Сохта салафийларнинг “шаҳидлик”тушунчасига раддия
6248
7-01-2022, 12:15
241
Ўқиш режими
+
-
Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” лафзи умумий лафзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳид турлари. Уламолар уни ҳақиқий ва ҳукмий шаҳидга ажратган.
“Ҳақиқий шаҳид”Аллоҳ йўлида ҳалок бўлиб, унга кўра, бу шахс қабр азобидан омонда бўлиб, жаннатга тушиши кафолатланган, шунинг учун ҳам у дафн этишидан олдин ювилмайди. Ушбу тоифадаги шахснинг ҳаётлик вақтидаги қилган барча гуноҳлари кечирилади, жаннатда Аллоҳ ҳузурида баланд мартабага эришади.
“Ҳукмий шаҳид” эса ҳадисларда таъкидланишича, ғайритабиий ўлим топган (инсон, ҳайвон томонидан ўлдирилган, табиий офат, оғир юқумли ва ички касалликлар, захарланиш ёки ҳаж вақтида вафот этган, сувда чўккан, том босган ва бошқ.) барча кишилардир.
Ҳанафий уламолар боғий, йўлтўсар ёки қотиллар томонидан бирор оғир ёки тиғли асбоб билан ўлдирилган мусулмонларни ҳам унинг таркибига киритганлар.
Шунингдек, мусулмон шахс ўлдирилишига кўра, дунё шаҳидлиги, охират шаҳидлиги, дунё ва охират шаҳидлигига ажратилади.
Дунё шаҳидлиги – инсоннинг дунёвий мақсади (обрўси ёки ном қолдириш каби шон-шараф) йўлида жанг қилиб, ҳалок бўлиши тушунилади. Бундай одам ҳақиқий маънодаги шаҳид бўлмайди, балки риёкор мунофиқ ҳисобланади. Баъзан унга нисбатан юзаки хукмда шаҳидлик муомаласи қилинса-да, аслида нияти сабабли иқоб қилинади.
Охират шаҳидлиги – ҳақиқий маънодаги шаҳидлик бўлмай, балки чўкиш, куйиш каби ҳадисларда баён этилган ҳолатларда ҳалок бўлишдир. Баъзи фақиҳлар ушбу ҳолатларни 25 та, баъзилари эса 30 та эканини таъкидлашган. Бироқ бундай ҳолатларда ҳалок бўлганларнинг барчаси оддий ҳалок бўлганлар каби ювилади, кафанланади ва жаноза ўқилиб, дафн қилинади. Дунё ва охират шаҳидлиги – душман билан бўлган жангда ватани, эътиқоди, миллати ва аҳли оиласининг ҳимояси учун ҳалок бўлган шахслар киритилган. Бунда дунёвий мақсадлар ният қилинмаган ва холис Аллоҳ учун амалга оширилган бўлиши лозим.
Шаҳидлик ҳукмлари ва унинг мазмун-моҳияти. Юқорида таъкидланганидек, шаҳид – бир шахс томонидан ўлдирилган мусулмонга нисбатан ишлатилади. Кишининг ўзини-ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон қилинса-да, барча ўринларда шаҳидлик ҳисобланмай “ўз жонига суиқасд” қилиш деб баҳоланади. Шариат нуқтаи-назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланиб, Парвардигор томонидан берилган ҳаётга тажовуз қилишдек гуноҳи кабира ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони карим “Нисо” сурасининг 93-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”. Ҳадиси шарифда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўзини тоғдан ташласа ва ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Кимки заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичиб абадий, доимий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига уриб абадий, доимий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳозирда “ўз-ўзини ўлдириш” тушунчаси шаҳидлик билан баъзи гуруҳ ёки шахслар томонидан қориштирилган ҳолда талқин қилинмоқда. Аслида бу ҳаракатлар ҳам шахснинг ўз ҳаётига тажовуз қилиши бўлиб Қуръон ва Суннага кўра ўз жонига суиқасд қилиш ҳисобланади. Мазкур “кучлар” томонидан ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далиллар ислом уламолари томонидан қораланган ва асоссиз деб топилган. Масалан, улар саҳоба Барро ибн Молик розияллоҳу анҳу бани Ҳанифа ғазотида қамал қилинган қалъада “Мени кўтариб ичкарига отинглар, эшикни очаман”, – дея саҳобаларга айтган сўзларини ҳужжат сифатида келтиришади. Барро ибн Моликнинг бу танлаган йўли хатарли иш бўлиб, унинг омон қолишига бўлган ишончи ҳеч бўлмаганда юздан эллик фоиз бўлган. Аммо ўзига портловчи мослама ўрнатган кимсанинг мингдан бир фоиз ҳам тирик қолишининг эҳтимол йўқ. Буларни бир-бирига қиёслаб бўлмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳ анҳу айтадиларки: Биз Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга Ҳайбар ғазотида қатнашдик. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида бўлган бир шахсга: “У дўзах аҳлидан”, – дедилар. Уруш бошлангач, ўша одам қаттиқ жанг қилганидан жароҳатлари кўпайиб кетди. Баъзи инсонлар иккиланиб қолишди. Ўзига етган жароҳатларнинг аламига чидай олмасдан ўқдонига қўлини чўзиб ундан бир неча ўқларни чиқарди ва ўзини-ўзи ўлдирди. Бу ҳолат мусулмонлардан бўлган бир неча кишига қаттиқ ботди. Сўнгра улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг гапингизни тасдиқлади. Фалончи ўзини-ўзи ўлдирди”, – дейишди.
Қадимги фақиҳлар азобланиш ёки асирга тушишликдан қутулиш учун ўзини-ўзи ўлдиришлик ҳаромлиги ҳақида иттифоқ қилишган.
Ибн Хазм айтадилар: “Фуқаҳолар шахсни ўзини-ўзи ўлдириши, аъзоларидан бирортасини кесиши, айниқса, кесса оғриғи ҳаёт учун жуда ҳам хавфли бўладиган аъзосини кесиб даволамасдан ўзини-ўзи қийнаши ҳалол эмаслигига иттифоқ қилишган”.
Имом Қуртубий Қуръони карим “Нисо”сурасидаги: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!”, – ҳақида фикр билдириб, унда инсонлар бир-бирларини ўлдиришликлардан қайтарилган бўлса ҳам, шахснинг ўз жонига қасд қилишини ўз ичига олади”, – дейди.
Бугунги кунда мавжуд замонавий фатволарда ҳам “Нисо” сурасининг мазкур 29-ояти асос қилиниб ўзи ёки бошқа шахсни ўлдиришлик исломда қатъий ман этилгани таъкидланади. Унга кўра бир кимса душман ичида ўзини портлатса, биринчи навбатда, ўзи ўлади, қилган иши очиқдан-очиқ ўзини ўлдиришлик ҳисобланади. Қолаверса, бегуноҳ инсонлар қони тўкилади.