1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Конституция - давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган ҳужжатдир

7-12-2021, 11:19 540 Ўқиш режими + -
Ер юзидаги ҳар қандай давлат тараққиётга эришиш учун кўпдан кўп қатъият ва қадриятларга қатъий амал қилиши зарур. Бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга, миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар бериш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш аввалбошдан Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келяпти.
Маълумки, ҳикмати бениҳоя Роббимиз бу дунёдаги каттаю кичик ҳар бир воқеликка, ҳар бир сиру синоатга бир сабабни боғлаб қўйган. Масалан, инсоннинг моддий дунёдаги ҳаёти унинг ҳар бир жабҳасини тартибга солиб турувчи ижтимоий-иқтисодий асосга боғлиқдир. Аллоҳ таоло бу оламларни Ўзининг илоҳий низоми асосида қоим қилиб турганидек, У Зотнинг ердаги халифаси бўлмиш инсон ҳам ўзи яшаётган жамиятни бошқаришда муайян низомга, маълум қонун-қоидаларга асосланади. Ана шу низомнинг қанчалик етуклиги, илоҳий қонун-қоидаларга мутаносиблигига қараб, унинг бу дунёдаги ҳаёти шунчалик баркамол, сермазмун кечади, унинг ўзига ҳам, келгуси авлодларига ҳам манфаатли бўлади. Шунинг учун бугунги кунда ҳар бир давлатнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини, аҳолисининг турмуш даражасини, ҳаётининг фаровонлигини, фуқароларининг ижтимоий-ҳуқуқий хавфсизлигини ушбу давлатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тузумини белгилаб берувчи Низоми, яъни Конституцияси ҳисобланади. Конституция, яъни Асосий Қонун ёки Дастур – давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган ҳужжатдир.
Она-Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб мустақил давлат янги қонунчилигининг яратилиши ва қабул қилиниши борасида дадил қадам ташланди. Бу борада керакли чора-тадбирлар амалга оширилди. Дастлабки қабул қилинган қонунлардан бири Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлиб, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди.
Конституция бу бизнинг фахр ва ифтихоримиздир. Конституция бу ҳар бир давлатнинг асосий рамзларидан бўлиб, унинг жаҳон давлатлари ўртасида қадр-қимматини билдиради. Халқаро конституциявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжат қоидаларини инобатга олиш, миллий давлатчилик анъаналардан келиб чиқиб жаҳон андозаларига мос бўлиб, халқаро талабларга жавоб берадиган Мустақил Ўзбекистонимизнинг бош қомуси,  юртимиз истиқлолга эришгач, янги мустақил давлат мақомини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурати туғилгач Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган.
Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилгандир десак муболаға бўлмайди.
Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма тўққиз йиллиги байрамини нишонлаш арафасида турибмиз. Асосий Қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари,эркинликлари ва бурчлари бўлими” 18-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, деб ёзиб қўйилгани айни сўзимизга мисолдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди.
Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимизда яшаб келаётган инсонларни тенглиги, уларнинг тили ва диний урф-одатлари ҳамда миллий қадриятларининг гарови сифатида кишилик жамиятини барча жабҳаларда тараққиётга эришишга хизмат қилиб келмоқда. Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир мовий гумбаз остида тинч-тотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга татбиқ этилганлигидан ва диёримиз кишиларининг бағрикенглигидан дарак беради.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. Ушбу ояти кариманинг мазмун ва маъносига аҳамият қиладиган бўлсак, инсонларни мукаррам қилиб яратилганлигига, унга берилган барча ҳақ-ҳуқуқларидан оқилона фойдаланиши, берилган барча неъматлардан фойдаланишига ва унинг шукрини қилиб фаолият олиб боришга ундамоқда.
Асосий Қонунимиз лойиҳаси уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилик тажрибасини, халқаро инсон ҳуқуқлари мезонларини ўзида мужассамлаштирди. Қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган.
Бу қоида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир:“Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз”.
Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади:
инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилиш;
инсоннинг ақлини муҳофаза қилиш;
инсоннинг динини муҳофаза қилиш;
инсоннинг наслини муҳофаза қилиш;
инсоннинг мол-мулкини муҳофаза қилиш.
Ишонч билан айтамизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Ватанимизда яшовчи барча фуқаролар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланмоқдалар.
Конституциямизнинг бошқа давлатлар конституциясидан фарқли жиҳати шундаки, унда оилани мустаҳкамлашни таъминлайдиган ҳуқуқий асос сифатида махсус “Оила” боби киритилганидир. Унда оила муносабатлари эр билан хотин, ота-она билан болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек, болалар тарбиясига оид йўналишлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимизда оила муносабатларига оид қилинган барча ҳужжатлар, жумладан, Оила Кодекси ҳам айнан мана шу тамойил ва қоидалар негизида ишлаб чиқилган.
Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, дея белгилаб қўйилган. Зеро, жамиятимизда ота-оналар билан болалар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва иззат юксак қадрланади.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, сен ҳам яхши кўргин” деганларини эшитдим”. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деб айтганлар.
Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзда, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар: 1.Эмизиш. 2. Болага муносиб исм танлаш. 3. Ақиқасини қилиш. 4. Ҳомийлик қилиш. 5. Нафақа билан таъминлаш.6. Болага меҳрибонлик кўрсатиш. 7. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш. 8. Муносиб ва чиройли таълим ва тарбия бериш.
Асосий қонунимизнинг 66-моддаси бошқа Конституцияларда акс этмаган шарқона инсонийликни ўзида мужассам этгани, яъни ота - она ва болалар ўртасидаги яқинлик, ғамхўрлик ҳамда меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш ғоясини ифодалаганини эса алоҳида таъкидлаш лозим: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”. Зеро, бу ҳаёт, турмуш тарзимиз болалардан ўз ота-оналари ҳақида ҳар доим ғамхўрлик қилишни талаб этади. Бу эса ҳар бир фарзанднинг ота-она олдидаги ҳам инсонийлик, ҳам конституциявий мажбуриятидир.
Динимиз ёши улуғ кексаларга нисбатан эътиборли бўлишга чақиради. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилган: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”(Исро сураси 24 оят). Яъни, ота-онага нисбатан, безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдирадиган гапларни ишлатиб, ранжитиб бўлмайди.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасини қариган пайтларида топса-ю, икковларига ёки бирларига (хизмат қилиб) жаннатга кира олмаса, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин!”, дедилар.
Улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, фарзандининг хизматига муҳтож бўлганларида, фарзандлар учун масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач, унинг кўнгли ҳам нозик бўлиб қолади, ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай вақтларда фарзанд ота-онанинг хизматида бўлиши лозим.
Конституцияда, айниқса, таълим соҳасига алоҳида урғу берилган. Барчамиз яхши биладиган 41-моддада бепул таълим олиш ҳуқуқи белгиланган. 42-моддада эса “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилиши мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг дастлабки йилларданоқ таълим ва илм-фан ривожига эътибор қаратилгани, бунинг негизида эса, шубҳасиз, ёшларнинг зиёли, юксак тафаккур ва билимга эга бўлишлари учун амалга оширилажак саъй-ҳаракатлар ётади.
Аллоҳ таоло: "Агар билмайдиган бўлсанглар, аҳли илмлардан сўранглар" (Наҳл сураси, 43 оят), дейди. Ҳадисда: "Илмни, гарчи Чинда бўлса ҳам, талаб қилинглар", дейилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: "Илм йўқолишидан олдин уни маҳкам тутинглар, илмнинг йўқолиши илм соҳибларини кетишидир. Илмни маҳкам тутинглар, чунки ҳеч ким қачон унга муҳтож бўлишини билмайди", дедилар.
Конституциясимизнинг аксар қонунлари динимизда мўътабар бўлган манбалар Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга мос келади. Шунинг учун ҳам Конститутсиясимиз қонунларига амал қилиш инсонни дунё ҳаётида бахтли, фаровон, тинч-тотув ва осойишта яшашини таъминлайди. Шундай экан Конституциясимизда белгиланган қонунларга амал қилиб яшаш барча шу юртда яшаётган инсонларга зарур бўлади.
 
М. Қораев
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари