Бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга ҳар жиҳатдан баркамол инсонни тарбиялашдек муҳим вазифани қўймоқда. Зеро, энг азиз неъматимиз бўлган мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни муносиб ҳимоя қилиш, юртни тараққий эттириш шу Ватанда камолга етаётган ёш авлоднинг қўлида. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И. Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида бу ҳақда шундай таъкидлаган эди: «Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бу ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак».
Ҳар қандай жамиятда дин маълум ижтимоий, маънавий ва руҳий вазифаларни бажаради. Энг биринчи навбатда дин умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига сингдириб, инсоннинг маънавий оламини бойитишга хизмат қилади. Яна бир асосий жиҳати, у маданият ривожига ҳам катта таъсир кўрсатиб, умуминсоний ва миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва уларни авлоддан-авлодга етказишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, диннинг қадрият сифатида тан олиниши ҳам бевосита мана шу омилларга асосланади. Лекин ачинарлиси, кейинги вақтларда динни ниқоб қилиб, ғайриқонуний хатти-ҳаракат қилаётган айрим гуруҳлар дунё аҳолиси тинчлигига, осойишталигига раҳна солаётган энг катта хавф дея эътироф этилмоқда. Улар томонидан амалга оширилаётган хунрезликлар бевосита инсонлар ўртасида диннинг нотўғри талқин қилинаётганидан, экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолган инсонларнинг диний билимлари етарлича эмаслигидан, яъни мафкураси бўшлигидан далолат беради.
Сўнги пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз динини мукаммал қилиб берди. Бу ҳақда Қуръони каримда:
...اليوم اكملت لكم دينكم و اتممت عليكم نعمتي و رضيت لكم الاسلام دينا...(سورة المائدة/3).
яъни: “...Бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим...”, - деб марҳамат қилган (Моида сураси, 3-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг дини бир бўлиб, ана шу динга инсонларни чорлаш учун У ўз пайғамбарларини юборган экан, ўз навбатида ҳар бир пайғамбарга нозил қилган китобида динда ихтилофга бормасликка, фирқага бўлинмасликка буюрган. Шу жумладан, бизким уммати муҳаммадияга ҳам нозил қилинган Қуръони каримда:
واعتصموا بحبل الله جميعا ولا تفرقوا...(سورة ال عمران/103).
яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...”, - дейилган (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Аллоҳ таоло Ўз дини бўлмиш Исломни камолга етказиб бергандан кейин ва шу муқаддас исломни биз мусулмонлар буюк неъмат деб қабул қилганимиздан сўнг ихтилофларга юзланишимизни қандай тушуниш керак? Ҳозирги кунда тинчликка раҳна солиб, динни ниқоб қилиб олиб Ислом динида бўлмаган турли ихтилофларни юзага келтириш динга нисбатан душманлик эмасми? Бунга жавоб шуки, ихтилофнинг юзага чиқишига сабаб бўлаётганлар дунёвий ғараз ва мансабпарастликка берилган айрим аламзада, дин ниқоби, Ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган калтабин кимсалардир.
Мустақиллик даврида диний қадриятларга эркинлик берилиши исломнинг жамиятдаги ўз ўрнини эгаллашига имкон яратди. Шу билан бирга яширин ҳолатда ривож топган ва дин ниқобидаги турли мафкураларнингтаъсирида шаклланган карашларнинг юзага чиқишига ҳам қулай шароит юзага келди.
Ҳозирда диний либосларга ўралган турли экстремистик ва террорчи гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида муқаддас ислом динини ўзига ниқоб қилиб олиб "жиҳод", "такфир", "шаҳид" ва "ҳижрат" каби ислом динида муқаддас саналган атамалардан нотўғри йўлда фойдаланишга уринмоқдалар ва баъзи шахслар томонидан қориштирилган ҳолда талқин қилинмоқда.
Аслида юқоридаги даъволарниннг барчаси биринчи навбатда ислом динига қарши қаратилган кураш ва ислом динини ёмон кўрсатиш ҳисобланади. Қолаверса, бутун дунё тинчлигига раҳна солиш ва омма ўртасида турли хил ихтилоф ва барқарорсизликни уйғотиш, натижада жамиятни парокандаликка олиб келиш саналади.
Асримизнинг сўнгги йилларига келиб, Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимсалар ва Ҳизбут таҳрир, ИШИД, салафий каби турли номдаги тоифалар пайдо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, ноҳақ қон тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, мусулмонлар тинчлигини бузиб, дунё-ю охиратнинг барча эзгуликларига чорловчи Ислом динига зарар етказиб, уммат орасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қилдилар. Ўзларини Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа деб эълон қилдилар. Ваҳоланки, улар Ислом динига зид бўлган бузғунчи фирқалардир.
Юқорида тавсифлари берилган диний оқимларнинг номлари турлича бўлса-да, аслида уларнинг мақсадлари ва ғоялари битта – динни ниқоб қилиб ҳокимиятга интилиш, тинч-осойишта халқ орасида нифоқ ва ихтилоф чиқариш. Энг ачинарлиси шундаки, бу оқимлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар.
Шу ўринда турли бузғунчи оқимларга муносабат масаласида шариат ҳукми нуқтаи назаридан қандай баҳо берилади? – деган табиий бир савол туғилади. Бу саволга қатъий жавобимиз шуки, салаф уламолари уларнинг барчасини “аҳли бидъат” деб номлаганлар. Муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб манфур ишларни амалга ошираётган аллақандай мутаассиб кучлар, табиийки, ер юзидаги барча мусулмонларнинг руҳий олами ва дунё қарашини белгилай олмайди.
Уламоларнинг бидъат аҳли билан ўтириш, улар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қайтарганликлари ҳақида асарларда келтирилган. Жумладан, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: Бидъатчи фосиққа зинҳор яқин келма, акс ҳолда қалбинг унинг гапига моил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда ҳам, қалбингни мараз қоплайди, деганлар. Яҳё ибн Касийр эса: Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет, деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бундай динни ниқоб қилиб олиб экстремистик ва террорчи уюшмалар оммавий бўла олмагани учун ҳам кўп ҳолларда аҳолининг кенг қатламлари номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланмоқдалар.
Динни қурол қилиб олган бундай экстремистик ҳаракатлар бугун умуман кишилик жамияти ҳаётига жиддий тахдид солмоқда дейиш мумкин. Шунинг учун, бугун, сиёсатшуносликда «жамиятнинг диний хавфсизлиги» деган янги тушунча шаклланмокда. Мутахассислар дин ниқоби остида содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг асл моҳиятини ифода этувчи илмий мезонларни қидирмокдалар. Ҳуқуқий мазмун ва моҳиятга эга ана шундай атамалардан бири сифатида «диний-сиёсий терроризм» тушунчасидан фойдаланиш ва унинг халқаро миқёсда эътироф этилишига даъват этмокдалар.
Акбар АСҚАРОВ,