1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БИР ҲАДИС ШАРҲИ

4-12-2021, 11:15 303 Ўқиш режими + -

Абу Ҳурайра розийаллоҳу андуҳан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло айтади – Қиёмат куни мен уч тоифа одамнинг хусуматчиси бўламан:”
1. Менинг номим билан онт ичиб ваъда бергач, ваъдасига вафо қилмаганнинг. 
2. Ҳур одамни қул қилиб, сотиб пулини еганнинг.
3. Бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаганнинг – деди. (Имом Ал-Бухорий).
Муҳтарам азизлар, ўйлаб кўрайлик жинояти кўриб чиқилаётган жиноятчига қозининг ўзи даъвогар, хусуматчи бўлишини, ваҳоланки жиноятчига оғир ёки енгил жазо қўлловчи ҳам, уни авф қилувчи ҳам, қозининг ўзи-ку. Қиёмат кунининг подшоси ва қозиси Аллоҳ таолодир, хоҳлаган бандасини адолат билан жазолайди ёки фазлу марҳамати билан мағфират қилади. Худо сақласин, гуноҳимизни авф этиб, ўз раҳмати билан бизни жаннатга киритадиган Аллоҳ бизга хусуматчи бўлса ҳолимиз не кечади? Албатта Аллоҳ таоло одил зот, ҳеч қачон бандасига зулм қилмайди, лекин банда бошқа банданинг ҳақига ҳиёнат қилган бўлса уни адо қилмагунча ундан рози бўлмайди. Ҳозирги кунларда юртдошларимиз орасида шундай воқеалар бўлмоқда. Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичиб, уни бузишлик шайтоний амаллардан бўлиб, инсонни ҳалокатга олиб борувчи ишдир. Айниқса бу қасам билан ваъда бериб вафо қилмаслик мўъмин кишига хос бўлмаган “Мунофиқлик” ҳислатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мунофиқлик аломати учтадир: Агар гапирса ёлғон гапиради, агар ваъда берса ваъдасига хилоф қилади, агар омонат берилса хиёнат қилади деганлар. Мунофиқлар эса дўзахда динни инкор қилган кофирлардан ҳам тубанроқ даражада бўладилар. Ҳозирги кунимизда ҳам шунақанги ёлғон қасам ичишлик учраб туради. Масалан,  савдо - сотиқларда молини қиммат баҳога ўтказиш ёки бирор ишни  битиришлик учун ёлғондан тап тортмай қасам ичадилар. Оқибатда кимгадир жабр, моддий ва маънавий зарарлар бўлади. Жамиятда инсонларнинг бир-бирига бўлган ишончи йўқолади. Ҳаттоки Аллоҳ таолонинг номи билан гапирганда ҳам! Мана шунинг учун Аллоҳ бундай кимсалардан ғазабланади. Чет элларда катта пул ваъда қилиб олиб бориб бирга яшаб турган ватандош оға-иниларимизни ҳақ-хуқуқсиз хизматчига айлантиришлик, чеварлик, пазандалик ёки энагалик хизматлари учун олиб борилган опа-сингилларимизни ишратхоналарга сотиб келишлик кўп учряпти. Ачинарлиси шуки, бу жирканч хиёнат ва жиноятларни битта ватанда яшаб турган юртдошларимиз тарафидан содир этиляпти. Ҳар бир инсон учун энг олий неъмат бу ҳурлик ва озодлик неъматидир. Арзимаган молу дунё учун, эркагу аёл юртдошларимизни шундай ҳор аҳволга тушириш, нафақат мусулмонликка балки инсонийликка ҳам хос эмас. Аллоҳ таоло бундай нобакор, разил инсонларни кечирмайди ва раҳмат назари билан боқмайди. Тирикчилик ва аҳлу – оиласига нафақа илинжида ишлаган меҳнаткашни хизматига яраша иш ҳақини бермай ёки камайтириб беришлик ҳолатлари ҳам учраб турмоқда. Абу Ҳурайра Р.А дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Асҳобларидан “Муфлис ким?” – деб сўрадилар. Саҳобалар “Пулсиз ва ҳеч вақосиз қолган киши” – дедилар. Шунда Пайғамбаримиз “Менинг умматимнинг муфлислари намозу рўза ва бошқа ибодатлар билан бориб, бировни молига хиёнат қилганлиги, бировнинг ноҳақ айблаганлиги, бировнинг қонини тўкканлиги учун унинг жамики савоблари ҳақдорларга олиб берилиб, у савобсиз қолиб оқибатда дўзахий бўлган киши” – деган эканлар. (Имом Ал-Бухорий).
Муҳтарам юртдошлар бир-биримизни ҳақларимизга хиёнат қилиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишдан паноҳ тилайлик.     
 
Отабек ЗАЙНИДДИНОВ, 
Китоб тумани “Алақўйлиқ” жоме масжиди имом-хатиби