1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Гавҳар билан тошнинг фарқи бор (Сохта салафийларга)

16-12-2021, 10:17 685 Ўқиш режими + -
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Яқинда интернет тармоғида Албоний билан бўлган савол – жавобни тингладим. Албонийдан: “Абу Ҳанифанинг ақидасини ва у киши ўзи китоб ёзиб қолдирганми?” – деб сўрадилар. 
Албонийнинг жавоби;
“Биринчидан Абу Ҳанифа бирор китоб ёзиб қолдирмаган. Баъзилар унга Ал-Фиқҳул акбар китобини нисбат беришади, лекин бу нотўғри.
Иккинчидан Абу Ҳанифа иймон зиёда ва нуқсон бўлмайди деган. Бу ҳам хато. Ундан кейин келган аввал – охир ҳанафий уламоларнинг барчаси худди шу фикрни айтадилар. Ақидада битта кишининг нотўғри фикрига барча мусулмонларнинг эргашиши худди жуҳудларнинг ўз бошлиқларига кўр – кўрона эргашишига ўхшайди.
Учинчидан Абу Ҳанифа Ал-Фиқҳул акбар китобида ким Аллоҳ осмонда демаса кофир бўлади деган. Унинг издошлари эса, Аллоҳ маконсиз дейишади.
Умуман олганда Имом Аъзам тўғри ақидада бўлган, унинг шогирдлари эса ўзгартирганлар” – деб сўзини якунлайди.
Мен Албонийнинг шахсияти ким бўлганлиги билан ишим йўқ. Аммо, унинг айтган фикрларига жавоб айтишлик, менинг ўз устозим бўлмиш Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ олдидаги бурчимдир.
Албонийнинг биринчи нотўғри фикрига жавоб;
“Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бир нечта китоблар ёзиб қолдирганлар. Шулардан бири Ал-фиқҳул-акбар китобидир. Бунга у кишининг яқин шогирдлари бўлмиш Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва ҳозиргача ўтган барча ҳанафий уламолар гувоҳдирлар”.
Албонийнинг иккинчи нотўғри фикрига жавоб;
“Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ИЙМОН ЗИЁДА ВА НУҚСОН БЎЛМАЙДИ дейишлари энг тўғри эътиқоддир. 
Биринчидан; - Аллоҳ таоло Қуръони Каримда неча жойда иймон сўзини зикр қилган бўлса, уни ишонч маъносида зикр қилган. Бирор жойда иймон амаллардан иборатлиги зикр қилинмаган. Буни оддий, авом киши ҳам тушунади. Келинг, сизга бу оятларнинг рўйхатини берай, сиз ўзингиз текшириб кўринг. Қуръони Каримда ИЙМОН сўзи ишлатилган оятлар рўйхати. (Тавба 23 - оят, Ғофир 10, Шўро 52, Ҳужурот 7, Ҳужурот 14, Мужодала 22, Бақара 4, Бақара 6, Бақара 8, Бақара 8, Бақара 9, Бақара13, Бақара13, Бақара 13, Бақара 14, Бақара 14, Бақара 25, Бақара 26, Бақара 55, Бақара 62 ва бошқа оятлар). Бу оятларнинг барчасини синчиклаб, эринмасдан ўқиб чиқинг. Шунда  ИЙМОН ҚАЛБДАГИ ИШОНЧ эканлигига амин бўласиз ва бу хулоса Абу Ҳанифа Раҳматуллоҳ алайҳнинг фикри эмас, балки ўзингизнинг хулосангиз бўлади. 
Иккинчидан; - Иймон қалбдаги ишонч бўадиган бўлса, ишониш оз, ёки кўп бўлмайди. Балки, мукаммал ишонч билан тасдиқламоқ ИЙМОНДИР. Озгина шубҳаланиш эса, КУФРдир”.
Албонийнинг учинчи нотўғри фикрига жавоб;
“Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Ал-Фиқҳул акбар китобларида: “Ким Аллоҳ осмонда эмас, деса кофирдир” – деган жумла йўқдир.
Абдулқоҳир Ал Бағдодий айтадилар, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ бор эди, ва бирор макон йўқ эди. Ва У ҳозир ҳам авввалгидекдир” – деганлар. Аллоҳ таоло бирор макон ва замонга муҳтож эмасдир.
Хулоса;
Сохта салафийлар йўлбошчиси бўлмиш Албоний ким?
Албоний Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг олдида ҳеч ким эмас.
Али розияллоҳу анҳунинг шогирдлари бўлмиш тобейинлар олдида ҳам ҳеч ким эмас. Дарвоқе, Имом Аъзам раҳматуллоҳ алайҳ ҳам тобейинлардан биридир.
Улардан кейин ўтган Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Таҳовий, Имом Мотуридий, Имом Ашъарий, Имом Насафий ва улардан кейинги минглаб уламолар олдида ҳам ҳеч ким эмас. Демак, унинг Имом Аъзам Раҳматуллоҳ алайҳ ҳақларида билиб – билмай берган хулосасининг ҳам ислом оламида заррача қадри йўқдир. Пок динимиз Албоний каби сохта уламоларнинг тухматлари билан қадрсизланиб қолмайди. Мусулмонлар эса, гавҳар билан тошнинг фарқига боришлари лозимдир.

Хуршид Шарипов,
Косон шаҳар Ғоиб – Ота жомеъ масжиди имом-хатиби