1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хотиржамлик - инсон қалбидан бошланади

23-11-2021, 18:55 290 Ўқиш режими + -
Маълумки, тинчлик ва осойишталик Аллоҳ таолонинг инсониятга берган олий неъматидир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қуръони карим Бақара сурасининг197-оятида шундай марҳамат қилади: 
“Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир.”
Маълумки, Ислом Аллоҳга бўйсиниш маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси: “Аллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг”, дегани бўлади. Яъни, Аллоҳга бўйсуниш тўлалигича  бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак эмас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак.
Исломнинг маъноларидан яна бири-тинчлик. У ҳолда оятнинг умумий маъноси, тинчликка тўлиғича киринг, дегани бўлади. Тинчликка тўлиғича кириш эса, Исломни татбиқ қилиш билан бўлади. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Фақат банда ва Парвардигор, борлиқ ва оҳират ҳакидаги Ислом ақийдаларигина ҳар бир инсон қалбига тинчликни солиши мумкин. Сўнгра, қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшни, қариндош-уруғлар билан тинч яшаш йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб қўйилган. Сўнгра, бу тинчлик жамиятга ўтади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам Исломда белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса, қалби тинч, оиласи тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғи тинч, жамияти тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, Ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда, барча қалблар тинч, жамиятлар тинч, давлатлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади. Иншааллоҳ. 
Исломнинг машҳур маъноларидан бири Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ туширган диндир. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси-“Ислом динига тўлиқича киринг” бўлади. Ислом инсоннинг ҳаётини тўлиқича қамраб олган   диндир. Инсоннинг онадан туғилиб, қабрга киргунгача бўлган даврдаги ҳар бир нафаси ва ҳаракати Исломнинг ихотаси доирасидадир. Исломга тўлиғича кириш-оралиқ даврда, яъни, ҳаёти давомида бутунлигича мусулмонча яшаш демакдир. Инсоннинг туғилишидан тортиб то озўқаланиши, тарбияланиши, вояга етиши мусулмонча бўлиши керак. Балоғат ёшига етганда, дин таклиф қилган барча нарсаларга  тўлиқ амал қилиши лозим. Инсон ўзининг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ва яна ҳаётининг  бошқа соҳаларида Исломга амал қилгандагина, Ислом буюрган ҳамма нарсага юриб, у қайтарган ҳамма нарсадан қайтгандандангина унга тўлиқ кирган  бўлади. Шундагина бахт-саодатга  эришади. Халқимиз орасида бугун кўпларимиз нима қиляпмиз? Номларимизга, насл-насабимизга қараса, ҳамма мусулмон. Кимлиги суриштирилса, мен мусулмонман, дейди. Аммо, ўзи ғайри муслимларнинг ишини қилиб юради. Кейин: “Нимага мусулмон бўлсак ҳам, ишимиз юришмаяпти?” деб нолийди. Динга, Аллоҳга туҳмат қилади. Кўраётган кўргиликлари ўзи мусулмон бўла туриб Исломда яшамаётганининг оқибати эканини ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳолбуки, айб ўзида, омадсизликларини Исломдан кўришга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Ислом бир-бирини тўлдириб келувчи турли тузум ва амалларнинг мажмуасидир. Намоз ўқиб туриб, закотни инкор қилса, бўлмайди. Ақийдани мусулмонча қилиб-туриб, оилада христианча яшаса бўлмайди. Ҳамма-ҳаммаси мусулмонча бўлиши керак.
Оятнинг охири исломдан бошқа йўлда юришлик шайтоннинг изидан эргашишилик эканини ва у очиқ душман эканлигини таъкидлаяпти. Меҳрибон Роббимиз бизни огоҳлантириб, “Шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта у сизга очиқ душмандир ” демоқда. 
Демак, инсон исломга тўлалигича амал қилмаса, шайтоннинг изидан эргашган бўлади. Маълумки, шайтонга қиёматгача муҳлат берилган. Унинг иши бузғунчилик, фитна-фасод чиқариш, ва инсонларни ҳидоятдан адаштиришдан иборатдир. Ҳар бир инсон шайтоннинг макру-ҳийлаларидан омонда бўлиши учун юқорида келган оятнинг маъноларини ўзининг ҳаёт тарзига айлантириши лозим бўлади. Яъни, Аллоҳга тўлиқ буйсуниб итоат қилса, қалбида тинчликни қарор топтирса ва ислом динида буюрулган  амалларни бажарсагина, нафақат инсон, балки оила, жамият, давлат ва бутун жаҳон тўлиқ тинчлик ва хотиржамликка эришади. Аллоҳ таоло юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни бардавом қилиб, барчамизни Ўзига динни холис қилиб итоат қиладиган бандалар қаторига қўшсин. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. 
  
 Илҳом Валиев
“Хожа Бухорий” ўрта махсус 
ислом билим юрти ўқитувчиси