Дўстлик шундай бир илоҳий хазинаки, ҳаёт йўлинг, ташвишли ва севинчли кунларинг у билан тотли ўтади. Ҳаёт мураккаб, лекин лаззатли. Инсоннинг дўстсиз яшаши жуда ҳам қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ёнида ўзига яқин инсонлари - ота-онаси, қариндош-уруғлари билан бир қаторда дўсти ҳам туришини ҳохлайди.
Уламоларимиз ҳадиси шарифларга биноан дўст танлашда қуйидагича тавсияларни берганлар:
Дўстинг ақлли бўлсин. Чунки, ниятлари яхши бўлгани билан ақлсизлиги сабабли яхшилик қиламан, деб ёмонлик қилиб қўядилар. “Ақлли душмандан қўрқма, аҳмоқ дўстдан қўрқ”, “Дўстинг ўзингдан яхшироқ бўлсин”, каби ҳикматлар бежиз айтилмаган.
Дўстинг диёнатли, эътиқодли бўлсин. Дўст тутинадиган кишининг диёнатли ва одобли бўлгани яхши, чунки диёнатсиз одам ўз-ўзининг душманидир. Ўз-ўзига душман бўлган киши қандай қилиб бошқаларга дўст бўлсин.
Дўстинг гўзал ахлоқли бўлсин. Дўстимиз бизни фақат яхшиликка ундовчи, зарарли ишлардан тўхтатувчи киши бўлиши керак. Заиф ахлоқли одамлар билан дўст бўлиш киши ахлоқининг бузилишига сабаб бўлиши шубҳасиз.
Дўстинг самимий ва насиҳат берувчи бўлсин. Дўстимиз насиҳат берувчи, хатоларимизни кўрса, улардан огоҳлантирувчи ва танқид қилувчи бўлиши керак.
Дўстинг сирларингни ва айбларингни сақлагувчи бўлсин. Дўстлар билан суҳбатлашиш, қайғу ва шодликлари, сирларини уларга сўзлаш ҳар бир одамнинг эҳтиёжидир. Киши сирларини дўстларига айтиб ором олади. Дўстларимиз бизни тинглаб ёрдам қилувчи, ўзларига ишонилган сирларни сақловчи бўлишлари керак.
Имом Ғаззолий айтади: “Меҳрибон дўст тўғри йўлдан, эзгулик йўлидан адашиб, итоатсизлик ва гуноҳ сўқмоғига қадам қўйиб қолганингда сени тўғри йўлга бошлаш учун жон чекадиган ва бу ишни ўзининг мажбурияти деб биладиган кишидир. Самимий дўст айбингни кўрганда уни очишга интилмайди, ютуқ-фазилатларингни эшитганда ўн баробар ошириб кўрсатади, сенга қилган илтифотини юрагида сақлайди, сендан кўрган фойдасини эса унутмайди, у билан муносабатда хатога йўл қўйсанг, жаҳлланмайди, кечирим сўрасанг, афв этади. Оғзи шалоқ, ҳаммадан норози юрадиган ва ўзини ёмон тутадиган кишига ҳамма душман. Ёлғон гапирмайдиган, сўзида турадиган ва бировнинг дилини оғритмайдиган кишига эса ҳамма дўст”.
Қуйида буюкларнинг дўстлик ҳақидаги фикрларини келтириб ўтамиз: Дўстлик бебаҳогина эмас, гўзаллик ҳамдир: биз дўстларни ардоқлаган кишини шарафлаймиз, кўп дўстга эга бўлиш аллақандай ажиб нарсадек туюлади. Баъзилар эса ҳатто яхши одам билан дўстни мутлақо бир-биридан ажратмайдилар. АРАСТУ.
Дунёдаги жами иззат-икромлар биргина яхши дўстнинг ўрнини боса олмайди. В.ВОЛЬТЕР.
Дунёда дўстликдан афзалроқ ва ёқимлироқ ҳеч нарса йўқ: умрдан дўстликни ўчириб ташлаш дунёни қуёш нуридан маҳрум этиш билан баробар. Дўстлик қанчалар хилма-хил имтиёзларни ўзида жамлаган. Қаёққа қараманг, у сизнинг хизматингизда , у ҳамма жойда муҳайё, у ҳеч вақт жонингизга тегмайди, у ҳеч қачон шунчаки сабабсиз келмайди, у муваффақиятларга янгича мазмун бахш этади, у кўмаклашганда ҳар қандай омадсизликлар ҳам аста чекинади. ЦИЦЕРОН
Ака-ука дўст бўлмасликлари мумкин, лекин дўст –ҳамиша ака-ука.
Б. ФРАНКЛИН.
Тез дўстлашма, дўст бўлдингми, бир умр дўстлигингча қолишга интил, нега деганда биронта дўсти бўлмаслик ҳам, дўстни ҳадеб алмаштириш ҳам бирдай уятдир. СУҚРОТ.
Ўзингга дўст танла: ёлғиз ўзинг бахтли бўлолмайсан. Бахтни икки киши яратади. ПИФАГОР.
Шу ўринда машҳур ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” китобидаги қуйидаги ҳикояни келтириб ўтсак. “Бир одамнинг қадрдон уч дўсти, тақдир тақозоси билан уч шаҳарда яшар эди. У дўстларининг садоқатини синамоқни хаёл қилди. Аввал бирига хизматкорини жўнатди. Хизматкор хожасининг иши юришмай, қарзга ботганини айтди. Дўст уни юпатиб, у айтган қарзни тўлашга етгулик миқдордаги пулни бериб, изига қайтарди. Синовчи дўст биродарининг бу карамидан қувониб, хизматкорини иккинчи шаҳарга жўнатди. Иккинчи шаҳардаги киши ҳам дўстининг қарзга ботганини эшитиб ғоят қайғурди. Эртасига хизматкорнинг қўлига қарзни қоплайдиган ва яна ўн йил давомида тирикчиликка асқотадиган маблағ бериб жўнатди. Синовчи дўст бундан ҳам қувонди, шундай дўстларни берганига Аллоҳга шукрлар қилди. Учинчи шаҳарга жўнатишдан олдин хизматкорига қаттиқ тайинлади: -Бу дўстим бадавлат эмас, ўзи олим одам. Унда илмдан бошқа нарса йўқ. Шу сабабли «хўжайинимнинг аҳволи хароб, катта қарзга ботган», деб ваҳима қилма. «Ишлари ёмон эмас, фақат беш тангагина қарзлари бор, Худо хоҳласа яқин кунларда қарздан қутилиб, ишлари авж олиб кетади», - дегин.
Хизматкор олим дўст ҳузурига бориб хожасининг буюрганини билдирди. Олим дўст бу хабарни эшитиб, бошини эгди. Сўнг ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Хизматкор ўтирган уйига назар солди: йиртиқ палосу эски кўрпачадан бошқа ҳеч вақо йўқ экан. «Ҳеч бўлмаса беш тангаси бордир», деб ўтирганида уйга нотаниш одам кирди-да: -Хожаси беш танга қарз бўлиб қолган хизматкор сенмисан? - деб сўради. -Ҳа, - деб жавоб берди хизматкор. -Мана сенга беш танга, буни шу уй эгаси бериб юборди. -Ўзлари қанилар? -Ўзи меникида. У қул бозорида ўзини менга беш тангага сотди. Бу гапдан хизматкор ҳам ажабланди ҳам даҳшатга тушди. Қулдорга эргашиб унинг уйига борди ва олим дўст қаршисида тиз чўкиб:
-Ундай қилманг, пулни қайтариб берайлик, - деб ялинди. -Мен бу одам билан шартлашиб, беш танга эвазига беш йил ишлаб беришга ваъда берганман. Ваъдамга хилоф қила олмайман. Дўстимни муҳтожликдан қутқариш учун беш йил ишлаб бериш мен учун ҳеч гап эмас, - деган экан олим дўст”.
Дўстга вафодор бўлиш унинг муҳаббатида умрининг охиригача собит туриш, унинг ўлимидан кейин болалари ва дўстлари билан бирга бўлишдан иборатдир.
Азамат УСМОНОВ