ЧАҚИМЧИЛИК ШУНЧАЛИК ЁМОНМИ
6126
16-12-2021, 17:19
820
Ўқиш режими
+
-
Чақимчилик катта гуноҳми ёки кичик гуноҳми бу масалада хар биримиз билишимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Хар биримиз Аллоҳ таоло иньом этган ҳаётда яшар эканмиз, хато ва нуқсонлардан холе эмасмиз. Аммо инсонлар ичида шундай феьлга эга инсонлар борки, улар бир биродарларининг сўзларини бошқалрга етказиб юрадилар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон киши бир гапни айтсаю, аланглаб қараса, ўша омонатдир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Демак шундай омонатга эга бўлган инсон омонатни сақлай билиши керак. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий айтганларки: «Одатда, бировнинг гапини иккинчи кишига: «Фалончи сен ҳақингда бундоқ деди», дея етказувчи кимсага «чақимчи» дейилади. Бироқ чақимчилик шунинг ўзи билангина чекланиб қолмайди. Чақимчилик – очилиши кариҳ саналган нарсани очишдир. Ёмон кўрувчи ким бўлишининг фарқи йўқ: гапирувчими, гапирилувчими ёки гаплашувчими. У ёқимсиз нарса нима билан кашф қилиниши ҳам фарқсиздир: сўз биланми, ёзув биланми, ишора биланми ва ҳоказо. Чақимчилик қилинган – ташилган нарса сўз бўладими ёки амал бўладими, айб ёки бошқаси бўладими, барчаси баробардир» дейдилар. Инсонлар орасида яшаб, ўзини гўёки сухбатдошини қадрдони деб атаб ундан бошқа биродарини яхшилиги ёки ёмонлигини эшитиб олиб гапирилган одамларга бу сўзларни етказиш орқали инсонларни ўртасини фасод этишга сабабчи бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтаётиб: «Бу иккиси (яъни, қабрдаги маййитлар) азобланмоқда. Бироқ катта нарса сабабли азобланаётганлари йўқ. Улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди. Иккинчиси чақимчилик қилиб, гап ташиб юрарди», дедилар. Сўнг ҳўл новдани олиб, иккига бўлдилар ва ҳар бир қабрга биттадан бўлакни санчиб қўйдилар. «Ей Расулуллоҳ, нима учун бундай қилдингиз?» деб сўрашганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шояд бу новдалар қуригунича, улардан азоб енгиллатиб турилса», дея жавоб бердилар». (Муттафақун алайҳ). Эьтибор беришимиз керак бўлган жиҳат шуки, ҳадисда «Бироқ катта нарса сабабли азобланаётганлари йўқ» жумласини қўйидагича тушуниш мумкин: бу ишларни тарк этиш улар учун жуда қийин эмас эди ёки уларнинг назарида жуда қийин иш эмас эди. Агар шу ишларни тарк этаман бавлдан сақланаман, либосларимни поклиги учун эьтиборли бўлай деганида сақланса бўлар эди, ёхуд биродарим хақида бошқалар гапираётган гапларни эшиттим унинг ўзига бу хақда гапирмай қўяқолай деганида унинг қабрига бунчалик азоб бўлмас эди. Шунинг учун бошқа бир ривоятда: «Бироқ катта нарса сабабли азобланаётганлари йўқ» деган жумлага «Йўқ, у катта гуноҳдир», дейилган. Бошқа бир ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Чақимчи жаннатга кирмайди» (Муттафақун алайҳ). Қилаётган бу ишлари нафақат дунёда балки охиратда ҳам унга зарар беришини билганида бундай қилмас эди. Чақимчилик йўлини тутиб, икки юзламачи бўлиб бунинг гапини унга, унинг гапини бунга келтириб айтмаганида яхши бўлган бўлар эди. Аммо оқибатда ахволи қанақа бўлишини расулуллоҳ марҳамат қиляптиларми, бу амал сабаб банда жаннатга кирмайди демоқдаларми демак бу амал кичик гуноҳ эмас балки улкан гуноҳлигига далолатдир. Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ эканлиги баён қилинмоқда. Уламоларимиз, чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди, деганлар. Албатта, чақимчилик ниҳоятда ёмон иш. Чақимчилик фақатгина бир кишини бошқасига ёмон кўрсатиб, шундан бирор манфаат олиш билан чегараланиб қолмайди. Чақимчилик қилинганда бир одамга иккинчи одам ҳақида ёмон хабар келади. Натижада иккинчи одам ҳам биринчи одам ҳақида ёмон сўзлайди, шу тариқа бундай адоват бутун жамиятга тарқалиб, жамиятнинг ҳамма аъзоси бир-бирини чақадиган, бир-бирига ғазаб қиладиган ва бир-бирининг орқасидан ёмон гапирадиган бўлиб қолади. Орада дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик, яхшилик қилиш, жамият манфаати учун иш қилиш тамом йўқолади. Ҳамма бир-бирининг орқасидан пойлаш, чақимчилик билан бир-бирини доғда қолдириш, чақимчилик қилиб мукофот олиш, ўзининг мавқеини яхшилаш томонга ўтиб кетади. Жамиятнинг манфаатини ўйлаш, бировларга яхшилик қилиш, умуман, унутилади. Шунинг учун, бу нарса оғзаки гап бўлса ҳам, жуда оғир гуноҳ саналганлиги, гуноҳи кабиралардан эканлиги ва чақимчилик қилган одам жаннатга кирмаслиги белгиланиб қўйилганлиги чақимчиликнинг нақадар хатарли эканини кўрсатади.
Шаҳрисабз туман бош имом хатиби А.Жумаев