Тарбия ҳар доим ҳам муҳим масала бўлиб келган. Таълимдан мақсад ҳам аслида тарбиядир. Абдулла Авлоний "Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир" деб айтган. Буюк маърифатпарвар ва таълим-тарбия фидояиси Абдулла Авлонийнинг бу сўзлари ўз вақтида нақадар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.
Аллоҳ субҳанаҳу бандаларига элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башоратчи, огоҳлантирувчи ва Аллоҳга унинг изни билан даъват қилувчи, нур сочувчи чироқ қилиб юборди. У зотга ҳидоят, таълим ва ислоҳ китоби бўлмиш Қуръонни нозил қилди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
«У (Аллоҳ) омийлар (яъни илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга Қуръон оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб - Қуръон ва Ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни) юборган зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига пайғамбар келишидан илгари) очиқ залолатда эдилар». (Жумъа: 2)
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари учта асосни ўз ичига олади: Аллоҳнинг ваҳйини етказиш, гуноҳлардан поклаш ҳамда таълим бериш.
Поклашдан мақсад, исломни тадбиқ этиш, унинг буйруқларига бўйсуниб, қайтарганларидан тийилиш йўлида нафсни тарбиялаш ҳамда ислом чақираётган фазилатли хулқлар ва юксак одоблар билан хулқланишдир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг нафсларини тарбиялаш ва поклаш вазифасини гўзал равишда адо этдилар ҳамда уларга исломий одобларни ўргатдилар. Ниҳоят, улар зўравон ва қўпол кишилардан меҳрибон, гўзал хулқли ва мулойим инсонларга айландилар. Хулқи Қуръон бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳулқларидан намуна олдилар. Саҳобаи киромлар ҳам исломни тарқатишда ўз вазифаларини адо этдилар. Улар ўз шогирдлари бўлган тобеинларга илмдан олдин одобни ўргатишга ҳаракат қилар эдилар. Улар талаба учун энг аввало керак бўладиган ахлоқни, қолаверса ўзи, оиласи, устозлари, ёру биродарлари ва атрофидаги барча инсонлар билан муомала қилиш одобини таълим берар эдилар. Саҳобалардан кейин бу вазифа тобеинларга ўтди. Улар ҳам ўз шогирдларига одоб ва илмда устоз бўлдилар. Бу анъана авлоддан авлодга шундай давом этиб кетаверди. Улар илмни таълим олгандек одобни ҳам таълим олар эдилар.
Хатиб Бағдодий Молик ибн Анасдан ривоя қиладилар. У киши айтадиларлар: «Ибн Сийрин бундай деганлар: «Улар (саҳобалар) илмни таълим олганлари каби ҳидоятни ҳам таълим олар эдилар».
Молик, Ибн Шиҳобдан ривоят қиладилар. У киши бундай деган эканлар: «Бу илм Аллоҳнинг одобидир. У билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ўрнида умматларига одоб бердилар. Бу Аллоҳнинг ўз Росулига бошқаларга етказиши учун берган омонатидир. Кимда – ким бирон илмни эшитса, уни ўзи билан Аллоҳ азза ва жалланинг ўртасида ҳужжат қилсин».
Иброҳим ибн Ҳубайб айтадилар: «Отам менга бундай дер эдилар: «Эй ўғлим, фақиҳ ва олимларнинг олдига бориб, улардан таълим олгин ҳамда уларнинг одоб – ахлоқлари ва кўрсатмаларини олгин. Зеро бу иш менга сенинг кўп ҳадис ёдлашингдан кўра маҳбуброқдир». (Юқоридаги манбадан)
Ибн Муборак айтдилар: «Муҳаммад ибн Ҳусайн менга бундай дедилар: «Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтождирмиз».
Закариё Анбарий айтадилар: «Одобсиз илм ўтинсиз олов кабидир. Илмсиз одоб эса жасадсиз руҳ кабидир».
Молик ибн Анасдан ривоят қилинади. Оналари уларга бундай дер эканлар: «Робиъанинг олдига бор. Унинг илмидан олдин одобини ўрган».
Юсуф Хос Ҳожибнинг ушбу "Тарбия - таълимнинг асосидир" деган ҳикматбаҳш гаплари нақадар тўғри ва ҳақиқат эканлиги бугунги кунимизда яққол кўриниб турибди. Зеро, бугунги илми фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асосида туриши шартдир. Шундай экан илм-фан ва таълим тарбия асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Бугунги куннинг ўқитувчи ва муаллими ўзи таълим бераётган шахсга фидойилик билан таълим бериш билан бир қаторда ҳам жонкуяр тарбиячи бўлиши лозим. Аввало муаллимнинг ўзи одоб-ахлоқли бўлиши ва уни мукаммал эгаллашга ҳаракат қилиши керак.
Ўткир МАҲМУДОВ
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси