Фазлинг гар йўқ эса они билгил,
Ки сўз айтурға очма ҳаргиз тил.
Одамини тил этгуси расво,
Очма оғзингни, бўлма бепарво.
Дарахтни кессалар унинг илдизидан бир шохча кўкариб, унинг ўрнини босади... Танадаги қилич ва ўқ яраси ҳам битиб кетади. Лекин тил яраси ҳеч вақт тузалмайди. Қалбга санчилган сўз ўқини чиқариб бўлмайди. Бадан заҳардан, қалб ёмон сўздан ўлади. Чунки сўз қиличи темир шамширдан ҳам ўткирроқдир. Қиличдан етган жароҳат тилдан етган жароҳатга қараганда енгилроқдир. Чунки қилич баданни, тил эса қалбни жароҳатлайди. Вужуд яхши таом билан жонланганидек, қалб ҳам яхши сўзлардан ором олади.
Гўзал сўзлар фақат амалга оширилгандагина чиройли натижалар беради. Муолажа йўлини топган касал одам унга амал қилмаса, табобат илмини билгани мутлақо фойдасиздир. Ёмғир томчилари ерни жонлантиргани каби комил инсонларнинг сўзлари кўнгилларни жонлантиради. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинадики: “Эй Одам боласи! Агар сўзинг ялтироқ – майин бўлиб, амалинг қабиҳ бўлса, унда сен мунофиқларнинг мунофиғисан”. Кимки тилини яхшиликка ишлатса, қуролидан усталик билан фойдаланувчи овчи каби бўлади. Ўзи тушунмаган сўзга аралашаверадиган киши эса нуқул беҳуда ўқ узаверадиган ношуд овчига ўхшайди. Бир оғиз ширин сўз шундай қудратлики, у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб турган кишини ҳаётга қайтарадики, “яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар”, деб бежиз айтилмагани каби... Яхши сўзларни сўзлашга одат қилмаган киши фалокатга учрайди. Ақлли одам ўз сўзига ҳоким бўлади. Уқув ва билимнинг тилмочи (таржимони) – тилдир. Кишига рўшнолик, яхшилик ва эзгулик оқил сўзламаклик ила келади. Шу боис ҳам демишларким: “Тил – арслон, мисоли ётар қафасда, эй тил эгаси, бошингни асра!” Қадимдан қолган одобга доир қайси китобни варақламанг, “тилингни сақла, бошинг саломат бўлади”, мазмунидаги насиҳатга дуч келасиз. Шундай бўлиши бежис эмас, зотан, ўринсиз сўзламоқликнинг натижаси – пушаймонлик экани ҳақида тарихдан мисоллар излашга ҳожат йўқ. Ҳар биримиз ўз тилимиз туфайли неча-неча марта пушаймонлар еганмиз, шуни унутмасликнинг ўзи кифоя.
Масалки, бир одам айиқ билан дўстлашиб, уни уйига бошлаб келди. Бу меҳмоннинг ташрифидан норози бўлган хотини: “Фу, шу сассиқ билан ошно тутиндингизми?” – деб афтини бужмайтирди. Буни эшитиб ранжиган айиқ болтани олиб, дўстига узатди-да, илтижо қилди:
- Шу болта билан пешонамга бир ур!
Айиқ илтимосини қайтаравергач, дўст унинг пешонасига болта урди. Жонивор оғриқ азобидан ўкириб, ўрмонга қараб югурди. Орадан ҳафталар ўтгач, у яна дўстига рўпара келиб, дедики:
- Қара, болтанинг изи битиб кетди, лекин хотининг тилидан учган сўз яралаган юрагимга даво тополмаяпман...
“Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади, - деганлар ҳазрат Навоий. – Тил Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас, у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас. Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради. Сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради... Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор. Шунинг учун айтадиларки, “нафаснинг жони бор.””
Подшоҳ тўрт олимни биттадан шундай ҳикмат айтингизки, у тарбиянинг асоси бўлсин.
Биринчиси айтибди:
- Донишманд одамларга ярашадиган нарса – сўзламасликдир!
Иккинчиси дебди:
- Дунёда энг фойдали нарса шуки, инсон ўз ақли билан маслаҳатлашмасдан сўз бошламасин.
Учинчиси:
- Инсон учун энг хатарли нарса – ўйламасдан сўзламасликдир.
Тўртинчиси айтибди:
- Инсон учун энг тинчи шуки, у ўзини толе ихтиёрга топширсин.
Энди баён этилажак доно фикрлар ҳазрат Навоийданки, англаб, амал қилган киши барака топқусидир, инша Аллоҳ!
“Сувнинг мазаси – муз билан, ошнинг мазаси – туз билан, одам яхшилиги – сўз билан. Сиҳат тиласанг – кўп ема, иззат истасанг – кўп дема. Яхшиларнинг ҳунари – сўзида, бўзчиларнинг ҳунари – бўзида. Бефойда гапни кўп айтма, фойдали гапни эшитишдан ҳеч қайтма. Оз гапирган оз янглишади. Оз еган – оз касалланади. Очлик негизида ҳикмат бор, тўқлик тагида ғафлат бор.
Ҳақнинг дўстлари – садоқат-покликнинг конидир, Ҳақ душманлари – ёлғончилардир. Тилнинг ихтиёрини қўлингда асрагил. Сўзингни эҳтиётлик билан сўзла. Вақтида айтиш керак бўлган сўзни асрама, айтиш керак бўлмаган гапнинг яқинига йўлама. Сўз борки, эшитувчининг танига жон кирғизади, сўз борки, гапирувчининг бошини елга учиради. Тилинг билан дилингни бир тут; тили ва дили бир кишининг айтган сўзи – бут (яъни, айтган сўзига ишонса бўлади). Сўзни кўнгилда пишитмагунча тилга олма. Дилингда бор гапнинг ҳаммасини тилингга келтирма. Гарчи тилни тийиш – дилга меҳнатдир, аммо сўзни ёйиш – бошга офатдир. Айтиш керак бўлган гапни унутма; айтмайдиган ерда ўзингни сўзамол тутма. Айтар сўзни айт, айтмас сўздан қайт.
Киши чинда сўз деса зебо дурур,
Неча мухтасар бўлса, авло дурур”.
Фузайл ибн Иёз дебдиларким: “Сўзини амалдан деб билганларнинг гапи оздир. Ҳикматга фақат сукут ва тафаккур билан ворис бўладилар. Сўзлашдан тақво этиш луқма ва таомдаги тақводан ортиқдир.”
Нилуфар Аҳадовна“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти _____________
Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” китобидан