1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ЖАМИЯТ ФАРОВОНЛИГИ (2-қисм)

6-01-2022, 16:43 149 Ўқиш режими + -
Оила қуриб яшаш – пайғамбарларнинг суннатидир. Жумладан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бизни никоҳланиб яшашга буюрганлар. Мазҳабимизга кўра мўътадил ҳолатда никоҳланиш – суннатдир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:
﴾ النِّكَاحُ من سُنَّتِي فمَنْ لمْ يَعْمَلْ بِسُنَّتِي فَليسَ مِنِّي ، و تَزَوَّجُوا ؛ فإني مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ ، و مَنْ كان ذَا طَوْلٍ فَلْيَنْكِحْ  و مَنْ لمْ يَجِدْ فَعليهِ بِالصِّيامِ، فإنَّ الصَّوْمَ لهُ وِجَاءٌ ﴿
яъни: “Никоҳ – менинг суннатимдир, ким суннатимга амал қилмаса, мендан эмас. Уйланинглар, мен умматлар олдида сизларнинг кўпликларингиз билан фахрланаман. Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким оила боқишга қодир бўлса, уйлансин. Ким нафақага қодир бўлмаса, рўза тутишни лозим тутсин. Чунки у шаҳватни жиловлашдир” (Имом Ибн Можа Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳланиш ҳар икки томонга неъмат эканини баён қилиб айтадилар:
﴾ مَن رَزَقَهُ اللَّهُ امرَأَةً صَالِحَةً فَقَد أَعَانَهُ عَلَى شَطرِ دِينِهِ، فَليَتَّقِ اللَّهَ فِي الشَّطرِ الثَّانِي ﴿
(أخرجه الامام الحاكم عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Кимга Аллоҳ таоло солиҳ аёл насиб қилган бўлса, унга динини ярмида ёрдам қилибди, иккинчи ярмида Аллоҳ таолодан тақво қилсин!” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоят қилишган).
Солиҳа аёл –болаларининг тарбияси, эрнинг ибодати ва бошқа ишларда жуфтига энг яхши кўмакчидир.
Ҳанафий мазҳабимизда никоҳланиш – ибодат учун узлатга чекинишдан афзалдир.
Албатта, оила ўзаро ҳурмат ва муҳаббат устига қурилади. Шунда эр-хотин яхши ва ёмон кунларда бир-бирига суянчиқ, ҳамдард ва ёрдамчи бўла олади. Агар оилалар аввалдан никоҳ орқасидан бойликка, обрўга эга бўлиш ва ҳоказо ғаразли мақсадлар билан қурилса, узоққа бормаслиги аниқ.
Катта орзу ҳаваслар билан никоҳланган ёшларнинг ўрталарига бироз вақт ўтгач, тушунмовчилик ҳам бўлиб туради. Аллоҳ таоло бундай кишиларга танбеҳ бериб шундай дейди:
 وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۚ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
яъни: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).
Аллоҳ таоло аёлларга чиройли муомала қилишга буюрмоқда. Фаҳшга юрмаган, итоатсизлик қилмаган аёлини бирор сабаб: (хунуклик, ёмон хулқлилик) туфайли хуш кўрмаган эркакларга ояти каримада сабрли бўлиш тавсия қилинмоқда. Шоядки Аллоҳ бу оила риштаси орқали уларга яхшиликлар, хусусан солиҳ фарзандлар ато этса. Бу борада Пайғамбаримиз алаҳиссалом шундай дейдилар:
 لا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقاً رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ ﴾  (رواه الامام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه) ﴿
яъни: “Мўмин мўминани ёмон кўрмасин, агар унинг бир хулқини хуш кўрмаса, бошқасидан рози бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳақиқатан ҳам мукаммал эр ёки мукаммал хотинни топиш амри маҳол иш. Чунки ҳаммада ҳам озми-кўпми камчилик бўлади. Беайб Парвардигор! Эр аёлининг мана шундай камчиликларини унинг яхшиликлари эвазига кечириши, баъзиларидан кўз юмиши лозимдир.
Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд илм ва диёнатда юқори мартабали киши эдилар. У зотнинг ёмон хулқли жуфти бўлиб, ҳақ ҳуқуқларга риоя қилмас, шайхга тили билан азият берарди. У зотни бундай хотинга сабри учун одамлар маломат қилишарди. У киши: “Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло менга саломатлик, илм ва мулк неъматларини комил қилиб берган. Балки у бир гуноҳим сабабли менга насиб қилгандир, ундан ажрашсам, янада каттароқ синов келишидан қўрқаман”, –деганлар (Тафсири Табарий китобидан).
Оила мустаҳкам бўлишининг энг муҳим асоси – эр-хотин ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя қилишларидир. Эрнинг оиладаги вазифалари ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўралганда шундай дейдилар:
﴾ أن تُطْعِمَها إذا طَعِمْتَ ، وتَكْسُوها إذا اِكتسَيتَ ، ولا تَضْرِبِ الوَجْهَ ، ولاَ تُقَبِّحْ ﴿
(رواه الامام أبو داود عن حكيم بن معاوية رضي الله عنه)
яъни: “Ўзингиз таомлансангиз, уни ҳам таомлантирасиз, кийинсангиз, кийинтирасиз, юзга урманг! Ҳақорат қилманг!” (Имом Абу Довуд ривоят қилганлар).
Буюк саҳоба Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Аёлим мен учун безангани каби, мен ҳам у учун кўркам бўлишни хуш кўраман”.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан алайҳиссалом рисоладаги келин ҳақида эса шундай деганлар:
 إِذَا صَلَّتْ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا وَصَامَتْ شَهْرَهَا وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا قِيلَ لَهَا ادْخُلِي الْجَنَّةَ مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتَ﴾ (رواه الامام ابن حبان عن أبي هريرة رضي الله عنه) ﴿
яъни: “Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, авратини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, у аёлга: “Жаннатга хоҳлаган эшигидан кир!”, – дейилади” (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари).

(Давоми бор) 
ЎМИнинг жумъа маъизасидан олинди