1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАР ҲАҚИДА

14-12-2021, 11:21 428 Ўқиш режими + -
Маълумки, жамиятнинг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқдир. Айниқса, аҳолисининг салмоқли фоизини ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу масаланинг аҳамияти янада катта. Албатта, Ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўша оладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Балки уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларни билим-маърифатга қизиқтирадиган шароитлар яратишимиз керак бўлади. Шу билан бирга, уларни олий мақсадлардан чалғитувчи ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш ҳам шаръий бурчимиздир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар: «Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса, унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади» (Имом Бухорий ривояти).
Инсон умри - унинг энг қимматли бойлигидир. Мана шу бойлигини исроф қилган, ундан унумли фойдаланмаган киши икки дунёда ҳам обрў топмайди. Албатта, Аллоҳ таоло инсонга эслатма-ибрат олгудек умр беради, лекин бу умрни бекорга совуриш охирида қаттиқ пушаймонликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
«Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин - бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!» -деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!..» (Фотир сураси, 37-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканини таъкидлаб, шундай дейдилар:
«Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!» (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилганлар).
Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулги ва гуноҳ ишлар билан эмас, балки билим-маърифат ва касб эгаллаш, ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши керак. Тарихда ном қолдирган барча улуғлар ёшлигини ғанимат билган, ўша даврда керакли билим ва малакани ўзлаштирган зотлардир. 
 
Барчамизга маълумки, ичкилик, гиёҳванд моддалар ва қимор - ёшларимизнинг келажагини барбод қилувчи нарсалардандир. Қандай қилиб бўлса ҳам, ичишга, чекишга ва қиморга пул топиш пайига тушган киши ҳар қандай разилликка қўл уриши мумкин. Кўпинча, бу иллатларнинг охири ўз жонига ёки ўзганинг жонига қасд қилиш билан якунланади. Мазкур иллатларнинг барчаси Қуръони каримнинг битта оятида ҳаром қилинган:
«Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз» (Моида сураси, 90-оят).
Кейинги пайтларда интернет (ижтимоий тармоқлар)да қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Қимор ўйнаб хонавайрон бўлган, боши бекр кўчага кирганлар талайгина. Бу кишилар бошқаларга ибрат бўлиши керакки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишнинг охири войдир! Шу ўринда ижтимоий тармоқларда зўр бериб қиморни тарғиб қилаётган блогерларга эслатамизки, уларнинг рекламаси сабаб ким қиморга қўшилса, уларнинг гуноҳига ўша блогерлар ҳам тенг шерик бўладилар.
Фарзандларимизни бу балодан қутқаришнинг энг яхши йўли, уларни доим назорат қилиб туриш, ёмон кимсалар қўшилиб қолишдан сақлаш, солиҳ инсонлар билан дўстлашишига ёрдамлашиш, бўш вақтларини турли фан ва спорт тўгаракларида ўтишини таъминлашдир.
Кейинги пайтларда ёшлар орасида муштлашув, пичоқбозлик, бир-бирини шафқатсизлик билан калтаклаш ва жонига қасд қилиш вақти-вақти билан учраб турибди. Бу ишларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб қилиш салбий оқибатларга олиб келмоқда. Динимиз эса, нафақат инсон, балки ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқат билан ёндашишга буюради. 
Кейинги йилларда ёшларимизни тўғри йўлдан чалғишига сабаб бўлган омиллардан бири - ижтимоий тармоқларда беркиниб олган кимсалардан илм олишларидир. Дин илми ҳар кимдан олинмайди. Уни насл-насаби маълум, устози, мазҳаби, эътиқоди тайин кишилардан олинади. Гапираётган гапи бошқа, мақсади бошқа одамлар умматга катта зарар келтиради. Мусулмонларни фирқаларга бўлиб ташлайди. Яқинда қўл телефонларига мусулмонларни фитнага солаётган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар исмли кишиларнинг маърузаларини телефонда сақлаш, тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш келди. Бундан тегишли хулоса чиқариб, жавобгарликка сабаб бўладиган ишни қилиб, ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам ташвишга қўймайлик. Таъкидлаш жоизки, айрим кишилар келган хабарга қизиқиб, номи зикр қилинган кимсаларнинг видео, аудиоларини топиб, кўришмоқда. Бу хато устига хатодир. Асло бундай қилмаслик керак. Динни ишончли, эътиборли, барча эътироф қилган устозлардан ўрганиш тўғри йўлдир.
Агар устознинг ўзи тарбия ва насиҳатга муҳтож бўлса, ундан таълим олган шогирддан яхши натижа чиқиши жуда қийин. Сир эмаски, ҳозирги кунда тўғри йўлдан адашган устозлардан таълим олган фарзандлар, ўз ота-оналарини ҳурмат қилмасдан: «Ота-онам фақат мени дунёга келишимга сабаб бўлган холос», деяётган бўлса, баъзилари ота-онасини имонсизликда айбламоқда. Баъзилари туғилиб ўсган юртига қарши чиқиб, бир қанча муаммоларга сабаб бўлмоқдалар.
Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулувга кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.
Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласидандир. Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.
Хулоса шуки, ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Алишер Навоий каби буюк олиму алломалар чиқади, иншооллоҳ.
 
 
А.Тожиддинов
Косон тумани “Ҳазрати Қусам Ота” 
масжиди имом-хатиби: