1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ЖАМИЯТ ФАРОВОНЛИГИ (1-қисм)

5-01-2022, 09:16 319 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло ўзининг комил ҳикмати билан инсон зотини жуфт қилиб яратди. Уларнинг ўртасига улфатчилик ва муҳаббат солиб, оила бўлиб яшашга рағбат пайдо қилади. Инсоният яратилгандан бери Аллоҳ таоло уларни ҳалол йўл билан насл қолдириш, ерда ҳаётни давом эттиришга тарғиб қилади. Ҳозиргача ўтган барча илоҳий шариатларда, жумладан Ислом шариатида ҳам оила қуриш учун никоҳ жорий қилиниб, зино ҳаром қилинган.
Аллоҳ таолонинг бандаларига марҳамати чексиз ва У Зотнинг неъматлари сон-саноқсиздир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:
 وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَحِيمٌ
яъни: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси 18-оят).
Оила қуриб яшаш ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан биридир. Қуръони каримда Одам алайҳиссаломнинг ўзидан унга жуфт яратилгани Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан деб саналади:
 وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси 21-оят).
Аллоҳ таолонинг инояти билан, агар муносабатлар тўғри йўлга қўйилса, эр-хотин ўртасидаги ришта энг мустаҳкам алоқа бўлади.
Қуръони каримда эр-хотин ўртасидаги гўзал муносабатни шундай тасвирланади:
 هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ
яъни: “Улар сизлар учун  – либос, сизлар – улар учун либосдирсиз” (Бақара сураси 187-оят).
Бошқа ояти каримада оиласиз эркак ва аёлларнинг валий (яқин)ларига уларни уйлаб қўйиш буюрилади:
 وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси 32-оят).
Оила қуриб яшаш – пайғамбарларнинг суннатидир. Жумладан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бизни никоҳланиб яшашга буюрганлар. 

(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа маъизасидан олинди