Фарзанд тарбияси инсон ҳаётидаги энг мураккаб ва масъулиятли ишлардан бири бўлиб, бу ўзини ҳурмат қилган ҳар бир ота-она учун жуда муҳим масала ҳисобланади. Бу жараён эса миллат келажагини белгилаб беради. Аввало ота-оналар биринчи галда ўз маънавиятини имкон қадар юқори даражада бўлишига эътибор қилиб, ўзлари фарзандларига намуна бўлишлари лозим.
Оилада фарзанднинг катта бир инсон, мукаммал шахс сифатида тан олиниши, спортга ва меҳнатга қизиқтирилиши, ундан гоҳида енгил ишларда маслаҳат олиниши самара кўрсатади.
Бола тарбиясига энг биринчи навбатда ота-она жавоб беради. Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпти. Айни чоғда қатор муаммолар келтириб чиқаряпти. Интернет, уяли телефон орқали ёшларимиз қайси каналларга сайтларга кираётганликлари, ким билан нима ҳақида ёзишаётганликларини назорат қилиб туришлари лозим. Бундан ташқари китоб ўқиш, китобга меҳр муҳаббат қўйишга ундаши, ёшига қараб эртак ёки ҳикоялар айтиб, боланинг тасаввурида эзгулик, меҳр оқибат шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўтган улуғларимиз бола хулқи бузилишига кўпинча ота-она сабаб бўлишини таъкидлашган. Бунга асосий ички сабаблар: Оилани бошқаришда ота-онанинг аниқ мақсади йўқлиги, бола тарбиялашни билмаслик, моддий таъминотни ҳаддан ошириб юбориш ёки умуман таъминламаслик, боланинг таълим олишдан мақсади йўқлиги ёки дарсларни ўзлаштиролмаслиги, мактабга ота-она мажбурлаши билан бориши, боланинг ота-онадан қониқмаслиги, ота-онадан меҳр кўрмай, бошқалардан ширин сўзлар эшитиши, ота-она фарзанди олдида жанжаллашиши, ота-она фарзандларидан бирини мақташи, бошқасини эътиборсиз қолдириши, кичик хатони бўрттириш, боланинг хатосини тўғри тушунтирмаслик, бошқа болаларга солиштириш каби хатолар болани тарбиясида катта хатоликларга олиб келади.
Уйимиз, яшаб турган жамиятимиздаги муҳит, таълим-тарбия муассасалари буларнинг барчаси тарбия омилларидир.
Ота-оналар фарзанд тарбиясида асосий кучни бола онгида яхшилик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, адолат, ўз ўзига ишонч, мустақиллик, ғурур, атроф-муҳитга қўшилиш, касб-ҳунар орттиришга йўналтиришлари лозим.
Фарзанд—Оллоҳ берган ҳадядир. Улар кўз қувончимиздир: Ким фарзандига чиройли тарбия берса, Оллоҳ таоло унга шу дунёнинг ўзида мукофотини беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ота фарзандига чиройли тарбиядан кўра, яхши одоб беришдан кўра яхшироқ нарса мерос қолдирмаган», деган ҳадислари бор.
Фарзандларимиз ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва маьсулиятини доимо ҳис қиладиган комил инсон бўлиб етишишида Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин!
Арслон НорқуловКосон тумани “Абдураҳмон Ҳалифа”жоме масжиди имом-хатиби