1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Аҳли суннат вал жамоат

7-12-2021, 11:33 710 Ўқиш режими + -
Аҳли суннат вал жамоат деб, Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобаи киромлар ва уларнинг шогирдларига эргашувчи жамоатни айтилади. Яъни, Пайғамбар алайҳиссаломдан саҳобалар ўрганишган, саҳобалардан уларнинг шогирдлари ўрганишган, улардан имом Аъзам ва имом Молик ўрганишган, улардан имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, улардан имом Шофеъий ва имом Аҳмад роҳматуллоҳ алайҳлар ўрганишган ва улар ёзиб қолдирган китоблари ва шогирдларидан эса, биз ўргандик. Кимки, ўз эътиқодини мана шу тартибда ўрганса, ўша одам аҳли суннат вал жамоатдадир. Кимки, мана шу инсонлар ортидан эргашмасдан, динимни булардан ўрганмайман, ўзим Қуръон ва Ҳадисдан ўрганаман деса, шубҳасиз адашади.  
Бир куни Имом Шофеий олдиларига бир қария келиб, Аллоҳнинг динида нима далил бўлишини сўради. (Яъни, биз эътиқод қилаётган ва амал қилаётган барча масалалар, аниқроғи Аллоҳга бўлган ишончимиз, ўқиётган намозимиз ва барча бажараётган ишларимизни нимага асосланиб бажарамиз, ҳеч бир иш бирор асоссиз бажарилмайди. Биз нимага асосланиб бу ишларни бажараяпмиз).
Имом тўхтамасдан: “Аллоҳнинг китоби”, дедилар. (Яъни, қилаётган барча эътиқоду – амалларимизни Аллоҳнинг китобига мувофиқ бажарамиз. Аниқроғи, ҳар бир қилаётган ибодатимиз Унинг китобига мос келиши шарт). 
Чол: “Яна нима?”-деб сўради.
Имом: “Аллоҳ Расулининг суннати”-дедилар.
Чол: “Яна нима?”-деб сўради.
Имом: “Уммат иттифоқи”-дедилар. (Яъни, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳнинг шогирдлари бўлмиш саҳобаларнинг, уларнинг шогирдлари бўлмиш тобейинларнинг ва уларнинг шогирдлари бўлмиш мазҳаб уламоларининг иттифоқ қилган масалалари).
Чол: “Уммат иттифоқи Аллоҳнинг динига далил бўлишига далилингиз борми?”-деб сўради.
Имом Шофеий раҳматуллоҳ алайҳ бироз жим қолдилар.
Шунда бояги чол: “Менга аниқ жавоб айтишингиз учун сизга уч кун муҳлат бераман. Уч кундан сўнг яна келиб саволимнинг жавобини сўрайман”-деди.
Имом уйларига келиб масаланинг жавобини излай бошладилар. Ваниҳоят, масаланинг жавобини Аллоҳнинг китобидан топдилар. 
Қуръони Каримнинг Нисо сурасининг 115 - оятида: “Ким ўзига ҳидоят равшан бўлганидан кейин пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой”, деди.
(Яъни, кимки Ислом уламолари иттифоқ қилган нарсага Қуръон ва Суннатдан далил келтирмасдан хилоф қилган киши дўзахийдир). 
Билмоқ лозимки, қанча – қанча саҳобалар, ўн минглаб тобейинлар ва уларнинг шогирдлари айтган нарсани хато, ўз айтганини эса тўғри деган киши ақлсиздир.
Чол келиб ушбу масалани сўраганида имом шу тарзда жавоб бердилар.
Шунда чол: “Тўғри айтдингиз”-деди.
Хулоса ўрнида. 
Бугунги кунда инсоният мислсиз ютуқларга эришаётгани бор гап. Бироқ, инсонлар илмий тарафлама ўта саёзлашганлари ҳам кундек равшандир. Худди шу жумладан мусулмонлар ҳам. Улар ўз эътиқод масалаларини асло ўрганмай қўйдилар. Бунинг жазоси ўлароқ, улар орасига бошқалар томонидан фитна ва фасодлар киритилди. Улар динсизликни дин деб ўйлашни бошладилар. Бир-бирларига душман бўлдилар ва кофирга чиқара бошладилар. 
Бунинг биргина чораси бор, у ҳам бўлса, қаерда тўхтаган бўлсалар ўша жойдан қайта давом эттириш. Яъни, мусулмонлар ўз бошларидаги фитналардан қутулиш учун энг аввало ўз динларини мукаммал ўрганишлари лозим. Шундагина уларга икки оламда саодат эшиклари очилади.

 Хуршид Шарипов,
Косон шаҳар “Ғоиб Ота” жоме масжиди имом хатиби