Силаи раҳм-илоҳий ришта.
6200
27-12-2021, 07:45
257
Ўқиш режими
+
-
Албатта яқинликларнинг энг бебаҳоси, тоатларнинг улуғи, манзил жиҳатидан аълоси, дунёю охират учун энг манфаатлиси бу силаи раҳмдир.
Кишига силаи раҳм қилиши лоизм бўладиганлар ота онаси томондан бўлган барча қариндошлардир, эр-хотинга бир бирининг туғушганлари силаи раҳмга дохил бўмайди,
балки улар ҳурмат юзасидан бир бирларининг қариндошларига яхши муносабатда бўлишлари лозимдир.
Силаи раҳм арабча сўз бўлиб "сила" боғлаш "раҳм" эса аёлнинг бола шаклланадиган аъзосини (бачадон)англатади, тушунарли маноси эса қариндошлик алоқаларини боғлашдир.
Раҳмни Аллоҳ ўзининг Раҳмон сифатидан олиб номлагандир, бу ҳақда Абдурраҳмон ибн авф (Р А)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: Аллоҳ айтади "Мен Раҳмонман(ўта раҳм қилувчи) бу менинг сифатим, раҳмни мен яратдим ва унга ўз исмимдан олиб раҳм деб исм қўйдим бас ким силаи раҳм қилиб ўз қариндошлари билан алоқаларини боғласа, мен ҳам у билан ўз алоқамни боғлайман ва агар ким ана уша алоқаларни узса мен ҳам у билан алоқамни узаман".
Демак ким қариндошларидан алоқасини узса Аллоҳ ундан ўз раҳматини,шафқатини,мурувватини узади,ва ким ана уша алоқаларни мустаҳкамласа Аллоҳнинг алоқасига ва раҳматига сазовор бўлади.
Имоми Нававий айтадилар силаи раҳм қилиш тартиби қуйдагича: аввал она кейин ота, фарзандлар, боболар, момолар, опа-сингллар, ака-укалар, ва яқиндан яқинлар тартиб билан давом этади.
Жаъфар ибн ҳайёндан ривоят қилинади: Одамлар Ҳасани басрийдан сўрашди, силаи раҳмни ҳаққи қандай адо қилинади? ва у зот жавоб бердилар:" Ўзида бор нарсани қариндошларига бермай қўймаслик,ва қариндошларни ҳолдан хабар олмай қўймаслик" дедилар, яъни ким силаи раҳмни ҳаққини адо қилмоқчи бўлса, мазкур икки ишга риоя қилмоғи лозим экан, ўзида бор бўлган нарсалардан қариндошларига улашиб туриш ва ҳамиша уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш.
Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сувайд ибн Омирдан қилинган ривоятда шундай марҳамат қилганлар: "Сизлар қариндошлик алоқаларини салом билан бўлса ҳам ҳўллаб туринглар".
Малум бўладики, агар беришга ҳеч нарсаси бўлмаса Қариндошларнинг ҳолидан хабар олиб, улар билан салом алик қилиб турсин, шунда ўртадаги алоқалар сўнмайди, муҳаббат зиёда бўлади.
Баъзи ҳолатларда силаи раҳм бир томонлама бўлиб қолиб, бир қариндош иккинчисига қанча яхшилик қилиб алоқаларни боғласа ҳам, иккинчи қариндош жоҳиллик қилиб ундан юз ўгиради, хўш, бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак? Мажмаъ ибн Яҳёдан ривоят қилинади:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир киши сўради: "Эй Аллоҳнинг росули, қариндошларим мендан алоқаларини узиб, мендан юз ўгиришди, мен ҳам уларга яраша муомала қилайми? деди, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар сен ҳам улардан юз ўгирсанг Аллоҳ ҳар иккингизданҳам юз ўгиради, агар сен уларга ҳар қанай ҳолатда ҳам яхшилик қилиб алоқаларни узмасанг Аллоҳ ўзи томонидан сенга бир ёрдамчи бериб сени қўллайди" дедилар.
Жубайр ибн Мутъамдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: "Қариндошлик алоқаларини узгувчи жаннатга кирмайди".
Малум бўладики силаи раҳмни боғловчи раҳматга ноилдир, уни узгувчи эса жаннатдан маҳрумдир ва Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлади, бу ҳақда Аллоҳ ўз каломида шундай марҳамат қилади:" Эҳтимол, (иймондан)юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қариндошлик алоқаларини узарсиз?.
Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни кар қилди ва кўзларини кўр қилди".(Муҳаммад сураси 22-23 оятлар)
Яъни Аллоҳ бу оятлар орқали инсонларга ер юзида бузғинчилик қилиш ва қариндошлик алоқаларини узиш фақатгина иймонсиз ва жоҳиллардан содир бўладиган иш эканлигини эслатиб, уларнинг жазоси Аллоҳнинг лаънати ва қулоқлари ҳақни эшитмайдиган кар, кўзлари эса ҳидоят йўлини кўрмайдиган кўр бўлишини айтмоқда.
Шундай экан ҳар бир инсон силаи раҳм масаласига жиддий эътибор қаратмоғи, бу иш вожиб, лозим ва лобуд амал эканлигини тушуниб етмоғи ва қариндошлар билан моддий, маънавий ва ижтимоий алоқаларини асло узмаслиги керак.
Шерали Жумаев,
Касби туманидаги "Жўрахон эшон" жоме масжиди имом-хатиби