1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОТА-ОНАНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ

27-12-2021, 07:50 967 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!“ дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт“ (Исро сураси, 23-ОЯТ).
Мазкур оятда Аллоҳ таоло узига ибодат қилишга чақирган амридан кейинроқ ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу ҳол ўз навбатида Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини билдиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олишга тарғиб қилганлар. Жумладан:
яъни: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Амалларнинг қайси бири афзал?“, - деб сўрадим. “Вақтида ўқилган намоз“, дедилар. “Кейин нима?“, дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш“, - дедилар“ (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онадан етим қолган бўлсалар ҳам, эмизган оналарига нисбатан юксак ҳурмат намуналарини курсатганлар. Ибн Саъднинг “Табакот“ китобида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамизга уйланиб, Маккада яшаб турганларида ёнларига Ҳалимаи Саъдия келиб: “Қаҳатчилик туфайли ҳаёт кечириш жуда ҳам қийинлашиб кетди, Қурғоқчиликдан хайвонлар қирилиб кетмокда“ - деб айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамиз билан маслахатлашиб қирқта қуй ва битта туя берадилар.
Ҳатто бир куни Ҳалимаи Саъдия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига келганида ўринларидан туриб:“Онажон!, онажон!“, - деб ҳурмат ва муҳаббат кўрсатганлари, ридоларини ерга солиб унга ўтказганлари ҳам нақл қилинган. Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо Мадинадаги Бақиʼ қабристонига дафн қилинган. 
Муҳтарам ота-оналар фарзандлари камоли, уларнинг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сафарбар этишади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксиларини қалкон қилишади. Аммо айрим ёшларимиз ота-оналарига қўпол муомалада бўлиб, диларини ранжитиб, ўзининг ёмон хулқи билан эл орасида ота-онасини шарманда қиладиган, кексайган чоғларида эъзозлаб парваришлаш ўрнига, қаровсиз ташлаб қўядиган ёки қариялар уйига жўнатадиган нобакор фарзандлар ҳам учраб туриши сир эмас.
Доно халқимизда “Нимани эксанг, шуни ўрасан“, “Ота рози - Худо рози“ каби ажойиб ҳикматлар бор. Ҳар бир эркак ва аёл бу ҳикматлардан тўғри хулоса чикариб, ўзини ўнглаши, хато қилган бўлса, дарров ота-оналаридан узр сўраб, улар кўнглини топиши, дилларидан озорни кетказиш пайида бўлиши даркор!

Илхом Абдуллаев
Нишон тумани “Хазрати Усмон“ жоме масжиди имом хатиби