1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЛМ ЎРГАНИШ ҲАР БИР МУСУЛМОН УЧУН ФАРЗДИР (1-қисм)

25-11-2021, 10:28 787 Ўқиш режими + -
Ислом дини “жоҳилият” дея аталган даврда нозил бўлиб, улкан илмий бойликни ўзида мужассам этган дин сифатида бутун дунёга маърифат нурини тарқатди. Исломдан олдинги даврни “жоҳилият даври” деб эсланишининг ўзи ҳам Ислом – илм дини эканига очиқ-равшан далилдир. Чунки илм – жоҳилликнинг зиддидир. Илм ўрганиш – ҳар бир мусулмон учун фарздир.
Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди.
Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир! Аллоҳ таоло айтади:
 يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
 ( سورة المجادلة/11)
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят).
Дарҳақиқат, Ислом – дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир! Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар мавжуд. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
﴿طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ﴾
(رواه الإِمَامُ ابن ماجه عن أنس بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)
яъни: “Илм излаш – ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо разияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат томон йўлга бошлаб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмдан рози бўлиб, унга ўз қанотларини ёйишади. Албатта, олим учун осмонлару ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар истиғфор айтурлар. Олимнинг обидга нисбатан афзаллиги худди Ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди” (Имом Термизий ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифларни пухта ўрганган уламоларимиз ундан қуйидагиларни чиқарганлар:
Илм икки қисмга бўлинади – фарзи аъйн ва фарзи кифоя.
Фарзи айн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, соҳасининг илмини чуқур ўрганиши – фарзи айндир. Шунингдек ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарз бўлади.
Фарзи кифоя. Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоасининг зиммасига буюрган амалдир. Мусулмонларнинг бир қисми уни бажариши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким бажармаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади.
Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият кишиларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби –  ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт.
Масалан, тиббиёт ёки муҳандислик илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди шулар кабидир. Бу илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Ўз навбатида, агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.
Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига бевосита боғлиқдир.
(Давоми бор) 


ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди