1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мусулмон ҳаётида тавбанинг ўрни

23-11-2021, 19:48 305 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло бандаларида ихтиёр қилиш сифатини яратди ва уларга ақл ва қудратни берди. Бандалар ўзларининг хоҳишлари билан, ақлларини ишлатган ҳолда савоб ва яхшилик ёки гуноҳ ва ёмонликлардан қодир бўлганларини қиладилар. Бандаларнинг барчасидан гуноҳ ва хатолар содир бўлиб туради. Мана шу гуноҳкор бандаларнинг Аллоҳ таоло учун энг суюклироғи тавба қилувчиларидир. Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини кечиришни, уларнинг тавбаларини қабул қилишни суяди. 
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
قال الرسول صلى الله عليه وسلم: والذي نفسي بيده لو لم تذنبوا لذهب الله بكم ولجاء بقوم غيركم يذنبون فيستغفرون الله فيغفر لهم
  “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмаганларингизда Аллоҳ сизларни кетқазиб (йўқ қилиб), сизлардан бошқа гуноҳ қиладиган ва Аллоҳга тавба қиладиган қавимни келтирарди ва уларнинг тавбаларини қабул қиларди”, дедилар”.
Бу ҳадис икки муҳим масалага далолат қилади:
Биринчиси: Аллоҳ таоло кечиримли ва тавбаларни қабул қилгувчи Зотдир, кечиришни ва тавбаларни қабул қилишни суяди.
Иккинчиси: Бу ҳадисда тавба қилувчи бандаларга Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилиши ва уларни кечириши хушхабари берилган. Бандалар Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмасликлари, гуноҳларида қайсарлик қилиб, бардавом бўлмасликлари лозим. Балки, Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтишлари керак. Чунки, Аллоҳ таоло уларга тавба ва истиғфор эшикларини очиб қўйгандир. 
Бу ҳадисда яна, инсон ўзининг илми ва амалларига суяниб, амалларини кўп санаб, ўзидан таажжубланиб қолмаслиги кераклигига далолат бор. Чунки, банда гуноҳ қилувчи, хато-камчиликларни содир қилувчи мавжудотдир. Банда қилган хато ва камчиликларига доимо тавба қилиб, истиғфорда бардавом бўлиши, ибодатларни мукаммал адо қилаяпман, мени истиғфорга хожатим йўқ деб ўйлаб қолмаслиги, лозим. Чунки, банда ҳеч бир вақт Аллоҳнинг улуғлилига лойиқ ибодат қила олмайди. Банда фақатгина Аллоҳ буюргандек ибодат қилади. Зеро, бандадан талаб қилинган нарса ҳам айнан шудир.
Аллоҳ барчаларимизни тавба қилувчи бандаларидан қилсин.

Муҳаммад Мирмахаматов
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси