Оилада миллатнинг эртанги кунига пойдевор қўйилади, ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади.
Оиланинг мустаҳкамлиги эр ва хотиннинг ўзаро тотув ҳаёт кечиришига боғлиқ. Бу фарзандлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Биринчи юртбошимиз Ислом Каримов оила мустаҳкамлигини таъкидлаб шундай деган эдилар: “Қачон оила бахтли бўлади: Қачонки аёл бахтли бўлса. Қачон аёл бахтли бўлади: Аввалам бор унинг болалари оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ омон бўлса. Қачон аёл ҳаётдан рози бўлади: Қачонки оиласи тинч, рўзғори фаровон бўлса, эртанги кундан кўнгли тўқ бўлса. Одамнинг қалбида неки олийжаноб туйғулар мавжуд бўлса улар аввало онадандир”.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев доимо ўз нутқида мўътабар оналар, опа-сингилларимиз, дилбар қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни нафақат вазифа, балки инсоний бурч эканини алоҳида таъкидлайдилар. Жумладан: Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади. Шунинг учун ҳам барчамиз – Президентдан тортиб энг қуйи бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар ана шу олий мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур. Шундагина халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади, – дейдилар.
Маълумки, динимиз аёлларнинг ҳаётдаги мавқеъларини ошириб, Аллоҳнинг розилигини унинг розилигига айлантирди. Опа-сингил ва турмуш ўртоқларни ҳам эҳтиром қилиш диннинг энг гўзал тарбияси эканлигини ўргатди.
Оилада аҳил, тинч ва осойишта умур гузоронлик қилиш учун энг аввало оила бошлиқларининг роли катта. Улар бир-бирлари билан яхши муомалада бўлсалар, бир-бирларини тўғри тушунсалар оилада тинчлик ва осойишталик бўлади.
Ибн Сино шариат кўрсатмаларига асосланиб, эр-хотин муносабати тенглик ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат асосида қурилиши ҳақида тўхталади ва "Эркак киши оила бошлиғидир, у оиланинг барча эҳтиёжларини қондирмоғи лозим, чунки бу унинг бирламчи вазифасидир. Аёл эса эркакни яхши, муносиб йўлдоши ва бола тарбияси борасида энг яхши ворис ва ёрдамчисидир" деб ёзади.
Юқорида таъкидланганидек, оила муқаддас даргоҳ ва жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланади. Уни сақлаб қолиш жуда муҳим. Оиланинг муқаддаслигини ёшларимизга тўғри тушунтириб бориш лозим. Қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келса, ота-она қизига келинлик вазифасини тушунтириб, қайнона ва бошқа оила аъзоларидан аразламаслик кераклиги, уларга гап қайтармаслик ва эрининг уйидаги гап-сўзларини ота-онасиникига ташимаслик керак каби панд-насиҳатлар билан изига қайтариб юбориши даркор. Чунки, Ҳаёт ҳамиша ўйин — кулгидан, кўнгилхушликлардан иборат эмас, оилада баъзи бир тушунмовчиликлар бўлиши табиий ҳолдир.
Айрим қайноналарни кўрамизки, қудаларини айблаб, бутун маҳаллага сирларини ошкор қилиб юрадилар. Баъзилари такаббурлик ва калтафаҳмлик қилиб, фарзандларини бахтига зомин бўлмоқдалар. Натижада бир оила барбод бўлиб, унда вояга етган фарзандларнинг маънавий тарбияси жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланмоқда.
Қайноналикнинг иши оғир, сабр-тоқатни талаб қиладиган вазифадир. Чунки уни туғиб, меҳр бериб ўстирган ўғлига ўзга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизни ўз оила аъзосига, ўз боласига айланиши учун, ўғли билан бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун, қайнонадан анча меҳр-муҳаббат, сабр ва кечиримлилик талаб қилинади. Қариларимиз, келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин, дейишган. Яна, аёл кишининг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, келин қилганда кўр, дейишган.
Мутахассислар оилаларнинг бузилиш сабабларини ўрганиб чиқиб, ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқаришни, рўзғорни моддий таъминлашни, фарзандларни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари деб билмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум қиладилар.
Хулоса шуки, эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Улар бир-бирларига садоқатли, ишончли, муҳаббатли ва эҳтиромли бўлиб, оилани биргаликда тартибли бошқаришлари лозим. Чунки, оила муносабати кучли интизом ва тартибга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади.
К. Усмонов,
Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом-ноиби