1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Такфир” сўзи ва тушунчасининг нотўғри талқинига раддия

25-12-2021, 10:26 276 Ўқиш режими + -
“Такфир” араб тилидаги “куфр” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса ­икки хил маънода келади. Бири – динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган. 
Ислом тарихида, такфир тушунчаси халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган. 
Хорижийлар қурол ишлатиш орқали ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қўйган. Улар мусулмонларни ўлдиришликни ҳалол санайдилар. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблайдилар. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларни авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Таъкидлаш ўринлики, хорижийларнинг мазкур такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, халифа Алининг ҳам ҳаётларига тажовуз қилинган.
Ҳозирги кунда интернет тармоғида мусулмонларни кофирга чиқарадиган айрим кимсалар ўша хорижийларга ўхшайди. Улар ҳам мусулмонларга нисбатан такфир сўзини ишлатадилар. Ўзларининг такфир тушунчалари орқали тарғибот олиб бормоқдалар. Уларнинг такфир ҳақидаги тушунчалари нотўғридир. Ислом динида мусулмон мусулмонни ўзича кофир дейиши қораланади. 
Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабидан Қуръон ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан, “Нисо” 94-оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда, аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.
Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умардан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтди: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”. 
Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг видо ҳажларида айтган қуйидаги гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳаринигиз каби ҳурматлидир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”. 
Хулоса қилиб айтамизки, ҳар бир киши бошқа инсонларнинг айбини қидириш билан шуғулланишдан кўра, ўзининг айби-хато камчиликлари билан шуғулланса яхши бўлар эди. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилсин! 
 
Намоз Абдуллаев,
Косон туманидаги “Катта масжид” жоме масжиди имом-хатиби