Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлмиш Истиқлол шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. Халқимиз ўз ҳаётини буюк аждодларимизга муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлди. Муқаддас динимиз ботил мафкуралар ва даҳрийлик тазйиқидан халос топди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади.
Ислом дини оиланинг ҳар бир аъзоси учун у лойиқ бўлган мақом ва даражани белгилаб қўйди. Оилада энг олий мақом соҳиблари ота-онадир. Чунки, инсонни дунёга келишига ҳақиқий сабаб Аллоҳ таоло бўлса, ота-она эса зоҳирий сабабдир. Бу ҳақиқатни фарзандлар бир лаҳза ҳам унутишлари мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Исро сураси, 23-ояти каримасида шундай дейди:
“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт”.
Аллоҳ таоло Луқмон сураси, 14-ояти каримасида шундай дейди:
“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”.
Қуръони карим оятларида фарзандларга яхшилик қилишдан кўра ота-онага яхшилик қилиш хусусида кўп айтилган. Чунки, ота-онага фарзандинга яхшилик қил деб айтиш шарт эмас. Улар ўзлари емай едирадилар, киймай кийдирадилар. Фарзанд учун барча роҳатларидан воз кечадилар. Уларнинг бу хислатлари барчанинг эҳтиромига лойиқ.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Жаннат оналар оёғи остидадир” деганлар. Оналарга итоаткор бўлиш ва уларни рози қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади. Юқоридаги ҳадисдан мурод, онага яхшилик қилиш ва унинг хизматини қилишда унинг оёқлари остидаги тупроқдек бўлиш керак.... деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб дуоларини олиш, уларни норози қилиб қўймаслик, ранжитиб қўймаслик ҳақида кўп марҳамат қилганлар. Ҳатто улар вафотларидан кейин ҳам фарзанд зиммасида ҳақлари борлигини таъкидлаганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Амалларнинг қайси бири афзал? деб сўрадим. Вақтида ўқилган намоз дедилар. Кейин нима? дедим. Ота-онага яхшилик қилиш дедилар.
Бошқа бир ҳадисда:
Каъб ал-Аҳбордан ривоят қилинади: Луқмон уғлига: Эй, Ўғлим! Ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким ота-онасининг ғазабига учраган бўлса, Раҳмоннинг ғазабини чиқарган бўлади. Эй Болам! Албатта, ота-она жаннат эшикларидан бир эшикдир. Агар рози бўлсалар, Жабборга бориш бор. Агар аччиқлари чиқса, ѐпилиб қолиши бор деди.
Ота-онага яхшилик қилган фарзандга кўп фойдалар бор:
Зар қадрига заргар етади деганларидек, ота-онанинг қадрига бу умматнинг улуғлари етганлар. Қуйида уларнинг ҳаётларидан баъзи лавҳаларни келтирамиз, шоядки, ибрат олиб бизлар ҳам ўзимизни ўнглаб олсак.
Боязид Бистомий ҳазратлари улуғ олимлардан, валиййуллохлардан бўлганлар. У Зот айтадилар: Совуқ бир қиш кечаси эди. Онам уйғониб, сув ичишни истадилар. Мен дарров сув олиш учун ўрнимдан турдим. Лекин идишда сув йўқ эди. Булоқ бошига бориб, идишга сув тўлдирдим. Уйга келганимда онамнинг яна ухлаб қолганларини кўрдим. Уйғотишга кўзим қиймади. Идишни қўтарганимча узоқ муддат кутдим. Кун жуда совуқлиги сабабли қўлим идишга ёпишиб қолган эди. Анча вақтдан кейин онам яна уйғониб сув сўрадилар. Мен идишни узатганимда қўлимнинг териси шилиниб қонаб кетди, бу ҳолни кўриб онам:“Ё Аллоҳим, мен ўғлимдан розиман. Сен ҳам рози бўл!” деб дуо қилдилар.
Оналарига қилган яхшиликлари, хизматлари ва оналарининг мана шу дуолари сабабли Аллоҳ таоло Боязид Бистомий ҳазратларига олим ва авлиё бўлишлик бахтини ато қилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кимки ота – онасига яхшилик қилиб, уларни эъзозлаб ва ҳурматини жойига қўядиган бўлса икки дунёда ҳам хор бўлмайди.
Муродуллохон НУРИДДИНОВ,Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом-хатиби