1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Аллоҳ бузғунчилик-фасодни севмайди

18-11-2021, 17:21 243 Ўқиш режими + -
Дунё яралибдики, тинчлик-осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат бўлиб келмоқда. Чунки, биринчи  галда осуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ. 
Ислом дини – тинчлик динидир. Бу номни Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзлари танлаган эмас, балки, Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. “Ислом” сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик. Аллоҳ таоло ислом динини нозил қилиш билан одамларга чексиз меҳрибонлигини ато қилган яъни: тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Албатта, ислом тинчлик устига қурилгандир. Лекин, Ислом динини ниқоб қилиб, “мусулмонман” деб даъво қилаётган ёки айрим қўштирноқ ичидаги номлар остида бирлашиб, ер юзида аёвсиз фисқу фасод ишларни қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Юқорида берилган таърифга бу мутлақо зиддир.
Аллоҳ таоло инсонларни ер юзида фисқу фасод амалларни қилмасликка, шайтоннинг йўлидан юрмасликка - зулм қилмасликка чақиради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир” (Бақара сураси, 208-оят). 
Ушбу отяи каримадан кўриниб турибдики инсон ҳар бир хаттиҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир. У адолат ва раҳм-шафқат кўрсатиши, ким бўлишидан қатъий назар, барча одамларга эзгулик улашиши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ҳамда ҳимоя қилиши, бошқаларни “ер юзида бузғунчилик” қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримнинг “Бақара” сурасининг 205-оятида шундай дейилган: “Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди”. 
“Террор” сўзи луғатда «қўрқитиш, ваҳима солиш» маъноларини англатади. Бугунги кунда фақат радикал кайфиятдаги мафкураларга тобе гуруҳлар олиб бораётган қуролли курашга нисбатан ишлатиляпти. Улар жамиятнинг барқарор тузуми ва миллий қадриятларини оёқости қилиб, ўз ҳаёт тарзи ва маданиятини зўравонлик билан ўтказиш учун қўрқитиш, зўравонлик усулини қўлловчилар гуруҳидир.
Ҳеч қандай гуноҳи, айби бўлмаган одамни ўлдириш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсониятни шундай огоҳлантиради: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят).
“Бошқа бировни ўлдирмаган ва бузғунчилик қилмаган” одамни ўлдирган киши бутун инсониятни ўлдиришга тенг улкан гуноҳни қилган бўлади. Мутлақо равшанки, минглаб бегуноҳ кишиларнинг умрига зомин бўлаётган террорчиларнинг гуноҳи бениҳоядир. Парвардигорнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар қаттиқ хато қилган бўлар. Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Зеро, Қуръони каримда шундай дейилган: “Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди” (Юнус сураси, 81-оят).
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло ўз бандаларини бузғунчилик қилмасликка қайта-қайта ўзини каломида буюрди. Лекин, айрим ўзларининг қабиҳ мақсадларини кўзловчилар Аллоҳ таолонинг каломини ўзлари хоҳлаганларича тафсир қилиб, ер юзида бузғунчилик, фисқу – фасодлар қилишдан тўхтамайдилар. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида: “Ким Аллоҳ таолонинг каломини ўз фикрича айтса, дўзахдан ўрин тайёрлабди”, - деганлар. 
Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда айрим фирқа ва тоифаларнинг мусулмонман деб турган ҳалқнинг ичида парокандалик, оилаларида зиддиятларни келтириб чиқаришга уринишлари исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир.
 
Фурқат ЖУМАЕВ, 
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби