Бугунги кунда бутун дунёда инсон онги ва руҳини эгаллаш учун мафкуравий курашлар кундан – кунга авж олиб бормоқда. Ана шундай бир замонда айрим “мутаассиб” кучлар ўзларининг исёнкор ва бузғунчи ғояларини бизнинг диёримизга ҳам киритишга уриндилар ва уринмоқдалар. Энг ачинарли томони, бундай разил кимсалар ўзларининг ғаразли ва қабиҳ мақсадларига етишиш учун, инсониятни фақат эзгулик, меҳр-оқибат ва покликка чақирадиган, ота–боболаримизнинг қон–қонига сингиб кетган муқаддас динимизни ўзлари учун қалқон қилиб олганидир. Шундай экан биз мана шу юрт фарзанди сифатида, шу муқаддас динни холис эътиқод қилувчиси сифатида, бундай ёвуз кучларга қарши турмоғимиз, зарур. Шундай экан динимизга ёт бўлган бундай оқимларнинг келиб чиқиши, диёримизга кириб келиши сабаблари, уларининг ботил даъволари ва бу даъволарининг мутлақо асоссиз эканлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Бундай оқимлар – охиратнинг эмас, дунё ғамини еган, дарду – хаёллари обрў, мансаб, ҳокимият бўлган, на динда на дунёда ўз ўринларини топа олмаган бир гуруҳ ғаразли кимсаларнинг ўйлаб топган уйдирмаларидир. Аллоҳ таоло биз инсонларни махлуқотлар ичида ақл билан улуғлаб қўйган экан, ана шу ақл тарозисига солиб ўйлаб кўрайлик. Ўзи мусулмонликни даъво қилиб туриб, мусулмон инсонларнинг қонини тўккан, авлиёлар қадамжоларини вайрон қилган, бир вақтлар Пайғамбар с.а.внинг муборак суҳбатларида бўлган, у зот билан елкама – елка намоз ўқиган саҳобаю киромларнинг қабр тошларини бузиб ташлаган “Ваҳҳобий”ларни, ёки бўлмаса бугунги кунда ўзларини “Ислом лашкарлари”миз дея тилларини бийрон қилиб сайраётган, жойи келганда ибодатини қилмайдиган, орзуси фақат ҳокимият бўлиб ўз мақсадларига эришиш учун қон тўкишдан, одам ўлдиришдан, қанчадан–қанча шаҳарларни вайрон қилишдан тоймаётган ҳизбчиларни қандай қилиб ҳақиқий мусулмон деб айтишимиз мумкин.
Бу оқимларнинг ватанимизга кириб келиши 1980 – йилларнинг охири 1990 – йилларнинг бошига тўғри келади. Бунинг сабабларини ҳам қисқача айтиб ўтсак. Бизнинг диёримиз азалдан дину – диёнат, илму-маърифат майдонида улкан ютуқларни қўлга киритганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бу борада диний уламоларимиз эришган ютуқлар таҳсинга сазовордир. Буни бутун дунё муҳаддислари имоми дея тан олинган Имом Бухорий, аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги улкан таълимот, “Мотуридия таълимоти” асосчиси Имом Мотуридий, агар “Кашшоф бўлмаса Қуръони Карим маънолари кашф қилинмас эди” дея таъриф олган “Тафсири Кашшоф” муаллифи Имоми Замаҳшарий, Ҳанафий мазҳабининг асосий китоби бўлган “Ҳидоя” муаллифи Бурхониддин Марғиноний, тасаввуф илмида бутун дунёга машҳур бўлган Яссавий ва Нақшбандийлар мисолида кўришимиз мумкин. Афсуски, ана шундай зотларнинг хоки ётган замин узоқ йиллар мустамлакачилик зулмини тотди. Аҳли илмлар, маърифатпарвар инсонлар қатл қилинди, узоқ ўлкаларга сургун қилинди. Бир кишининг уйида араб хатида ёзилган “Ўтган кунлар” романи топилса “жиноятчи” ҳисобланди. Мустамлакачиликнинг сўнгги йилларида эса динимиздан фақатгина урф-одат тимсолидагина сақлаб турилган никоҳ ва жаноза маросимлари ҳам қаттиқ таъқиб остига олинди. Отасининг жанозасида ҳозир бўлган ёки фарзандига никоҳ ўқитган раҳбарлар ишдан олинди. Ана шу вақтда қалбларда фахр ва ифтихор туйғусини жўш урдирган мустақиллик қўлга қиритилди. Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб Биринчи Президентимизнинг саъйи – ҳаракатлари билан тилимиз, динимиз, миллий қадриятларимизга бўлган эътибор биринчи қатордаги вазифа қилиб белгиланди, масжиду – мадрасалар очилди. Узоқ йиллар имон булоғига ташна халқимиз масжидларга отландилар. Бу вақтда халқимиз диний илмдан анча вақт узоқлашиб кетганидан бир гуруҳ ғаламислар ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб қолдилар. Шу сабабли халқимиз ҳақ билан ботилни, дин билан террорни ажратолмай қолдилар. Натижада инсонлар ўртасида динга бўлган ишонч сўна бошлади. Бу тажовуз нафақат халқимиз ва давлатимизга, балки муқаддас динимизга ҳам уюштирилган катта ҳужум бўлди десак муболаға бўлмайди.
Шундай экан биз эшитган ҳар бир сўзимизни диндан дея қабул қилмайлик, балки Расулуллоҳ с.а.в айтганларидек текшириб кўрайлик. Бизни озгина ёшлигимиздан ва диний тушунчамиз камлигидан фойдаланмоқчи бўлаётган бир гуруҳ ватангадоларнинг пуч ақидаларига, сохта ваъдаларига, оят ва ҳадислар маъноларини ўзларича таъвил қилиб айтаётган ширин сўзларига ишониб қолмайлик, балки уларнинг мақсад-муддоаларини, келиб чиқиши кимлигини, бу жанобларни ислом оламида нечоғлик “нуфуз”га эга эканлиги ва замонамизнинг етук алломалари улар ҳақида айтаётган фикрларини ўрганиб чиқайлик. Шундагина биз, шу муқаддас заминга содиқ, ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қиладиган ҳақиқий фарзанд, муқаддас динимизни турли тажовузлардан асраб-авайлайдиган ҳақиқий мусулмон эканлигимизни исботлаган бўламиз.
МУЗАФФАР ҚОСИМОВ,
"Хожа Бухорий" ислом билим юртининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари