1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мотуридийлар ва сохта салафийлар орасидаги фарқ

24-11-2021, 20:47 332 Ўқиш режими + -
                      БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  
Қуръони Карим оятлари икки қисм; 
Биринчиси муҳкам оятлар – яъни, маъноси аниқ тушунилган оятлар.
Иккинчиси муташобиҳ оятлар – маъноси аниқ баён қилинмаган оятлар.
Аллоҳ Таоло Оли Имрон сурасининг 7 – оятида: “Аллоҳ сенга қуръонни туширган Зотдир. Унда очиқ – ойдин баён қилинган оятлар ҳам бор. Ва улар Қуръоннинг асл оятларидир. Ва маъноси аниқ баён қилинмаган оятлар ҳам бор. Қалблари адашган кишилар одамларни адаштириш мақсадида, аниқ тушунишнинг имкони йўқ бўлган оятларни қайсарлик билан титкилаб, ўша ноаниқ оятларга эргашадилар. У оятларнинг аниқ маъносини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳақиқий олимлар эса, ушбу оятларга ишондик. Ва бу оятларнинг барчаси Аллоҳ юборган оятлардир дейдилар. Бу сўзларимизни фақатгина ақлли кишиларгина тушунадилар” – дейди. (Бир дарахт остида жуда кўп саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, Аллоҳга ширк келтирмасликка, ўғрилик ва зино қилмасликка, фарзандларини ўлдирмасликка ва яхши ишларда осийлик қилмасликка қўл узатиб ваъда берганлар).
Келинг, бир дона муташобиҳ оятни тафсир уламолари қандай шарҳлашганини ўрганамиз.
Аллоҳ Таоло Фатҳ сурасининг 10 – оятида: «Аллоҳнинг қўли уларнинг қўлларини устидадир» - дейди. Мана шу оятни тафсир ишлмининг катта уламолари қандай шарҳлаганликларини бир ўрганамиз.
Имом Насафий ўзларининг тафсирларида оятни қуйидагича шарҳлайдилар: “Бу ерда  ирода қилинган маъно, ўша ерда байъат қилаётганларнинг қўлларининг устидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ўша Аллоҳнинг қўлидир. Аллоҳ аъзолардан ва жисмоний сифатлардан покдир” – дейдилар.
Имом Мотуридий ўзларининг тафсирларида: “Аллоҳнинг қўлидан мурод, байъат берганларнинг ваъдаларига бериладиган мукофотдир. Яъни, агар улар берган ваъдаларида содиқ бўлсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ҳам уларнинг қўллари устида эди. Бу қўл эса, Аллоҳнинг уларга келажакда берадиган мукофотларининг далилидир. Ёки, Аллоҳ Таоло бу сўзлари билан ўша дарахт остидаги бандаларини тўғри йўлга боршлаши, уларга ёрдам бериши ва ҳисоб – китобсиз мукофотлар ато этишига берган ваъдасидир” – дейдилар.
Ибн Касир раҳматуллоҳ алайҳ ўзларининг тафсирларида: “Яъни, Аллоҳ уларнинг ёнида ҳозирдир, сўзларини эшитиб турибди, турган жойларини кўриб турибди. Ва У   Буюк Зот Ўз Расулининг воситасида байъат қилмоқда” – дейдилар.
Имом Шофеий раҳматуллоҳ алайҳ ўзларининг тафсирларида: “Уларнинг Расулуллоҳга берган байъатлари аслида Аллоҳга берган ваъдаси эканини ўргатмоқда. Шу жумладан, уларнинг Расулуллоҳга қилган итоатлари аслида Аллоҳга итоат эканини ўргатмоқда” – дейдилар.
Худди шу оятни сохта салафийларнинг барчаси Аллоҳ Таолонинг ҚЎЛИ деб шарҳлайдилар. Бунга Аллоҳ бу оятда қўл сўзини ишлатганини ва Аллоҳ таолони юқори тарафда эканини далил қиладилар. Улар ушбу сўзлари билан Аллоҳнинг каломини ўз каллаларига келган фикр билан шарҳлайдилар ва барча ўтган тафсир уламоларининг шарҳларини чиқитга чиқармоқчи бўладилар. Мушкотул Масобиҳ китобида Имом Термизий Ибн Аббосдан бир ҳадис келтирадилар. Унда айтилишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръон оятлари ҳақида ўз фикри билан гапирса, дўзахдаги ўз ўрнига тайёрланаверсин” – дедилар.
Аллоҳ таоло эса, Оли Имрон сурасининг 7 – оятида: “Қалби адашган кишилар одамларни адаштириш мақсадида аниқ тушунишнинг имкони йўқ бўлган оятларни қайсарлик билан титкилаб, ўша ноаниқ оятларга эргашадилар” – дейди.
 Ақида китобларимизнинг барчасида ушбу каби оятларнинг маъносини Аллоҳга ҳавола қиламиз. Уларни маъносини ўзгартириб шарҳламаймиз. Шунчаки Унинг Ўзига топширамиз дейилади.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, сохта салафийлар асл тўғри йўлдан адашган сарсону – оворалардир. Уларга эргашганлар эса, улардан ҳам баттарроқдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир.
 

Хуршид ШАРИПОВ, 
Косон шаҳар Ғоиб – Ота жоме масжиди имом хатиби