1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Огоҳ бўлинг! Ёвуз кучлар ўта маккордир

17-11-2021, 11:04 150 Ўқиш режими + -
Бугунги кунда муқаддас ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бормоқда. Шу маънода, халқимиз маънавиятини юксалтириш, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашда унинг таъсирини сақлаш мақсадида муқаддас ислом динимизни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш олдимизда турган вазифалардандир.
Ўз манфаатлари йўлида муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган халқаро террорчи кучлар ўта маккор ва ёвуз услубларни қўллаётган бугунги мураккаб вазиятда ҳаётнинг ўзи халқаро ҳамжамият, жумладан, минтақамизда жойлашган барча давлатлардан бу балога қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришни, бир ёқадан бош чиқариб, бундай уринишларга кескин зарба беришни, ҳар қандай тажовуз ва террорчилик хуружларининг олдини олиш, уларнинг мафкуравий заминини йўқотиш ва аввало, ёшларимизнинг қалби ва онги, соғлом тафаккури учун курашни тақозо этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги замонда ҳамма нарсадан норози, аламзада, ўзининг ғаразли мақсадларини устун қўядиган кишилар кам эмас. Лекин, биз бир муҳим масалага алоҳида эътибор беришимиз зарур. Юртимизга қарши бундай тажовуз ва қўпорувчилик хуружларини ташкил қилиш нияти билан юрган кучларнинг тузоғига тушганларнинг аксарияти биринчи навбатда оилада ҳам, мактабда ҳам жиддий таълим-тарбия олмаган ёшлардир. Улар ижобий маънодаги ворислик, яъни авлоддан авлодга ўтиб борадиган ибратли анъаналардан йироқ, муҳити носоғлом бўлган оилаларда ўсган, омади юришмаган, ҳаётда ўз ўрнини топмаган, жамият эътиборидан четда қолган ўсмирлардир. Уларнинг кўпчилигини ҳатто ўрта мактабни битиришга ҳам ақл-идроки, кучи етмаган кимсалар ташкил қилади. 
Ватанини, юртини, виждонини сотган бундай кимсалар ўз кирдикорларини халқимиз учун муқаддас бўлган диний тушунчалар ниқоби остида амалга оширмоқда. Лекин, ҳар бир ақли расо одам билиб турибдики, ислом дини ҳеч қачон ёмонликка тарғиб қилмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллалоҳу алайҳи васаламнинг "Мўминларнинг қонини, мўминларнинг обрўсини тўкиш, мўминларнинг молига кўз олайтириш - мўминлар учун ҳаромдир", деган сўзлари ўзини мусулмон деб билган ҳар бир инсон учун сабоқдир.
Албатта, ўз олдимизга қўйган буюк ва эзгу мақсадларга эришиш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш вазифасини бажариш аввало ўз куч-қудратимизга, халқимизнинг жипслигига, кучли иродасига боғлиқ.
Айни вақтда юртимизнинг бойликларига кўз олайтираётган, танлаб олган йўлимиздан собитқадамлик билан олға юришимизни кўролмайдиган, кўпмиллатли халқимизнинг тинч-тотув ҳаётини, ўзаро ҳурмат ва аҳиллигимизни, жамиятимизда ҳукм сураётган меҳр-оқибатни бузишга уринаётган манфур кучлар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак.
Шу боис биз бу кучларнинг қабиҳ ниятларидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз, азиз фарзандларимизни асраш ва уларни ёвуз таъсирлардан сақлаш - ҳар бир ота-онанинг инсоний бурчи эканини яна бир карра англаб олишимиз даркор.
Ҳар биримиз лоқайдлик, бепарволик ва беғамлик иллатидан холос бўлишимиз, ҳар бир фуқаро мамлакатимизда содир бўлаётган ҳар қандай воқеа менга, менинг тақдиримга бевосита дахлдор, деб ҳисоблаши айниқса муҳим. Содда қилиб айтганда, ҳар бир инсон ўз уйи, маҳалласи ва юртининг хавфсизлигини таъминлаш учун аввало унинг ўзи қайғуриши, бу ишни муқаддас фуқаролик бурчи деб билиши зарур.
 
Ў. Ғузаров,
 “Хожа Бухорий” ўрта махсус 
ислом билим юрти мудири