1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Зикрнинг фазилати

27-12-2021, 07:56 972 Ўқиш режими + -
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳни зикр қилмоқлик бу мўминниг вазифаларидандир. Зикр қилиб туришлик қалбни сокин қилади. Иймонли одам учун Аллоҳнинг зикри инсон қалбига иймон ҳаловатини беради. Агарда инсон иймон ҳаловатига эришса у бандада яратган роббисига нисбатан кучли ишонч пайдо бўлади. Бу ишонч бандани хар қандай ҳолатда ҳам; қувончли ёки қайғули кунида ҳам, оғир бир ташвишли кунида ҳам у банда ишонч билан яратган роббисига ишонади ва унга суянади. Албатта зикрдаги бу фазилат мўмин бандани Аллоҳ томон етаклайди. Агар банда умри давомида ношаръий ишлар билан машғул бўлар экан шу ишга ўрганади. Банданинг қалбида ибодат, зикрнинг ўрнини ўша номақул ишлар эгаллайди. Бу албатта инсоннинг зарарига бўлади. 
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман” (Бақара сураси, 152)
Собит Банноний (раҳимаҳуллоҳ) деди: “Мен роббимнинг қай вақтда мени эсга олишини биламан.” Ёнидагилар унинг бу сўзидан сесканиб: “Буни қаердан биласан?” дея сўрадилар. У дедики: “Мен У зотни эсладимми, У мени эслайди.”
Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз!” Бу оятдан маълум бўладики, биз бу хитобга жавоб беришлик учун албатта зикр қилишимиздир.
Бир куни Расулимиз саллолоҳу алйҳи васалламдан сўрашди: “Қайси амал фазилатлироқ? Дедиларки: тилингда Аллоҳни зикр этиб ўлишинг. Эрта билан тилингда Аллоҳни зикр қилиб турганинг, кечқурун тилингда Аллоҳни зикр этиб ётганинг. Агарда шундай қилсанг, кеча-ю кундузинг савобда ўтади, гуноҳ қилмайсан. Кеча кундуз Аллоҳни ёдга олмоқ жиход қилиб Аллоҳ йўлида қилич ўйнатганинг ва молингни садақа қилиб улашганингдан афзалроқдир.” дедилар. Иймонли банда Роббисини эслаб зикр қилиб турса фойдасиз амаллардан узоқ бўлади. У роббисининг азобидан қўрқади, раҳматини хис қилади.
Ривоят қилинадики: “Ҳар нафс ўлаётганда дунёдан ёрилар даражада чанқоқ холда айрилади, лекин Аллоҳни зикр этган нафс бундан мустаснодир”. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: “Жаннат аҳли дунёда Аллоҳни зикрисиз ўтказган бир соатига ҳам шу қадар ачинадиларки бошқа бирор нарсага шунчалик афсусланишларини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.” Инсонда шундай бир ҳислат борки қайси одатга одатланса шу одат билан яшайди. Бази бир солиҳ бандаларни Аллоҳни зикр қилиш одатига одатланганларидан улар ҳар қандай ҳолатда ҳам: тилларидан Субҳан Аллоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу Акбар зикрлари тушмайди, бирор нарсага тўқнашиб кетишса ҳам, қоқилиб тушишса ҳам.
Ҳикоя қилинишича биркуни Абу Хурайра розияллоҳу анҳу бозорга бориб: “Сизларни бу ерда кўрмоқдаман. Ҳолбуки масжидда Расулаллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мероси тақсим қилинмоқда” дейдилар бозорчиларга. Шунда халқ бозордаги ишини ташлаб, зудлик билан масжидга югуради, лекин у ерда ҳеч нарса бўлмаганини кўриб Абу Хурайрага: “Биз масжидда тақсим этилаётган меросни кўрмадик” дейишди. Абу Хурайра “Нимани кўрдингиз?” деб сўрайди одамлардан. Улар: “Аллоҳни зикр этаётган жамоани кўрдик” дейишди. Шунда Абу Хурайра: “Расулаллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг мероси мана шудир” деб жавоб бердилар.
Азизлар, Аллоҳнинг амрига қулоқ тутишлик, расулимиз саллоллоҳу алайҳи васалламга эргашишлик албатта биз бандалар учун шундайин бир фойдаки Аллоҳнинг ўзи мукофотлайди. Аллоҳни зикр этмасдан юришлик банда учун зарарлидир. Унинг неъматларга шукрона айтмаслиги мақтовга лойиқ зот фақат Аллоҳ эканини унутишлик қалб қорайишига олиб келади. Қалб қорайдими қанча гуноҳ ичида яшаса ҳам ўзига билинмайди. Улуғларимиз қалбни оқ матога ўҳшатишади. Аввалида оқ матога тушган илк доғлар кўриниб туради, секин аста кўпайган доғлар оқ матони қоплаб рангини ўзгартиради. Қалбнинг гуноҳлар билан қорайиши инсонни залолат ботқоғидан чиқишига халақит беради. Қалбнинг кўзи хақиқатни кўра олмайди. 
Азизлар, Аллонинг зикри билан қалбимиз ором олади. Калимаи тавҳидни айтиб юришлик, айтганда ҳам чуқур бир мулоҳаза билан айтишлик бандани фикрини тозалайди. Бу борлиқнинг эгаси якка-ю ягона эканлигини айтиб туруб, ундан хамма нарсани умид қилади. Бу албатта қалбнинг ором олишидир. Чунки нажоткор Аллоҳ. У бой, у раҳмли, у мағфиратлидир. Аллоҳ бандаси учун жаннатларни безаб қўйибти, у ерда абадул абад роҳатда бўлади.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Роббисини зикр қиладиган киши билан роббисини зикр қилмайдиган киши бамисоли тирик ва ўлик киши кабидир” Аллоҳ таоло зикр қилувчи зокир бандаларга Аллоҳнниг раҳмати, файзи, сакинаси ёғилади. Шу боис улар ростдан тирик кишилардир. Аллоҳ таолони зикр қилмайдиган ғофиллар эса улар ҳам тирик одамлар бўлсаларда юқоридаги неъматлардан мосуво бўлганлари учун бошқаларнинг дуоларига муҳтож бўлиб ётган қабристондаги ўлик кишиларга ўҳшайдилар. Ушбу ҳадиси шарифда келган ҳақиқат Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган: 
“Ўлик бўлган одамни тирилтириб қўймадикми?!” 
Яъни залолат ва куфрда бамисоли ўлик бўлган кофирни иймон ва исломга хидоят қилиш билан тирилтириб қўймадикми деган. 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ Азза ва Жалла Мен бандам билан биргаман, қачон у Мени зикр қилса ва икки лаби зикримда қимирласа”, деган”, дедилар (Ибн Можа ривоят қилдилар)
Банда ўзи истаган пайтда Аллоҳ таоло билан бирга бўлиши мумкин фақат унинг учун Аллоҳни зикр қилса бўлди. Ёки унинг икки лаби Аллоҳнинг зикрида қимирлаши керак. Зикрни ошкора ёки махфий бўладими фарқи йўқ, зикр қилса бўлди. Аллоҳ у билан ўша захоти бирга бўлади. Аслида Аллоҳ таоло ҳамма билан доимо бирга бўлади. Бандага унинг жон томиридан ҳам кўра яқин бўлади. Лекин мазкур ҳадисда айтилганидек хос бирга бўлмайди. Чунки савоблар берилишига, гуноҳлар кечирилишига, мартабалар ошиб, дуолар ижобат бўлишига сабаб бўлувчи ушбу хос яқинлик учун банда Аллоҳ таолони зикр қилиши керак. Ана ўшандагина Аллоҳ у билан хос бирга бўлади. 
Аллоҳ таоло қалбимизни ўзининг зикрлари билан мунаввар қилсин.
 Амин я Роббал аламийн.
Сапаров Санжар
Шаҳрисабз тумани “Қори Бадал” жоме масжиди-имоми