Мустақил мамлакатимизда бугунги кунда маънавий қадриятларимиз ҳамда миллий манфаатларимизга асосланган юксак тараққий этаётган замонага муносиб таълим тизимини яратиш, юксак маънавиятли, билим ва салоҳияти илғор, жисмонан бақувват ёш авлодни тарбиялаб, вояга етказиш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган.
Пайғамбаримизга нозил қилинган Қуръони каримнинг биринчи ояти каримасида ҳам “Ўқи” дея амр қилинган эди. Аллоҳ таоло яна хабар бериб шундай дейди: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, (Мужодала сураси, 11 оят).
Ҳадиси шарифлардан бирида пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бешикдан қабргача илм изла”, деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда эса: “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз”, деб таълим берганлар.
Дарҳақиқат, инсонларни дунё ҳаётию, охират диёрида қадри баланд, мартабаси улуғ, азизу мукаррам, ҳурматга сазовор қилгувчи нарса, албатта илм эканлигига ҳеч кандай шак - шубҳа йўқ. Зеро, инсон дунёда ҳам, охиратда ҳам, илм сабабли азиз бўлади.
Ҳозирги пайтда дунё ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм - фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса.
“Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир” ҳадиси шарифига амал қилинган юртимиздан довруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан дарғалари, атоқли имомлар етишиб чиқишди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва таммадунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган.
Илм олиш учун мана шундай улкан имкониятлар яратилган бир пайтда айниқса, ота - оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларни соғлом ва бақувват ўсиб - улғайишлари, илмли, маърифатли бўлишлари учун ғамхўр бўлишлари керак ва уларни бу йўлда доимо қўллаб – қувватлаб туришлари керак.
Кўпинча катталарнинг лоқайдлиги, калтабинлиги ва бепарволиги туфайли фарзандлар турли бўлмағур йўлларга кириб қолади, енгил - елпи яшашга ўрганади. Илмсизлик ва жаҳолат - инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боради. Дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт саодати ҳам илм, маърифат билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум.
Ҳазрати Али р. а. ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ўрганиш зарурлигига ишора қилиб: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, -деганлар. Инсоннинг келажакда етук ва баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб - ахлоқи ҳамда илм -маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб марҳамат қилганлар.
Али розияллоҳу анҳу илм фазилатини мақтаб шундай дедилар: “Эй Камил, илм сени қўриқлайди. Молни эса сен қўриқлайсан. Мол сарфлаш билан тугайди, илм эса сарфлаш билан кўпаяди”.
Фахр ва ифтихор билан айтиш мумкинки, халқимиз азалдан илм -маърифатга интилган, китоб ўқишга муҳаббатли бўлган ва фарзандларини доимо илмли – маърифатли, комил инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида бор куч ғайратини сафарбар этган!
Муҳаммади Қораев,
"Қумқишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби