1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Инсонийлик белгиси

3-12-2019, 16:46 1 273 Ўқиш режими + -

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиб, унга кўп фазилатлар ато этди. Ана шундай фазилатлардан бири камтарликдир. Динимиз таълимоти мўмин-мусулмонларни ушбу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси, 37 оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Муслим ривояти).

Ояти карима ҳамда ҳадиси шарифда камтар, хокисор бўлиб, кибру ҳавога берилмасдан, ҳаддини унутмасдан, мол-дунёга, мансаб-мартабага, шон-шуҳратга эришганда, бошқаларга паст назар билан қарамасдан, барча инсон Яратганнинг бандаси эканини унутмасдан ҳаёт кечириш зарурлиги таъкидланмоқда.

Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳ таоло даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини ҳам ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, деганлар  (Муслим ривояти).

Агар акси бўлса, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига дучор бўлади.

Инсоннинг тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири тупроқда вазминлик, камтарлик, хокисорлик хусусиятлари мавжуд. Демак, инсон ўзининг аслига боқиб, ана шунга монанд тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунёга алданиб, кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотади.

Халқимизда “Камтарга камол” деган мақол бор Бу мақолни жуда кўп инсонлар билса-да, лекин инсоннинг ғурури гоҳида камтарликка йўл қўймайди. Шу ўринда Абу Лайс ас-Самарқандий айтадилар: “Ким ғурурини синдирмоқчи бўлса, тўртта амални қилиши керак бўлади:

Тавфиқни Аллоҳ таолодан билиш. Шунда шукр қилади, нафсига мағрурланмайди.

Аллоҳ таоло берган неъматларга ибрат кўзи билан қараш. Бунда ҳам шукр билан машғул бўлади, амалини кам санайди ва қилган ишига мағрурланмайди.

Амалининг қабул бўлмай қолишидан қўрқиш. Шунда хавфи кучаяди, нафсига мағрурланмайди.

Олдинги қилган гуноҳларига қараш. Агар гуноҳларининг яхшиликларидан оғир келишидан қўрқса, нафсига бўлган ғурури синади. Инсон қиёмат куни номаи аъмолидан нималар чиқишини билмай туриб, қандай ғурурланади?! Албатта, ғурурланиш ва хурсандчилик амал китобини ўқигандан кейин аниқ бўлади.

Кўп гуноҳлар юз беришига кибр сабаб бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, Унинг тоатидан юз ўгиришнинг асосий сабабчиси ҳам банданинг қалбидаги кибру ҳаводир. Шунинг учун Пайғамбаримиз: (с.а.в.) “Кимнинг қалбида хантал уруғича такаббурлик бўлса, жаннатга кирмайди деганлар”. 

Ҳориса ибн Ваҳб (р.а)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам” саҳобалардан: “Сизларга дўзах аҳллари кимлигини айтайми?” деб сўрадилар. Улар: “Ҳа” дейишди. У зот: “Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олиб юрувчилар”, дедилар”.

 Махлуқотлар гултожи бўлган инсон илоҳий амрлардан бўйин товласа, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва карамидан бебаҳра қолади. Шайтон илоҳий амрлардан бўйин товлагани учун лаънатга қолди. “(Эй Мухаммад), эсланг, Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!” деганимизда, саждага боришди, фақат иблис мутакаббирлик билан бундан бош тортди ва кофирлардан бўлди” (Бақара сураси 34-оят).

Барчага маълумки, қадимда яшаб ўтган Фиръавннинг ҳам худоликни даъво қилишига ундаги кибр сабаб бўлган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло уни яратган, унга мол-дунё, саломатлик ва ҳаёти учун барча керакли нарсаларни ато этган эди. У кибр манманликка берилиб малъунлардан бўлди.

            Манманлик қилиб ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл юрти олдида ҳурматини йўқотади. Демак инсоннинг такаббурлик қилиши аҳмоқлик, бемаънилик ва ноҳақликдир. 

Аллоҳ таоло Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни гўзал хулқларга тарғиб қилиб шундай деган: “Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!” (Шуаро сураси, 215-оят). Бу ерда бежизга “қанотингизни паст тутинг” дейилмаяпти. Эътибор берсангиз, қуш ерга пастлаётганда икки қанотини пастга туширади. Агар учмоқчи бўлса, қанот қоқиб, баландлатиб осмонга кўтарилади. Оятда қанотини пастлатишдан мурод камтар бўлиш, ўзини хокисор тутишдир. 

Чиройли муомала, ўзини камтар тутиш инсонни одамларга суюкли қилади. Айниқса, эл назаридаги инсонлар, жумладан, Аллоҳ таолонинг амр ва қайтариқларини етказиш учун мукаллаф бўлган пайғамбарлар ширин сўз бўлишлари кишиларнинг уларга бўлган ихлосларини, муҳаббатларини зиёда қилади. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мўминлар ер юзида камтарлик билан юрадилар, иффатларини сақлайдилар, Аллоҳга итоат этадилар”, деган. 

Яҳё ибн Муоз айтади: “Фақирларни яхши кўришинг пайғамбарлар ахлоқидандир. Улар билан бирга ўтиришни афзал билиш солиҳлар белгисидир. Уларнинг суҳбатидан қочишинг мунофиқлар аломатидандир”. 

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ерга яқин бўлинглар! Зеро, у сизларга макондир (ёки онадек меҳрибондир)” (Табароний ва Қузоий ривоят қилган). Ерга яқин бўлган, ерда ибодат қилган кишининг қалбига камтарлик фазилати ўрнашади. Ерга яқин бўлиш кибрдан саломатлик гаровидир. Банда тупроқдан яратилган, вафотидан кейин яна тупроққа қўйилади.

Кибрли кимса, гарчи ўзини одамлардан анча юқори деб билса ҳам, аслида пастдадир. Камтар инсон одамлар назарида паст мақомда кўринса ҳам, аслида қадр-қиймати, ҳурмат-эътибори баланддир. 

Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатларининг бирида: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас”, - деганлар (Луқмон сураси, 18-оят).

Камтарлик — инсонийлик белгиларидан бири. “Камтар одамлар кўп гапиришдан қочадилар, кўп гапирган янглишади. Тан касалининг асоси — кўп емакдир, қалб касалининг сабаби — кўп демакдир”, дейди ҳазрат Навоий. 

“Камтар бўлсанг, ош кўп, манман бўлсанг, тош кўп”. “Камтар етар муродга, Манман қолар уятга”. (Ҳакимлар бисотидан)

 Оиша онамиз (р.а.)дан ривоят қилинишича: “Расулуллоҳ (с.а.в)га таом келтирилса, иштаҳалари тортса ер эдилар. Агар кўнгиллари тортмаса емасдилар, лекин таомнинг камчилигини айтиб айбламас эдилар” 

Муҳаммад (с.а.в)нинг дуоларини олиб хизмат қилган Анас ибн Молик (р.а.) У зотнинг тавозеликларини эслаб: “Расулуллоҳ (с.а.в)га ўн йил хизмат қилдим. Лекин, менга бирор марта ҳам “Уф” демадилар. Шунингдек, бирор нарса қилсам “нима учун уни қилдинг?”, демаганлар, агар бирор ишни қилмасам “нимага буни қилмадинг?”, деб айтмаганлар” – деганлар. Демак, пайғамбаримиз с.а.в. ҳеч қачон бирор кимсага қўрс ва дағал муомала қилмаганлар. Ширин сўзлик ва мулойимлик билан муомала қилганлари учун ҳам, инсонлар У зотга эргашар, хизматларини қилишга ошиқишар эди. 

Оиша (р.а.)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в) оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар” – деб сўрашганда, у киши: “Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган” – деб жавоб берганлар.

 

 Муҳаммади Қораев


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси, 

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби