ЯХШИ СЎЗ ЖОН ОЗИҒИ
6001
24-11-2021, 11:26
5 097
Ўқиш режими
+
-
Инсон тили унинг қалбини таржимонидир. Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан ҳам яхши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигин англаса бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “ Инсоннинг юраги тўғри бўлмас экан, унинг иймони тўғри бўлмайди ва инсоннинг тили тўғриланмас экан, унинг юраги тўғри бўлмайди” дейилади. ( Имоми Аҳмад ривояти). Яхши инсоннинг тили ширин, муомиласи ёқимли бўлади. Ғайратли, ўзини жиловлай олган, хушфеъл кишиларга катта ажрлар бордир. Бу ҳақда “ Қуръони Карим” да: “ Уларнинг кўп шивирлаб гапиришларида яхшилик йўқдир. Агар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда –ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот берилади” дейилади. ( Нисо сураси, 114-оят).
Баъзи кишилар хушфеълликка одатланиб қолишади. Баъзилар гўзал хулқ эгаларини кўриш, улардан ибратланиш орқали фазилат касб этишади. Инсон ҳар бир сўзига эътибор бериши лозим. Чунки инсон эрта бир кун ҳар бир сўзи учун жавоб беради. Инсоннинг ҳар бир айтган сўзи ёзиб борилади. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да “ Инсон айтадиган ҳар бир сўзни ёзиб борувчи фаришта ҳозирдир” ( Қоф сураси, 18-оят).
Дунёда яхши одамнинг сўзи ва қўлидан бошқа одамлар озор топмаслиги керак. Ҳадисда: “ Одамларнинг яхши амали бу-уларнинг тили ва қўлидан бошқа кишилар озор топмайдиганидир” (Имом Бухорий) дейилади. Бу ҳадисда олдин тил кейин эса қўл тилга олинади. Чунки қўлдан кўра тилнинг озори кўпроқдир. Халқимизда ҳам бу ҳақда: “ Тиғ яраси битади, тил яраси битмайдиган” деган мақол бор. Шу билан бирга тилни тиймаслик натижасида қўл ҳаракатга келади. Қўл билан бериладиган аксар ҳолатлар тилни тиймасликдан келиб чиқади. Тилни қўполликдан ва қўлни бировларга зулм қилишдан тийиш хушмуомиланинг асосини ташкил қилади.
Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратда яхшилик ато қилсин!
Р, Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими