1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ДИН ниқобидаги душманлар

18-11-2021, 17:11 196 Ўқиш режими + -

Кейинги йилларда дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, мусулмон мамлакатларида экстремистик ва террористик ташкилотлар фаолиятининг кучайиши кузатиляпти. Мутаассиб кучлар муқаддас ислом дини таълимотини сохталаштириш орқали ғаразли манфаатлари йўлида оғир жиноятларни.содир.этишмоқда.
Бугунги кунда ахборот алмашиш ва етказиш имкониятининг тараққиёти шундай даражага етдики, улар инсон ҳаётини яхшилашга хизмат қилиш билан бирга тинчликни бузишга ҳам хизмат қилмоқда. Ҳатто халқаро террорчилар, жумладан, ақидавий-сиёсий жангарилар қурол сифатида интернетдан-фойдаланишяпти. 
Ислом таълимоти бўйича шаҳидлик олий мақом саналади. Уни мусулмонларни қириб ташлаш ниятида уларга қарши эълон қилинган курашда динни ҳимоя қилиш, уни сақлаб қолиш йўлида ҳалок бўлган кишига берилади. Худди шу йўлда ҳалок бўлганларни охират шаҳиди дейилади. Улар ювилмайди, ўз кийимида, кафанланмай, жаноза ўқилиб дафн қилинади. Беш хил: вабодан, ичкетар касалидан ўлган, сувга ғарқ бўлган, иморат ёки девор босиб ўлганлар ва Аллоҳ йўлида жон берганларни шаҳид, дейилади. «Аллоҳ йўлида ўлдирилган ёки Аллоҳ йўлида ўлган киши»ни охират, қолганларини дунё шаҳиди дейилади.
Кейинги пайтларда шаҳидлик тушунчаси нотўғри талқин қилиниб, ўзингни портлатсанг шаҳид бўласан, деган фатволар эълон қилинмоқда. Бу фатволарни эълон қилувчилар онги ва билим савияси заиф, инсонларни фитнага солиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига етишни мақсад қилган ваҳшийлардир. Бир худкуш ўзини портлатиши оқибатида қанча бегуноҳ инсонлар вафот қилмоқда. Бу жоҳиллик эса Қуръони Каримда ман қилинган амалдир.   
Ким бўлишидан қатъий назар, бегуноҳ кишиларни ҳалок этиш улкан гуноҳ экани ҳақида қуйидаги оят хабар беради: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир (Моида, 32).
Биз бу оятдан инсоннинг, хоссатан мўмин кишининг Ўзининг ҳузурида ҳурматли эканини билиб олишимиз мумкин. Бу жиноят шу қадар оғирки, уни на қул озод қилиш ва на хун (қон) пули тўлаш орқали ҳам ювиб бўлмайди. 
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмонни ўлдиришга бир оғиз сўз билан бўлса ҳам ёрдам берса, қиёмат куни пешонасига, «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид», деган ёзув битилган ҳолда келади”, дедилар.
Ўзларини ҳақиқий мусулмон ва ўзгаларни эса, кофир, мушрик, мунофиқ ёки муртад деб жар солаётган террористик ташкилотларнинг қилаётган кирдикорларига назар солсак, улар ўзларини ҳақиқий мусулмон санашса, Қуръонда буюрилган ёки қайтарилган ишларга амал қилиб, бошқаларга ҳам ўрнак бўлиши керак эмасми? Қуръонда мўмин кишини билмасдан туриб ўлдирганга қанчалик жазолар, каффоротлар борлигини, агарда қасддан бир мўминни ўлдирса охиратдаги аҳволи нима бўлишини наҳотки билишмайди? Ахир минглаб мўмин-мусулмонларни ёстиғини қуритиб, болаларни етим, аёлларни тул, ота-оналарни эса болаларидан маҳрум қилишаётганларни мусулмон дейишимиз мумкинми? Аксинча, улар дин ниқобидаги манқурт кимсалар, яъни дин душманларидир. 
Ислом таълимотига биноан, ўзини ўзи ўлдирган киши шаҳид эмас, балки дўзахийдир. Буни ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз зарур. Аллоҳ таоло бандасини азизу  мукаррам қилиб яратган. Унинг қалбини меҳру муҳаббат, соғинч ва гўзалликка ошуфта қилган.
Шунинг учун ер юзида гўзаллик ва нафосат қадрланади. Бу ҳақда қанча гапирсак ҳам оз. Шундай гўзал яратилган инсоннинг қалбида адоват, шафқатсизлик, ғараз, бузғунчилик каби сўз билан таърифлаш қийин бўлган ёмон одатлар қандай яшаб келмоқда. Бу инсоннинг ўз нафси олдидаги ожизлигими ёки шайтони лаъиннинг найрангими?!
Хусусан, бугунги кунда бир бутун бўлган ер юзининг инсонлари яшайдиган ҳамма жойида ҳам тинчлик, омонлик ҳукм сурмаётгани ҳар бир соғломфикрли инсонни ўйлантиради. Нафақат ўйлантиради, балки жиддий ташвишга солади.
Шубҳасиз, Исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг ёмон кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Ояти каримада: “(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!” (Иброҳим, 42).
Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-қудсийда Пайғамбар алайҳиссалом ноҳақ қон тўкиб зулм қилган шахслар тўғрисида шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло: “Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!”.
Дин – насиҳатдир. Ҳеч бир динда инсон ёвузликка чорланмайди. Айниқса, Ислом дини одамзодни том маънодаги эзгуликка етаклайди. Уларни нафақат бир-бирларига, ҳатто тирик жонзотларга озор етказмасликка ундайди.
Бақара сурасида шундай марҳамат қилинган: “(Улар маънан) кар, соқов ва кўрдирлар. Бас, улар зинҳор (ҳидоятга) қайт­магайлар”.
Уларнинг карлиги – ҳақ гапларни тингламасликлари, соқовлик­лари – ҳақ гапни гапирмасликлари, кўрликлари эса ҳақ нарсани кўриб, тасдиқ этмасликларидир.
Муқаддас динимиз таълимотини ўрганар эканмиз, у кўз ўнгимизда доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида намоён бўлади.
 

Бекзод НАРҚУЛОВ, 
Чироқчи туман бош имом хатиби