Интернет тармоқларида айрим киши ва гуруҳларнинг кўплаб мутаассиб фикр ва тушунчалари учрамоқда. Ислом дини мутаассибликни қоралайди.
Мутаассиблик – ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. Мутаассибликка йўлиққан шахслар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар.
У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади.
Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда Набий алайҳиссалом Муоз розияллоҳу анҳу ва унинг шеригини Яманга жўната туриб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг”, – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, ислом дини мутаассибликнинг ҳар қандай кўриниши, хусусан, кишининг ўз фикрида муросасиз бўлишини қаттиқ қоралайди.
Зеро, Аллоҳ таоло Каломи шарифида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара, 185).
Аллоҳ таоло барчамизни турли хил адашишликлардан сақлаб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Р, Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими