1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сохта салафийлар бор жойда ихтилофлар авж олади

10-12-2021, 17:33 328 Ўқиш режими + -
Афсуски сўнгги пайтларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги сохта салафийлар барча ақидавий ва ҳукмий масалаларни ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилмоқдалар. Аслида эса уларнинг қарашлари асосан 18-асрнинг ўрталарида яшаб ўтган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғоялари устига қурилгандир. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг қарашлари эса Ислом динида биринчи бўлинишга сабаб бўлган Хаворижлар ақидаси билан йўғирилган.
Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин)лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин)лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”. Демак, Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.
Мазкур хайрли уч асрнинг биринчи асри одамлари саҳобалардир. Улар ислом ақидалари ва асосларини тўғридан тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан қабул қилишган. Исломнинг барча ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик ва ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо бўлган.
Иккинчи асри тобеъинлар асридир. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига эргашганлардир. Яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган асҳоблар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг васият ва насиҳатларидан баҳраманд бўлган зотлардир.
Учинчи асри тобеъинларга эргашган зотлар, яъни табаъа тобеъинлар давридир. Бу асрда соф фикрлилик ва Ислом фитратининг турли ташқи омиллар таъсиридан холилик даври давом этди. Ана шу асрдан кейин турли бидъатлар кўпайиб, улар кенг қулоч ёя бошлади
Аҳли сунна вал-жамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар “халафлар”, яъни “кейингилар” деб аталади. Халаф яъни, кейинги аср олимлари дарахт ўз илдизидан озиқлангани каби салафи солиҳларнинг қарашлари асосида шаклландилар.
Салафийлик, ҳизбут таҳрир каби ёт оқимларнинг Аллоҳга ишонган бир инсонни куфрда айблаши, мўмин-мусулмонлар яшайдиган диёрларни куфр шаҳри деб эълон қилишлари натижасида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Билиб-билмай ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган баъзи ёшларнинг бундай хато йўлдан қайтиши жуда қийин кечмоқда. Кейинги пайтларда Ислом мафкураси ва тарихига зид ғоялари билан қайта намоён бўлаётган “сохта салафийлик” оқими ўзларининг ақидавий ва ҳуқуқий масалаларини кўпинча суриялик Ибн Таймия (1263-1328) таълимоти билан асосламоқчи бўлишади. Ибн Таймия асарларида, исломга турли бидъатлар кириб қолгани айтилиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғоялар илгари сурилади.
Сохта салафийлар дунёнинг каерига бормасин, мусулмонлар орасида тушунмовчиликлар, ихтилофлар ва ташвишлар авж олади. Бугунги кунда уларнинг ахли сунна вал-жамоадан оғишганлиги, улар на саҳобалар ва на тобеъинлар йўлидан юрмаётганлари ўз исботини топиб улгурган. 
 
Манбалар асосида Намоз Абдуллаев тайёрлади.
Косон туманидаги “Катта масжид” жоме масжиди имом-хатиби