1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МЎМИН КИШИ СЎКИНСА БЎЛАДИМИ

16-12-2021, 17:20 538 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таборак ва таолога битмас туганмас ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз икки олам сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловотларимиз бўлсин. Динимиз инсонларни доимо ахлоқан гўзал бўлишга чорлайди. Ижтимоий ҳаёт йўлакларида инсонлар билан муомалаларда ўрнак бўлмоқлик хар бир мусулмоннинг бурчидир. Аммо шундай ўринлар бўладики ўз ҳаёсизлигини инсонларга кўрсатиб, инсонлар йиғилган жойларда, қадрдон инсонларининг ортларидан, турли хақоратомуз сўзлар, сўкинишлар доимо учраб туради. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши таьначи, лаьнатчи, фоҳиша ва базий (сўканғич, аччиқ сўзли) бўлмайди” дедилар”. Фахш ва уятсизлик кўп холларда уят гапларни очиқ ойдин айтиш билан бўлади. Одатда бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. Аҳли солиҳлар ундай ибораларни ишлатмайдилар. Сўкиш ва ачитиб гапиришни арабчада “базоьа” дейилади. Бу сўз луғатда мавжуд бўлган, рост бўлса ҳам аччиқ уятсиз сўзни гапиришни англатади. Уламолар уни қуйидагича таьрифлайдилар: Имом Ғаззолий “У, қабиҳ саналган нарсани очиқ ойдин сўзлар билан ифодалашдир”, деган. Муновий: “У, калом рост бўлса ҳам, нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдир” деган.  
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмонни сўкишлик фосиқликдир, у билан уришиш куфрдир" дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Маьлумки, фосиқлик катта гуноҳ хисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ хисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уриш эса куфр дейилмоқда. Одатда одамлар сўкишга унча эьтибор бермайдилар. Сўкса сўкилиб қолармиди, деб кетаверадилар. Фалончи бўлгандан кейин сўкадида деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар. Аслида эса сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиш билан бирга  ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганини англатади”, - дедилар. Жар ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эьтибор бермай, сўкса нима бўпти, дейиш мутлақо нотўғри ишдир. Хусусан сўкишни кўп ишлатадиган одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларини битирган, катта мансабларни эгаллаган, яхши кийиниб, яхши яшаётган бўлишлари ҳам мумкин. Модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишларидан қатьиназар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар. 
Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маьнавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади. Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Ниёз ибн Ҳимор қуйидагиларни айтадилар: "Мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга "Эй Аллоҳнинг Расули! Бир одам мени сўкса, у ўзимдан паст бўлса, ундан ғолиб келадиган бўлсам, менга бирор нарса бўладими?" деб сўрадим. У зот: "Икки сўкишган, обрўйини тўкаётган ва ёлғон гапираётган кишилар икки шайтондир" дедилар.
    Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган пайтларида бир безори одам келиб, у кишини ҳақорат қилаверди. Бир оз сукут қилиб сўнгра ҳақоратга яраша раддия бердилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, бошқа жойга равона бўлдилар. Сабабини сўраганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга караб: "Сизни ҳақорат қилаётган кишига сукут қилиб турганингизда сизнинг ўрнингизга бир фаришта жавоб қайтариб турган эди. Раддия бера бошлаганингиздан кейин фаришта кетиб, ўрнига шайтон келди. Шунинг учун мен туриб кетдим", деган эдилар. 
 Аллоҳ таоло ўз бандаларининг айбу нуқсонларини яшириб ўрталарига парда солиб туради. Мўмин одам шу парданинг йиртилишига йул қўймаслиги лозим. Ҳадиси шарифда айтилади: "Икки мусулмон ўртасидаги Аллоҳ қўйган пардани кимки ёмон сўз билан йиртса, демак, у Аллоҳнинг пардасини йиртган булади" (Имом Байҳақий ривояти). Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Икрима розияллоҳу анҳу мусулмон бўлиб келаётганини эшитиб саҳобаларга: «Ҳузурингизга Икрима мусулмон бўлиб келаяпти. Уни отаси(Абу Жаҳл)ни сўкманглар. Чунки ўликни сўкиш тирикни хафа қилади», деганлар ва ҳатто сўкишдан қайтарганлар. Ушбу ҳадиси шарифлардан аён бўладики мусулмонни сўкишлик оғир гуноҳларга сабаб бўлади. 
 

                                             
Шаҳрисабз туман бош имом хатиби А.Жумаев