Бир ҳадис шарҳи (2-қисм)
6129
17-12-2021, 08:48
221
Ўқиш режими
+
-
Минг афсуски, бугунги кунда баъзи каттаю-кичик бекорчи ва бефойда гап-сўзлар, ғийбату бўҳтонлар билан машғул бўладиган майдонлардан бири – ижтимоий тармоқлардир. Телеграм, фейсбук, инстаграм, ютуб ва тик-ток каби ижтимоий тармоқларда дунё ва охиратларига фойдаси бўлмаган нарсалар билан кунига соатлаб вақтларини сарфламоқда. Қолаверса, бир нарсани аниқ билмасдан ва уни охирига етмасдан, шу нарса ҳақида фикр билдириб, натижада, бир мусулмонни обрўси тўкилиши, уни айблаш, ғийбат, бўҳтон, шахсиятига тегиш, мусулмон кишини кофирга чиқариш ва ҳақоратлаш каби имони бор кишига асло ярашмайдиган бефойда нарсалар билан машғул бўлмоқдалар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида бундай деганлар:
لَا تُؤْذُوا عِبَادَ اللهِ، وَلَا تُعَيِّرُوهُمْ، وَلَا تَطْلُبُوا عَوْرَاتِهِمْ؛ فَإِنَّهُ مَنْ طَلَبَ عَوْرَةَ أَخِيهِ الْمُسْلِمِ طَلَبَ اللهُ عَوْرَتَهُ
حَتَّى يَفْضَحَهُ فِي بَيْتِهِ
(رواه الإمام أحمد عن ثوبان رضي الله عنه)
яъни: “Аллоҳнинг бандаларига озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйини ичида бўлса ҳам шарманда қилади” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Табиийки, ўзига нисбатан нотўғри тана-дашном ва айбловларни эшитган киши неча кунлар тинчи бузилиб, ҳаловати йўқолади. Бу нарсага сабабчи бўлганлар қаттиқ гуноҳкор бўлиб, бир мўмин-мусулмонга зулм қилган бўладилар.
Шуни унутмаслигимиз керакки, Қиёмат куни ҳар бир ҳатти-ҳаракатимиз ва ёзишмаларимиздан сўраламиз. Аллоҳ таоло Қуъони каримда бу ҳақда бундай деган:
وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا
яъни: “(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро сураси 36-оят).
Шундай экан, ижтимоий тармоқда бўлсин ёки бошқа жойда, бир нарсага муносабат билдиришда ёки ўзгалар ҳаққига фикр айтишда, жуда ҳам эҳтиёт бўлиб, шариатимиз белгилаган чегарадан чиқмаслигимиз лозим бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб, бир қанча вақтларини зое ва беҳуда сарфламоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Ваҳоланки, ёлғончиликнинг нақадар жирканч эканини Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
إِذَا كَذَبَ العَبْدُ تَبَاعَدَ عَنْهُ الْمَلَكُ مِيْلاً مِنْ نَتْنِ مَا جَاءَ بِهِ
(رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا).
яъни: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони бадбўйлигидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади” (Имом Муслим ривоятлари).
Ўтган улуғларимизнинг ҳаётларини кўздан кечирадиган бўлсак, улар вақтларини ҳеч исроф қилмасдан дунё ва охират фойдаси учун сарфлаганларини кўрамиз. Улуғларимиздан Абулвафо Ибн Ақил ҳазратлари айтадилар: “Тилим гапиришдан, кўзим китоб мутолаасидан қолган тақдирда ҳам, умримнинг бир лаҳзасини беҳуда ўтказишимни ўзимга муносиб деб билмайман. Дам олиш учун ётган пайтимда ҳам фикримни ишлатиб, ёнбошлаган ҳолимда хотирамдаги нарсаларни хатга тушуришни ўйлайман”.
Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтанлар:
إِذَا أَمْسَيْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلاَ تَنْتَظِرِ المَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ، وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوْتِكَ
яъни: “Кечга етсанг, тонгни кутма, тонгга етсанг кеч бўлишини кутма. Соғлигингда касаллик учун, ҳаётингда ўлиминг учун насиба ол (яъни, соғлик ва ҳаётингдан унумли фойдалан)” (Имом Бухорий ривоятлари).
Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
اسْتَكْثِرُوا مِنَ الْبَاقِيَاتِ الصَّالِحَاتِ" قِيلَ: وَمَا هِي يَا رَسُولَ اللَّه؟ قَالَ: "التَّكْبِيرُ، والتَّهْلِيلُ، وَالتَّسْبِيحُ، والتَّحْمِيدُ، وَلا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِاللَّه
(روى الإمام أحمد عَنْ أبي سعيد الخدري رضي الله عنه)
яъни: “Боқий қолувчи солиҳ амалларни кўпайтиринглар!” Шунда, нима у эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўралди. У Зот алайҳиссалом: “Улар такбир, яъни “Аллоҳу акбар”, таҳлил, яъни “Ла илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур расулуллоҳ”, ҳамд, яъни “Алҳамду лиллоҳ” ва ҳавқала, яъни “ло ҳавла вало қуввата илло биллоҳ” деб жавоб берганлар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Луқмони Ҳакимдан: “Бундай олий фазилатларга қандай эришдингиз?” – деб сўрашибди. У зот: “Рост сўзлаш, омонатдорлик ва фойдасиз ишларни тарк этиш билан эришдим”, дея жавоб берган эканлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар:
مِنْ عَلامَةِ إعْرَاضِ اللَّهِ عَنْ الْعَبْدِ أَنْ يَجْعَلَ شُغْلَهُ فِيمَا لاَ يَعْنِيهِ
яъни: “Аллоҳ бандасидан юз ўгирганининг аломати, уни фойдасиз ишлар билан машғул қилиб қўйганидир”.
Мўмин-мусулмон киши вақтини аҳли аёли ва фарзандларининг илм-маърифатини ошириш йўлида ҳам банд қилиши ҳам зарурдир. Чунки киши доимий равишда ўзини устида ишлаб, илмини ошириб бориши билан биргаликда қўл остидаги аёли ва фарзандларига билганларини ўргатиши керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай деганлар:
إِنَّ لِأَهْلِكَ عَلَيْكَ حَقًّا، فَأَعْطِ كُلَّ ذِي حَقٍّ حَقَّهُ
(رواه الإمام الترمذيُّ عَنْ وهب بن عبدالله رضي الله عنه)
яъни:” Албатта хотинингиз ва фарзандларингизни ҳам сизда ҳаққи бор. Шундай экан, ҳар бир ҳақ экасининг ҳаққини адо қилинг!” (Имом Термизий ривоятлари).
Хулоса шуки, мўмин-мусулмон инсон Роббиси олдидаги бурчини ва жамият олдидаги масъулиятини англаб етиб, ана шу бурч ва масъулиятни мукаммал адо этиш учун ҳаракат қилади. Унинг бекорчи ишларга, олди-қочди гапларга, сафсаталарга тоқати бўлмайди. Дарҳақиқат, инсон фойдасиз нарсалар билан вақт ўтказмаса, балки бор вақти, кучи, ғайрати, эътиборини дунёси ва охирати учун манфаатли ишлар, савобли амаллар учун сарф этса, ушбу инсон комил имон соҳибидир. Дунёю охиратда унинг юзи ёруғдир.
Аллоҳ таоло барчамизни Исломимизни гўзал қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди