1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сирти ялтироқ ваъдалар ортида – имон, инсоф-диёнатдан бегоналашиш хавфи ётади

18-11-2021, 17:01 188 Ўқиш режими + -
Яратганга шукроналар бўлсинки, сизу бизга ато этган неъматлардан бири мустақиллик неъматидир. Истиқлол туфайли жаннатмакон юртимизда ҳар бир соҳада кенг имкониятлар очилиб, кундан-кун тобора чирой очиб бормоқда. Мустақиллигимиз туфайли юртимизда муқаддас Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. 
Миллий ва диний қадриятларимиз тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий обидалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. Яратган Pоббимиз Мустақиллик туфайли беҳисоб неъматларни ато қилди. Бу неъматларнинг шукронасини адо қилиш сизу бизнинг зиммамиздаги вазифа, зеро Аллоҳ таоло Қуръон каримда: ...Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (янада уларни) зиёда қилурман..., деб таъкидлаб ўтган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳадиси шарифда: Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликларига шукр қилмас экан, демак, Аллоҳга ҳам шукр қилмабди, деб марҳамат қилганлар. 
Бугун атрофимизда неъматлар қадрига етмайдиган ношукр кимсалар ҳам борлиги сезилмоқда. Улар муқаддас дини, миллий урф-одат ва анъаналари қолиб, ўзи билмаган, аждодлари сиғинмаган диний секталарга кўр-кўрона эргашишга уринмоқдалар. 
Айримларга миссионерларнинг меҳр-муруввати – ожизлардан кўнгил сўраши, касалларга текин дори-дармон инъом этишлари, ҳар қандай гуноҳни ҳам бир тоат-ибодат билан кечириб юборавериши кўпроқ хуш ёқади. Сирти ялтироқ ваъдалар ортида имон-эътиқоддан, инсоф-диёнатдан бегоналашиш хавфи ётганлигини ҳамма ҳам чуқур тасаввур эта олмайди. Айрим фуқаролар миссионерлар алдовига учиб, оиласидан, уй-жойидан, тўплаган мол-мулкидан, халқ орасидаги обрў-эътиборидан айрилиб, яккаланиб қолганлигидан ўзларини кечира олишмаяпти.
Миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаш мумкин. Бу эса, миссионерлар ўз мақсадларига эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда низо ва жанжалларнинг авж олиши, душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратилиши, халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулига олиб келиши мумкин. 
Шу ўринда бир ҳақиқатни таъкидлаб айтиб ўтишимиз ўринли. Биз мамлкатимизни Диний бағрикенглик ўлкаси – деб атаймиз. Дарҳақиқат шундай, юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Шунингдек, 16 конфессияга тааллуқли бўлган диний ташкилотларнинг бирдамликда баҳамжиҳат фаолият олиб бориши, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, диний бағрикенглик тамойилларининг ривожланиб бориши ҳукуматимиз томонидан барча шароитларнинг яратиб берилганидан далолат беради. 
Тинч-тотувлигимиз, эркинлигимиз, шод-хуррамлигимиз, соғ-омонлигимиз ҳам мустақиллик туфайли. Ахир, атрофга қаранг, дунёга назар ташланг: айрим давлатлардаги нотинчликлар, қирғин-баротлар неча йиллардирки, тўхтамайди. Бунинг оқибатида аҳоли турмуши, мамлакат ҳаёти издан чиқяпти, очлик, қашшоқлик, турли касалликлар авж оляпти. Уларга боқиб Мустақиллигимизга, тинчлик, аҳиллигимизга кўз тегмасин, деймиз! Биз истиқлол туфайли ўзлигимизни англай бошладик, миллийлигимизни, қадриятларимизни қадрлашни ўргандик. 
Бугунги ёшларимиз ўзини, ўзлигини англаш, миллий қадриятларни қадрлаш орқалигина дунёни англаш мумкинлигини тушунишади. Чунки истиқлол йилларида фарзандларимиз миллийлик руҳида тарбияланишди, миллий ғоя атрофида жипслашишди. Бугунги ёшларимиз шўро даври ёшларидан фарқли равишда, ўз илдизларини, кимнинг авлодлари эканликларини яхши билишади. Дунё таниган саркарда Амир Темур, жаҳон фани, тиббиёти, санъати, ислом тараққиётига, адабиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Хожа Исмоил ал-Бухорий, ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Югнакий, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур... каби боболари билан фахрланишади. Буюк аждодларнинг издошлари сифатида қадам ташлаётган, ўзининг ақли, салоҳияти, истеъдоди билан турли соҳаларда ютуқларни қўлга киритиб, дунё ҳамжамиятини лол қолдираётган ёшларимизни кўриб, кўнглимизда ифтихор туйғулари жўш уради! Буларнинг барчаси Президентимиз саъй-ҳаракати билан фарзандларимизга яратилаётган шароит ва имкониятлар, қолаверса, мустақиллигимиз туфайлидир. Болаларимизнинг томирида миллий ғурур, ифтихор, динига садоқат, Ватан ишқи жўш ураркан, улардан жасоратлар кутиб қолаверамиз.


Азамат Усмонов тайёрлади