Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Маълумки, кўплаб юқумли касалликлар гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабабли келиб чиқади. Ваҳоланки, Ислом дини ўн тўрт аср муқаддам бу масалани ҳал қилган эди. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасининг 222-оятида шундай марҳамат қилади: "Албатта, Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади". "Тавба" сурасининг 108-оятида эса "Аллоҳ покиза зотларни севар",- дея марҳамат қилинади.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деган: "Эй одамлар, албатта, Аллоҳ пок ва покликдан бошқа нарсани қабул қилмайди". Покизалик иймондандир. Иймон эгаси билан жаннатда ҳамроҳ бўлади.
Шунингдек, яна бир ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қилади: "Кимки қўлида овқат ҳиди билан кечаси ухласа, кейин шунинг натижасида қўлида оғриқ ва қичима пайдо бўлса, фақат ўзини маломат қилсин" (Бухорий ривояти).
Абу Зарр (р.а.) қилган ривоятда Пайғамбар (с.а.в.) шундай деган: "Умматимнинг яхши ва ёмон амаллари менга маълум қилинди. Уларнинг яхши амаллари орасидан ҳаттоки йўлдан одамларга озор берадиган нарсалар (чиқиндилар, тикан, хас ва бадбўй нарсалар) олиб ташлашни топдим (Муслим, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Таҳорат ва поклик барча ибодатларнинг асосидир. Бинобарин, мўминнинг руҳий меърожи ва диннинг рукни ҳисобланмиш намоз ҳам фақат ва фақат поклик билан тўкис бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур даъватлари ҳар бир мусулмоннинг ҳар доим ёдида турмоғи лозим.
Зеро, Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизни тоза, озода, ичимлик сувимизни мусаффо бўлишига, ўзимизни эса покиза юришга буюради.
Мансурхон ТУРСУНОВ,
Нишон туман “Наврўз” жоме масжиди имом – хатиби