Миссионерларнинг қандай зарарлари бор?
6026
27-11-2021, 10:15
488
Ўқиш режими
+
-
“Миссионерларнинг қандай зарари бор?” деб сўралса, қуйидагиларни айтиш мумкин:
Биринчидан, миссионерлик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунёқараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса ўз навбатида одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради.
Иккинчидан, “ташвиқот” натижасида бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз “диндошлари”га бошқача муносабату “ғайрилар”га ўзгача муносабат шаклланади ва бу муносабат оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка ҳамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Учинчидан, бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил ҳал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам муаммолар бўлишига олиб келади.
Тўртинчидан, ўзга таъсир доирасига тушганларнинг миссионерлар тобеъларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разил ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан чалғитишнинг энг яхши воситаларидан ҳисобланади.
Миссионер инсонни жалб қилиш мақсадида одамга ширин ва мулойим сўзларни айтиши, керак бўлса, унинг ташқи жиҳатлари ёқимли экани, кийими ўзига жуда ярашгани, юзи нуронийлиги ва шу каби мақтов сўзларини айтишдан тап тортмайди. Агар унга телефон рақамингизни ёки уй манзилингизни берсангиз борми, минг узрлар билан сизни безовта қилишни бошлайди.
Даъватчилар фан ва техника ривожлангани сари тарғиб қилишнинг китоб ва варақалар таркатиш услубларидан интернет, радио, телевидение, журнал ва газета каби замонавий ютуқлардан тобора кенг фойдаланишга ўтишяпти.
Африка халқлари ўртасида машҳур бир гап юради: “Миссионерлар бизнинг ёнимизга келганида уларнинг қўлида Инжил, бизнинг қўлимизда ер, мол-мулк бор эди. Бироз вақтдан сўнг бизнинг қўлимизга Инжил, уларнинг қўлига ер, мол-мулк ўтди”.
Аччиқ бўлсада шуниси ҳақиқатки, Ислом динини қўйиб, насроний бўлиб кетаётганларни динимизда муртад (диндан қайтган) дейилади. (Аллоҳ ўз паноҳида асрасин) ва улар тўғрисида бир қанча ҳукмлар жорий бўлади:
- Ундай кишиларнинг мусулмон қариндошларидан мерос олишга ҳаққи бўлмайди;
- Улар мусулмон аёлларга уйлана олмайди;
- Агар мусулмон хотини бўлса, ўрталарига талоқ тушади;
- Вафот этса, жаноза ўқилмайди ва мусулмонларнинг қабристонига дафн этилмайди.
- Сўйган ҳайвонининг гўшти ҳаром бўлади.
Умуман олганимизда, инсон оила, маҳалла, жамиятдан айри яшай олмайди. Шу сабабли, ўзимизга жиддий эътибор каратмоғимиз, эътиқод ва иродамизни бўшаштирмаслигимиз ва қолаверса, ён-атрофимиздаги кишиларга нисбатан масъулиятимизни ҳис этишимиз даркор. Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтиб, тўғри йўлни топишига сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсалардан аъло экани тўғрисидаги ҳадисни эсдан чиқармайлик.
М. Қораев Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби