1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Абу Ҳанифа – буюк мужтаҳид имом! (1-қисм)

18-11-2021, 13:33 208 Ўқиш режими + -
        Аллоҳ таолонинг инояти билан Ислом дини  Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал нозил қилинди. Саҳобалар, улардан кейин тобеъин, таба тобеъинлар ва уламолар ушбу динни келажак авлодга етказишда катта фидокорлик кўрсатишди  ва ҳозиргача кўрсатмоқдалар.
Хусусан, мазҳаб уламолари Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ Қуръони карим, ҳадиси шариф, уламолар ижмосидан чиқариб олган усул ва фиқҳга оид қоидалар билан динимизнинг Қиёматгача сақланиб қолишига ҳисса қўшдилар.
Маълумки, юртимиз Ислом нури билан мунаввар бўлган пайтлардан бери ватандошларимиз ҳанафий мазҳабига амал қилиб келишган. Ҳанафий мазҳабимизга Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва шогирдлари Имом Абу Юсуф ҳамда Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳ асос солганлар. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ – Ислом тарихидаги буюк шахслардан бири. Мазҳаббошимиз сифатида у зотнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, Аллоҳ таолонинг инояти ва тавфиқи у зотга ёр бўлганини англаймиз. Ислом уммати нима сабабдан улуғ мужтаҳидларнинг йўлларини бир овоздан ҳақ деб билганларини тушуниб оламиз. Уларнинг илмий салоҳияти ва инсоний фазилатларига гувоҳ бўламиз. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 (мелодий 699) йилда Куфа шаҳрида халифа Абдулмалик ибн Марвон даврида туғилганлар. Бу даврда бир жамоа саҳобалар ҳаёт эдилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уларга эргашган тобеъинлардан бўлганлар. Чунки у зот Куфага ташриф буюрган саҳоба Анас ибн Молик ҳақида: “Анас разияллоҳу анҳуни кўрганман”, деганлари бизга ишончли ҳолда етиб келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақиҳлар ҳақида шундай деганлар:
مَنْ يُرِدْ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ ﴾ (متفق عليه عن معاوية رضي الله عنه
яъни: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Муттафақун алайҳ). Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
اَلنَّاسُ فِي الفِقْهِ عِيَالٌ عَلَى أَبِي حَنِيْفَةَ
яъни: “Одамлар фиқҳ илмида Абу Ҳанифага қарам (муҳтож)дирлар”.
Машҳур муҳаддис ва муаррих Имом Заҳабий ривоят қиладилар:
قِيْلَ لِمَالِكٍ: هَلْ رَأَيْتَ أَبَا حَنِيْفَةَ؟ قَالَ: نَعَمْ، رَأَيْتُ رَجُلًا لَوْ كَلَّمَكَ فِي هَذِهِ السَّارِيَةِ أَنْ يَجْعَلَهَا ذَهَبًا، لَقَامَ بِحُجَّتِهِ 
яъни: Имом Моликка: “Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” дейилганда, у зот: “Ҳа, кўрганман, агар мана шу устунни тилла деб исботламоқчи бўлса, ҳужжат келтира оладиган киши эканини билдим”, – деганлар (“Сияру аъломун нубало” китоби).
Ахлоқ ва тақволари. Аллоҳ таоло олим бандаларини мақтаб, шундай дейди:
  إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ
яъни: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир” (Фотир сураси 28-оят).
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан жуда эҳтиёткор, ўта ақлли, сукути кўп, доим тафаккурда бўладиган киши эдилар. Сергап эмасдилар. Кам кулардилар. У кишидан бирор масала сўралса, жавоблари асосли бўларди. Динини эҳтиёт қилар, ҳар кимни яхшилик билан ёд қилардилар. Ўзгаларнинг айби билан эмас, ўзининг нафси билан машғул эдилар.
Заковатлари: У зот 20 ёшларидан кейин фиқҳ илмини ўрганишга қаттиқ киришдилар ва токи умрларини охиригача таълим олиш, таълим бериш, фатво бериш ва илм сафарларидан бўшамадилар. Умрларини диннинг асосларини мустаҳкамлаш, фиқҳий масалаларга жавоб топиш ва ботил фирқаларга раддиялар беришга бағишладилар.
Тарихий манбаларда келтирилишича, бир гуруҳ даҳрийлар ҳазрат Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни олдиларига келиб, мунозара қилишмоқчи бўлишди. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Сизлардан бир масала сўрайман, кейин хоҳлаганингизни қиласиз”, – дедилар ва: “Бир кеманинг ичи тўла мол бўлса ва денгиз тўлқинли бўлса, кемачи бўлмаса, бу кема ўз-ўзидан нажот топиб, бирор тарафга кета оладими?” – деб сўрадилар. Даҳрийлар: “Мумкин эмас”, – деб жавоб беришди. Сўнгра Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ  айтдилар: “Бу дунёнинг борлиги, унинг ўзгариб туриши, оламда жараён этаётган шунча ишлар бир Яратувчи ва бошқариб турувчисиз содир бўла оладими?!”. Шунда ҳамма даҳрийлар тавба қилиб, Аллоҳ таолонинг бир ва борлигига имон келтиришди. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ жуда кўп олимларнинг илмидан фойдаланганлар. Ҳатто уларнинг сони 4000 мингга яқин бўлгани айтилади. Абу Жаъфар у зотдан: “Эй, Абу Ҳанифа, илмни кимлардан ўргандингиз”, – деб сўраганида: “Ҳаммоддан, у – Иброҳимдан, у эса – Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумнинг шогирдларидан”, – деб жавоб берганлар. Демак Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари бир қанча буюк саҳобаларнинг илм булоқларидан сув ичган.  
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Кўфага буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуни муаллим қилиб юбордилар. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Куфага келганларида, у ерда фақиҳларнинг кўплигидан хурсанд бўлиб: “Аллоҳ Абдуллоҳни раҳмат қилсин, бу диёрни илмга тўлдирибди”, – деган  эканлар. Ўз навбатида Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу ҳам халифалик даврларида пойтахтни Куфага кўчирдилар. Кейинчалик бир ярим минг саҳобаларни бу шаҳарга жалб қилдилар. Мана шу шаҳарда туғилиб ўсган Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари силсиласи ҳам юқорида зикр қилинган саҳобаларга, хусусан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга боғланади. Яъни Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ илмларини Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан, у киши Иброҳим Нахаийдан, у киши Алқама ибн Қайсдан, у киши Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан олганлар.
(давоми бор). 
 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди