1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Бир ҳадис шарҳи (1-қисм)

16-12-2021, 12:55 281 Ўқиш режими + -

Маълумки, барча яхши амалларда ва гўзал хулқ-одобда бизга намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан қисқа калималар ёрдамида кўп маъноларни ифодалаш фазилати берилган. Манбаларда муҳаддис уламолар тўрт ҳадиси шарифни “Исломнинг мадори” деб тан олганлари келтирилган. Ҳаттоки, Имом Шофеъий  раҳматуллоҳи алайҳ “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тўрт ҳадисдан бошқа ҳадис айтмасалар ҳам, дунёга етар эди”, – деган эканлар. Бугунги суҳбатимизда ана шундай ҳадиси шарифлардан бирини баён қиламиз.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз  алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
مِنْ حُسْنِ إِسْلَامِ المَرْءِ تَرْكُهُ مَا لَا يَعْنِيهِ 
  (رواه الإمام الترمذيُّ)
яъни: “Киши исломининг гўзал бўлиши – ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир” (Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шариф жумлалари қисқа бўлсада, унинг маъноси дунё яхшилиги ва охират саодатини ўз ичига олгандир. Уламолар таъкидлаганларидек, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳнинг “Жавомиъул калим”ларидан биридир. Яъни қисқа жумлалар билан улкан маъноларни ифодалаш мўжизаларидандир.
Мазкур ҳадиси шариф фойдасиз гапни гапириш, бефойда нарсага қараш, беҳуда нарсаларни эшитиш, фойдасиз нарсаларни ўйлаш каби барча фойдаси йўқ гап-сўз ва ишлардан тийилиш керак эканига ишора қилинмоқда.
Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул мубин” китобида шундай деганлар:
 وَهَذَا الْحَدِيْثُ رُبْعُ الْإِسْلاَمِ عَلَى مَا قَالَهُ أَبُو دَاوُدَ، وَأَقُولُ: بَلْ هُوَ نِصْفُ الْإِسْلاَمِ، بَلْ هُوَ الْإِسْلاَمُ كُلُّهُ
яъни: “Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳнинг гаплари бўйича, бу ҳадиси шарифга амал қилиш – Ислом динини тўртдан бирига тенгдир. Мен айтаманки, бу ҳадис Исломни ярмига тенгдир, балки Ислом динининг ҳаммасини ифодалайди”.
Демак, мазкур ҳадиси шариф гўё бир мезонки, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзини ушбу мезонга қўйиб, исломи қандайлиги ва динининг қанча қисмига амал қилаётганини билиши мумкин. Шундай экан, кишини исломи гўзал бўлиши учун фойда бермайдиган барча нарсаларни тарк қилиб, фойдали иш ва амаллар билан машғул бўлиши керак бўлади. Табиийки, шариатга ҳамма ҳар хил амал қилади. Кимлардир нафс-ҳавосини хоҳишига юрмасдан эзгу амалларни кўпайтириш туфайли фариштадан ҳам юқори мартабага кўтарилса, кимлардир ҳавои нафс хоҳишларига эргашиб,  эзгу амаллардан юз ўгириш сабабли ҳайвондан ҳам паст мартабага тушади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
 وَالَّذِينَ اهْتَدَوْا زَادَهُمْ هُدًى وَآَتَاهُمْ تَقْوَاهُمْ
яъни: “Ҳидоят топган зотларга эса (Аллоҳ) уларга янада ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур” (Муҳаммад сураси 17-оят).
Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда нарсалардан ўзини тийиб, исломини гўзал қилса, қилган эзгу ишларига савоблар кўпайтириб берилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
إِذَا أحْسَنَ أحَدُكُمْ إسْلَامَهُ: فَكُلُّ حَسَنَةٍ يَعْمَلُهَا تُكْتَبُ له بعَشْرِ أمْثَالِهَا إلى سَبْعِ مِئَةِ ضِعْفٍ، وكُلُّ سَيِّئَةٍ يَعْمَلُهَا تُكْتَبُ لَهُ بِمِثْلِهَا 
(رواه الإمام االبخاري عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)
яъни: “Қачон бирингизнинг исломи гўзал бўлса, қилган ҳар бир яхши амали учун ўн баробардан етти юз баробаргача ёзилади. Қилган ёмонлиги ўз ҳолича ёзилади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳар бир мусулмонга бир яхшилиги учун ўн савоб ёзилиши – мавжуд ҳақиқатдир. Ўндан ортиқ бўлиб, то етти юзгача бўлган савоблар эса банданинг исломи, нияти, ихлоси гўзаллигига қараб бўлади.
Киши ўзи учун муҳим ва керакли ишлар билан машғул бўлсагина, исломи гўзаллашади. Аксинча, кераксиз нарсалар билан банд бўлса, умри, ризқи ва вақтидан барака кетади. Қолаверса, соғлигига ҳам путур етади. Дарҳақиқат, баъзи инсонлар ўзларига алоқаси йўқ сўзларни гапириб юришлари ёки ўзлари учун муҳим бўлмаган саволларни кўп сўрашларига гувоҳ бўламиз. Бу уларнинг динлари сустлигидан далолат. Афсуски, ҳозирги кунда кўпчилик ўзаро мулоқот ва ўтиришларида бефойда, беҳуда сўзлар билан вақтларини зое қилмоқдалар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
 لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ
яъни: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир” (Нисо сураси 114-оят).
Демак, ўзаро ўтириш ва мажлисларимизда дунё ва охиратга фойдаси бор масалалар ҳақида гаплашиб, беҳуда ва лағу гап-сўзлардан ўзимизни тийишимиз – динимиз талабидир. Қолаверса, ҳар бир гап-сўзимизни фаришталар ёзиб турадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
 مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
яъни: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси 18-оят).
Демак, оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзимизга Қиёмат куни ё савоб ёки жазо олишимизни асло унутмаслигимиз керак!

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди