Ҳозирги кунимизда ачинарли ҳолатлардан бири бу ўзи илмсиз бўлган одамнинг шариатга оид масалаларда кўр-кўрона фатво беришлари ёки қуръон ва ҳадисдан ўзларича ҳукм чиқаришлари бу энг хатарли иллатлардандир. Зеро Расулуллоҳ с.а.в Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилган ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Кимга илмсиз равишда фатво берилса бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки тўғрилик бошқа тарафда эканини билиб туриб, ўз биродарига бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади”-деганлар.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ с.а.в ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида икки муҳим масалани баён қилмоқдалар:
Биринчиси: - илмсиз киши фатво бериши мутлақо мумкин эмаслиги.
Иккинчиси: - билиб туриб, бировга нотўғри йўл кўрсатиш хиёнат эканлиги.
Демак нотўғри ишнинг содир бўлишига ўша илмсиз равишда фатво берган киши сабабчи бўлади. Агар у нотўғри фатво бермаганида ҳалиги одам бошқа биладиган одамдан сўраб, ишини тўғри ҳолда амалга оширган бўларди. Таассуфлар бўлсинки ҳозирда баъзи бир ҳажга ёки умрага бориб келган ҳожиларимиз ўзларида умуман шаръий илмлари йўқ, лекин баъзи инсонларга ўзларини билимдон кўрсатиб ана шунақа нотўғри фатволар бериб ўша савол сўраган одамларни адашганлигигаўзларини гуноҳкор бўлиб қолишига сабаб бўлмоқдалар.
Ҳадиси муборакдаги: Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканини билиб туриб, бошқа бир ишни кўрсатса батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади.
Шу ўринда “ўз биродарига” деган иборага эътибор берайлик. Бундан ўртада биродарлик алоқаси бор одамга нисбатан мазкур ишни қилиб бўлмасада, биродар бўлмаган кишиларга нисбатан қилаверса бўлар экан, деган тушунча келиб чиқмаслиги лозим. Ислом муомала бобида барча инсонларни бир бирларига биродар деб билади. Ислом ҳукми бўйича ҳатто ғайрилинларга ҳам ёлғон гапириб уларни алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда барча одамларнинг биродарлиги кўзда тутилмоқда.
Одатда ишончга, омонатга хиёнат қилган одам “хоин” дейилади. Бир одам иккинчисига ишониб, ундан бир ишни қандай қилай, деб сўраши омонатдир. Ўша сўралган одам ишончни оқлаб, тўғри жавоб берса, омонатга хиёнат қилмаган бўлади. Агар билиб туриб, бошқа нарсани айтса, хиёнат қилган бўлади.
Демак, бир одам қайси бир нарсани сўраса ҳам, билиб, аниқ жавоб бериш керак. Билмай туриб, жавоб бериш ҳам, билиб туриб нотўғри жавоб бериш ҳам гуноҳ бўлади.
Аллоҳ субҳанаҳу ватаоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин!
А. Низомов,
Шаҳрисабз туманидаги “Ҳазрати имом” жоме масжиди имом-хатиби