1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳанафийлик мазҳаби

23-11-2021, 18:53 615 Ўқиш режими + -
Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу.
Тарихдан маълумки ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ҳижрий 80 йилда Куфада таваллуд топган. Болалик йилларида Қуръони каримни ёдлаб, Имом Осимдан қироъат илмини ўрганган. Аввалига тижорат билан шуғулланиб юрган Абу Ҳанифа замондош уламоларнинг тавсиясига биноан фиқҳ илмини ўрганишга киришади. Бу ҳақда у зотнинг ўзи: “Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли билан бирга ўтирдим, фақиҳларидан бирини ўзимга лозим тутдим”, деб айтган. Ўша киши Ҳаммод ибн Абу Сулаймон эдилар. Абу Ҳаниф қирқ ёшга етганларида устозлари Ҳаммод вафот этади. У кишидан кейин дарс халқасини Абу Ҳанифа бошқаради.
Абу Ҳанифа шахс сифатида кучли ва иқтидорли инсон бўлганлигидан ҳанафий фиқҳини ўз шаҳарларидан ташқарига яъни бошқа исломий ўлкаларга ҳам тарқата олганлар. У кишининг фикрларидан мухолифлар ҳам хайрихоҳлар ҳам фойдаланган. Мухолифлар у кишини диндаги фикрларида бидъат бор, деб қаттиқ инкор қилган.
Ривоят қилинишича, Имом Авзоъий Абдуллоҳ ибн Муборакдан: “Куняси Абу Ҳанифа бўлган, Кўфа шаҳридан чиққан бу бидъатчи ким?” деб сўраган. Абдуллоҳ ибн Муборак у кишига Абу Ҳанифанинг қандай инсон эканини англатгач Имом Авзоъий хато қилганликларини эътироф қилган эканлар.
Абу Ҳанифанинг фикрларига кўра фиқҳий далиллар еттитадир. Қуръон, суннат, саҳобаларнинг сўзи, ижмоъ, қиёс, истеҳсон ва урф. У кишининг шогирдлари устозларининг раъйлари, фикрларини девонларга жамлаганлар ва китоб қилиб ёзиб қўйганлар. Кейинчалик ҳанафий мазҳаби ислом оламининг турли ўлкаларида фиқҳий йўналиш сифатида тан олинган. 
Барчамизга маълумки маворауннаҳр диёрида яшаган мусулмонлар фиқҳий йўналиш бўйича ҳанафий мазҳабига таяниб келган. Мазкур мазҳаб бўйича диёримиздан алломалар етишиб чиққан ва ислом таълимотларини ўзига хос услуб билан етказган ва кишиларни динимиз кўрсатмалари асосида тарбия қилиб келган. 
Афсуски, сўнги йилларда ҳам бутун тарих мобайнида бўлиб келгани каби ижтимоий тармоқларда суннийликдаги ҳанафийлик ва бошқа шу каби мазҳабларни аҳоли орасида илмий савияси паст айрим кишилар томонидан бузиб, гўё мазҳаб керак эмас дегандек талқин қилиниётгани кузатилмоқда. 
Шуни таъкидлаш лозимки, аксарият ҳолларда шариат талабларининг нотўғри талқин қилиниши, ананавий ислом тамойилларига қарама-қарши бўлган қоидалар ишлаб чиқилиши ва мазҳабни маҳкам тутганларни камситиш аҳоли ўртасида  норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бундай салбий ишларнинг олдини олиш учун ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бири киши динни асл манбалардан ўрганиши талаб этилади. Борди-ю бунга имкони бўлмаса аҳли илм кишилардан ўзига керакли маълумотларни олиши ва мана шу олган маълумотлари асосида диний амалларини адо этиши лозим. Агар мустақил равишда ёки ижтимоий тармоқлардаги “устозлар”дан диний илм олмоқчи бўлса кутилмаган нохуш ҳолатларга тушиб қолиши мумкин. Сабаби бугун ижтимоий тармоқда кимлиги, илмий савияси қандайлиги тамоман номаълум бўлган дин номидан гапирадиган “олимлар” кўпайган. Афсуски, билиб билмай уларнинг домига тушиб қолаётганлар ҳам учраб турибди. Шунинг учун тақлид қилиш керак бўлса, кўр-кўрона кимларгадир эмас, ҳамма эътироф этган, маълум бир мазҳабни айтайлик бизнинг диёрда ҳанафий мазҳабини маҳкам тутган уламоларнинг этагини ушлаб уларга тақлид қилиш керак. Мана шу оқил кишининг иши бўлади. 
Хулоса қилиб айтганда, халқимизни ҳанафий мазҳаби асосларидан қанчалик кўп бохабар қилолсак, адашганлар, йўлини йўқотганлар шунча кам бўлади.
Юртимизда яратилган кенг имкониятлардан тўғри фойдаланиб, ҳамиша шукроналик ҳисси билан яшашимиз ва диний амалларимизни диёримизда кенг тарқалган ҳанафий мазҳаби асосида амалга оширишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Аллоҳ таоло ҳамиша юртимизни тинч ва осмонимизни мусаффо қилсин.
 
Омон Қодиров. 
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси