МУФЛИС К И М ?
6002
24-11-2021, 11:28
453
Ўқиш режими
+
-
Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар:”Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишига, Росулуллоҳ Соллолоҳу алайҳи васаллам: “Муфлис кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Улар: Бизнингча, муфлис на дирҳами, на динори, на бошқа матоҳи бор кишидир, дедик.
Шунда Пайғамбар алаҳиссалам айтдилар:
-“Умматимнинг муфлиси қиёмат куни Парвардигорнинг ҳузурида ўқиган намози, тутган рўзаси, берган закоти билан ҳозир бўлади. (Лекин шу ибодатларни адо этгани ҳолда) у кимнидир сўккан, кимнингдир обрўсини поймол қилган, бировнинг молини еб кетган, бирини урган, бошқасининг қонини тўккан. (Бу мазлумларнинг) бунисига ҳам, унисига ҳам унинг яхшиликларидан олиб берилаверади. Натижада, мазлумларнинг ҳақларидан ҳали қутулмай туриб, (топган барча) яхшиликлари тугаб бўлади. Энди унга даъвогарларнинг гуноҳлари юкланади. Кейин у жаҳаннамга улоқтирилади” дедилар.
“Муфлис” деганда мол-мулкидан айрилган, касодга учраган одам тушунилади. Бундай киши бор будудидан айрилгани ёки иқтисодий инқироз туфайли жуда ҳам танг аҳволда қолади. Бу ҳақиқий касод бўлиш, банкротликдир. Дунёдалик чоғимиз бошимизга касод бўлиш ҳоли тушса, ундан чиқиб кетишга уринамиз. Кўп ҳолларда аввалгидан ҳам яхшироқ ривожланиш ҳам кузатилган. Аммо, барча имкониятлар тугаган, қўлларимизда чорамиз йўқ бўлган, заррадек солиҳ амалга муҳтож бўлиб турган Қиёмат кунида ҳарна тўплаган амалларимиз ўзимиздан олиниб, ёмон кўрганларимиз ҳисобига ўтказилиши, биргина тилни тиймаслик сабаб, бор-йўғимиздан айрилишимиз–ҳақиқий бахтсизлик ўнглаб бўлмас касодликдир.
Аллоҳ таоло бизни бундай мусибатдан ўзи сақласин.
С.Ҳамидов
“Чинорлик” жомеъ масжиди имом ноиби