1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳидоят имоми

20-12-2021, 16:05 388 Ўқиш режими + -
Буюк алломалар юрти бўлган она заминимиздан етишиб чиққан юзлаб маърифат соҳибларининг ибратли ҳаёт ва ижод йўлларини ўрганар эканмиз, улар мусулмонларнинг эътиқодини тузатиш,исломнинг мусоффолигини сақлаш йўлида мислсиз фидоийлик кўрсатганларига гувоҳ бўламиз. Шундай зотлардан саналган буюк олим, ақоид илмининг забардаст, пешқадам уломаларидан бири, ўзининг сермаҳсул асарлари билан дунё мусулмонларининг катта қисмига ақида йўлини тўғри курсатиб берган Ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий ҳазратларидир.
Имоми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид (ҳозирги Жомбой туманидаги)номли қишлоғида туғилганлар. У кишининг   туғилган йиллари манбаларда аниқ кўрсатилмаган.
Баъзи тарихчилар: “Имоми Абу Мансур Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади” дейдилар.Шунинг учун ҳам баъзи муҳаққиқлар имоми Абу Мансур Мотуридийни зикр қилганларида, у кишига ансорий нисбатини ҳам берадилар.
Имоми Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар ўзаро тортишиб турган пайтда яшаб,илм-маърифатли бўлдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонининг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги ҳанафий уламоларга шогирд тушдилар.
   Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари. Тарихчилар Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари ичида қуйидаги олимларни алоҳида қайд этадилар.
1.Абу Наср Иёзий имоми Абу Мансур Мотуридийнинг дастлабки устозларидан бўлган. Бу кишининг насаби ҳам ансорийларга бориб тақалади.Абу Наср Иёзий раҳматуллоҳи алайҳи Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг авлодидан бўлади.Абу Наср Иёзий имоми Абу Мансур Мотуридийнинг устози бўлиши билан бирга ,у кишига ҳамдарс бўлиб,Абу Бакр Аҳмад Жузжонийнинг ҳалқаларида дарс олар эди.Абу Наср Иёзий катта олим ҳам эди.Тарихчиларнинг таъкидлашларича ,юртда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди.Абу Наср Иёзий турк юртларида бўлган урушлардан бирида шаҳид бўлган.
2.Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний имоми Абу Мансур Мотуридийнинг устозларидан бири бўлиб,у киши усул ва фуруъ илмларини ўзида жамлаган ва турли илмларда баланд чўққиларни забт этган улкан олим эди.
3.Муҳаммад ибн Муқотил Розий.Раъй шаҳрининг қозиси.
4.Нусайр ибн Яҳё.
Эътибор бериладиган бўлса, имоми Абу Мансур Мотуридий устозларининг устози орқали имоми Абу Ҳанийфанинг шогирдлари имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммадга етиб борадилар.
Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.
Абу Наср Иёзий – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.
Нусайр ибн Яҳё – Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжоний – Абу Юсуф ва Муҳаммад.
Муҳаммад ибн Муқотил – Абу Мутийъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхий – имоми Муҳаммад.
Ушбу машҳур олимлар ўз шогирдларига асосан имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан дарс берар, “Фиқҳул акбар”, “Рисола”, “Фиқҳул абсат”, “Китобул олими вал мутаъаллим” ва бошқа китобларни чуқур ўргатишар эди.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўз замонидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарларидан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар.Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб,Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ – ойдин кўрсатиб бердилар.
У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб ,аввал айтиб ўтганимиздек, имоми Аъзамнинг шогирдлари имоми Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлганлар.Яъни у кишининг устозлари имоми Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳрда Аҳли суннанинг шайхи бўлиш даражасига эришганлар.Бу ерда Аҳли сунна  кўп ва ғолиб бўлгани учуну зот аввал бошидан мўътадил йўлдан бориш имконини топганлар.У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга ўз ҳаққини берганлар.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан биридирлар.У киши жуда ҳам машҳур бўлиб,Мовароуннаҳрда барча турдаги илмий масалаларда одамлар у кишига мурожаат қилган.У кишидан ақоид, фиқҳ ва бошқа диний илмларни  ўрганганлар.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича “Китобул жадал”ни ва фиқҳда “Маъохизуш-шарийъа”ни таълиф қилганларидан кейин шуҳратлари янада ошиб кетди.Шундан кейин илми каломда шўҳрат қозониб, Хуросан аҳлининг мазҳаб соҳибига айландилар.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматулоҳи алайҳи асосан ақийдага оид бир қанча китоблар ёзган. “Китобур-радди алал Каъбий ал-Мўътазилий”, “Китобу авҳомил Мўътазила”, “Китобур-радди алал Мўътазила”, “Китобур-радди алал Қаромита”, “Китобур-радди-алар-Рофиза”, “Китобут-тавҳид”, “Китобул жадал”, “Маъохизуш-шарийъа”, “Раддул усулил хамса ли Аби Муҳаммад Боҳилий”, “Китобул маъқулоти”, “Таъвийлоту аҳлис-сунна” китоблари шулар жумласидандир.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан фақат уч донасигина бизгача етиб келган. У кишиўзларининг“Таъвийлотуаҳлис-сунна” тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикирларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар.У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб -қувватлаганлар.”Кашфуз-зунуни ан асомийил кутуби ва фунун”китобининг соҳиби Ҳожи Халифа “Таъвилоту аҳлис-сунна” тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади:”У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир.Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”.
“Таъвийлоту аҳлис-сунна” тафсирининг ярми Мисрлик олимлар томанидан Қоҳирада 1971 йилда нашр этилган ва кўпчилик шуни билади.Ливиядаги Ислом даъват куллияси кутубхонасида бу китобнинг бангладешлик олим томонидан чоп этилган тўлиқ нусхаси мавжуд.Кейинчалик бу китобни доктор Маждий Босалум таҳқиҳ қилди ва 2005 йилда Ливанда “Дорул кутубил илмийя”нашриёти томонидан ўн жилдда  6230 бетда чоп қилинди.
Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобут-тавҳид” асари ҳам бизгача етиб келган.У 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган.
“Китобул маъқулот”нинг қўлёзмаси Истанбулдаги кутубхоналардан бирида сақланмоқда.
Имоми Мотуридийнинг шогирдлари.
1.Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий (ҳ.340, м.951 йилда вафот этган).
2. Имоми Абул Ҳасан  Али ибн Саъийд Растағфаний.
3. Имоми Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий (ҳ.390, м. 999 йилда вафот қилган).
4.Имоми Абу Лайс Бухорий.
Кейинги асрларда эса Саъдуддин Тафтазоний, имоми Таҳовий,имоми Умар Насафий,Фахрул Ислом Баздавий,Ибн Ҳумом,Абу Муъийн Насафий ва бошқалар ақоид илмининг мотуридий йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлди.
 Имоми Мотуридийнинг аҳли илм ва Ислом оламидаги мартабаси.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг Ислом оламидаги ва аҳли илм ичидаги мартабалари жуда ҳам юқори бўлган.Мусулмонлар жумҳури томанидан у кишига олий унвонлар берилган. “Аламул ҳуда”- ҳидоят байроғи, “Имомул ҳуда”- ҳидоят имоми, “Мусаҳҳиҳу ақийдата аҳлис-сунна”- Аҳли сунна ақийдасини тўғриловчи,”Имомул мутакаллимийн”- Мутакаллимларнинг имоми. 
Уламолар Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини жуда ҳам юқори баҳолаганлар ва у кишининг Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг икки имомдан бири эканлигини доима таъкидлаб келганлар. Аллома Тошкўпризода у киши ҳақида шундай дейди:”Сўнгра билки,илми каломда Аҳли сунна вал жамоанинг раиси икки кишидир.Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий.Ҳанафийси – Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий имомул ҳуда”. 
Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ “Завожир ан иқтирофил кабоир”китобида “Аҳли сунна эътиқоди деганда Имоми Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳларнинг эътиқодлари назарда тутилади” деганлар.
“Ар-Ровзатул баҳия”китобининг муаллифи Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса  Аҳли сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган:”Шуни билки,Аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир.Бу икки қутб:Имоми Абул Ҳасан Ашъарий ва Имоми Абу Мансур Мотуридийдир.Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг,ҳидоятга эришиб, бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан”.
Имоми Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи 944-945 йилда Самарқандда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги “Чокардиза” қабристонига дафн этилган.
Мовароуннаҳр – Марказий Осиё халқлари турли фалсафий,табиий,аниқ фанлар,адабиёт,санъат соҳаларида дунёга машҳур сиймолар,алломалар қаторида ислом назарияси,диний илмлар буйича ҳам имоми Мотуридийдек бутун мусулмон оламида ном қозонган олимларни ҳам етиштириб чиқардилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 декабрда қабул қилган қарорига биноан 2000 йилда алломанинг 1130 йиллик таваллуд санаси нишонланди.
 

Интернет манбалар асосида Чироқчи туманидаги “Хожа Ахмад Яссавий” жоме масжиди имом хатиби Фарҳод Тўраев тайёрлади.