1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳанафий мазҳабига зид қарашларга раддия

25-11-2021, 16:03 251 Ўқиш режими + -
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ҳанафий мазҳабига зид қарашларга раддия беришдан аввал, бу улуғ мазҳабнинг асосчиси буюк Имом Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида қисқача баён қилишни лозим деб топдик.
Абу Ҳанифа ҳазратлари ҳақида шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, бу мужтаҳид аллома ўз даврининг буюк сиймоси эдилар. Ҳанузгача ҳам Ислом динида ўтган барча мазҳаблар орасида фиқҳий ва ақидавий масалаларда энг кўп эҳтиёж сезиладиган Ҳанафия мазҳабига асос солган зот ҳазрат Абу Ҳанифага Ислом оламидаги етук алломалар томонидан Имоми Аъзам дея сифат берилиши бежизга эмаслиги кундек равшан. Зеро, Аллоҳ таъоло бандаларининг ичидан етишиб чиқадиган ана шундай улуғлар ҳақида марҳамат   қилиб айтадики: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”. (Фотир сураси 28-оят).
Дарҳақиқат, ҳазрат Абу Ҳанифада ушбу ояти каримада зикир қилинган Аллоҳга тақво қилиш сифати юқори даражада эканлиги боис ўз фиқҳий йўналишларида жуда эҳтиёткор эканликлари барчага яхши маълум. 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ривоятларида ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар дин Сурайё юлдузига осилган бўлганда ҳам, Форслардан бир киши уни олади” деб марҳамат қилганлар. 
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳуалайҳи васаллам Аллоҳга қасам қилиб таъкид қилганларидан маълум бўладики, бу илм аҳилларидан ёрқин юлдуз даражасига кўтарила оладиган зот чиқишлигига ишора бор.
Бу ҳадис борасида Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:”Ушбу ҳадисда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга ишора қилинган, чунки Форсийлардан бирор киши Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ даражаларига етмаган”. 
Тарихга назар соладиган бўлсак, Ислом оламида етук илмий салоҳиятга эга ва барча аҳли илмлар эътироф этадиган алломаи замонлар ҳам Имом Абу Ҳанифани илмларини тан олишган ва ҳатто улар бу зотнинг мазҳаблари бўлмиш Ҳанафия мазҳабида ибодат қилишганлигини гувоҳи бўламиз. Инчунин, муҳаддисларнинг устози дея тан олинган Имом Яҳё ибн Маъин шундай деганлар: ”Мен қироъатда -Ҳамзанинг қироъатида, фиқҳда эса Абу Ҳанифанинг мазҳабидаман”. 
Демак, мана шундай муҳаддисларнингустози каби забардаст уламолар Имом Абу Ҳанифа илмларини эътироф этиб, Ҳанафия мазҳабида эканликларини  баён қилиб турганларида баъзибир тоифа вакиллари ушбу улуғ Имом ва у зотнинг мазҳабларига таъна-ю дашном қилишларини ҳеч бир ақилли одам қабул қилмайди. 
Афсуски, уммат орасида фитна қўзғайдиган, Исломият учун заррача фойда келтирмайдиган, мужтаҳидлик у ёқда турсин тўғри ақидалик оддий бир мусулмончалик бўла олмайдиган, илми ҳамин қадар даъвогарлар ҳозирги вақтда интернет сайтларида ўтириб олиб, дунё мусулмонларининг энг кўп қисми ибодат қилаётган Ҳанафия мазҳабига зид бўлган тумтароқ фикрларини уялмасдан баён қилишга уриняптилар. 
Ваҳоланки, биз уммати Муҳаммадия, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зоти бобарокатга эргашган салафи солиҳинларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ҳақларида билдирган беназир фикрларини оламизми ёки ақидада адашган пуч ғояли давогарларнинг сўзларига қулоқ тутамизми ?! 
Модомики, шундай экан юқорида Абу Ҳанифа ҳақларида келтирилган ҳадиси  шарифлар, дунёга устозлик қилган уламоларнинг фикрлари мана шундай бузуқ ақидали, Ҳанафия мазҳабига  қарши зид фикр билдираётган даъвогарларга  айни раддиядир. Зеро, улуғлар томонидан илми эътироф этилаган, улуғ сифатлар билан сифатланган тақво аҳлига ўрнак бўлган бундай буюк зотнинг тутган йўллари хато бўлиши мумкин эмаслигини ҳар қайси аҳли солиҳлардан бўлган тўғри эътиқоддаги мусулмонлар яхши билишади. 
 
Зайниддинхон Абдулхайиров,  
“Эшон пир” жоме масжиди имом-хатиби