳ бўлиб, ҳар бир масалага ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб ёндаша олишсагина, улар ахборот ҳуружи қурбони бўлиб қолмайди ва буюк келажагимизнинг ҳақиқий бунёдкорига айланади.
Улуғбек Аминов,
Касби туман бош имом-хатиби